Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истанбулда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
16:37 / 2024-07-25

Куни кеча Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намойиш этишга бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди.

«Rocket DMC Uzbekistan» компанияси томонидан Туркия саёҳат агентликлари ассоциацияси (TÜRSAB) кўмагида ташкил этилган тақдимотда 60 дан ортиқ турк туристик агентлик ва 10 та ОАВ вакиллари иштирок этди.

«Rocket DMC Uzbekistan» компанияси матбуот хизматига кўра, «TÜRSAB» ассоциацияси биносида ўзбекона тавозе, меҳмондўст халқимизнинг бетакрор анъаналари, оҳанграбо гўзал санъатимиз ҳамда миллий ошхонамиз таомларию, қуёшли ўлкамизнинг мазали егуликлари намойиш этилди.  

[gallery-18411]

Шунингдек, тадбирда асосий эътибор «Rocket DMC Uzbekistan» компаниясининг тур-пакетлари ҳақида маълумотлар тақдимотига қаратилди. Унда Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг афзалликлари ва туристлар учун яратилаётган шароитлар тўғрисида атрофлича тушунтириб берилди. Бутун дунё сайёҳлари учун севимли масканга айланиб улгурган «Silk Road Samarkand» туристик маркази билан ҳам таништирилди. Бундан ташқари, туристларга парвозлар ва аэропорт хизматларини кўрсатувчи «Air Samarkand» ва «Air Marakanda» компанияларининг жозибадор таклифлари ҳақида ҳам сўз борди.  

– Тақдимотни ўтказишдан мақсад компаниямиз ва мамлакатимиз туристик имкониятларини турк ҳамкасбларимизга кенгроқ кўрсатиб беришдир. Юзма-юз учрашувларимиздан кейин Ўзбекистонга турк туристлари сони янада кўпаяди, деб умид қиламиз. Биз «Air Samarkand» компанияси базасида икки-уч хил хизматларимизни таклиф қилмоқчимиз, бу эса Истанбул – Самарқанд парвоз йўналишининг янада оммалашишига имкон яратади. Учрашувларимиз анча фойдали ўтди, хусусан, турк ҳамкасбларимиз бизларга зиёрат туризми бўйича ҳам дастур тайёрлаш учун бир нечта таклифлар берди, – деди «Rocket DMC Uzbekistan» бош директори Нигина Мухторова.  

Тақдимот якунида томонлар ўртасида B2B форматдаги учрашувлар ўтказилиб, келгуси ҳамкорлик режалари белгилаб олинди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА