“Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳасининг Ўзбекистондаги вакиллари Марказий Осиёда қурғоқчиликка қарши комплекс курашишни режалаштириш бўйича семинарда иштирок этди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО томонидан Глобал экологик жамғарма молиявий кўмагида амалга оширилаётган “CACILM-2” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда Европа комиссияси Бирлашган тадқиқот маркази ва бошқа халқаро ташкилотлар мутахассислари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларидан келган етакчи олимлар иштирок этди.
Уч кун давом этган олти сессия доирасида қурғоқчилик хавфини баҳолашнинг янги концепцияси ва усуллари, сув мониторинги тизими, қурғоқчиликка қарши курашда заифлик ва таъсирни баҳолаш бўйича жаҳон амалиётидан фойдаланиш, қурғоқчиликни комплекс бошқаришда гендер тенглик каби муҳим масалалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Қайд этилишича, 2000-2016 йиллар Марказий Осиёда қурғоқчилик туфайли иқтисодий йўқотиш 2 миллиард доллардан ошди. Ҳукуматлараро комиссия маълумотига кўра, иқлим ўзгариши аллақачон қурғоқчиликнинг тезлиги, интенсивлиги ва давомийлигини ошириб, кўплаб тармоқлар, жумладан озиқ-овқат ва энергия ишлаб чиқаришга жиддий таъсир кўрсатяпти.
– Дунёга машҳур олимлар томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатадики, яқин келажакда мазкур соҳадаги ҳаракатсизлик баҳоси бугунги ҳаракат даражасидан 10 баробар юқори бўлади, яъни ландшафтни тиклаш ва қурғоқчилик хавфини бошқариш дастурларига бугун сарфланган бир доллар келажакда 10 долларни тежайди, – деди “CACILM-2” лойиҳаси минтақавий мувофиқлаштирувчиси Маҳмуд Шоумаров.
Семинарда қайд этилганидек, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси қурғоқчиликка қарши кураш ташаббусини йўлга қўйди ва айни йўналишда миллий режа ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли дастурни бошлаб берди. Ўзбекистон делегацияси олган билим ва тажриба мамлакатда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш чораларини янгича назар билан ишлаб чиқишга хизмат қилади.
– Семинар қурғоқчиликни бошқаришни комплекс режалаштиришнинг ўзига хос хусусиятларини яхшироқ тушунишга ёрдам беради, – деди “CACILM-2” лойиҳасининг юртимиздаги миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. – Мамлакатлар ва техник ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш, ўқитиш имконини тақдим қилган бу майдонда қурғоқчиликни бошқаришга замонавий ёндашув ҳақида умумий маълумот берилди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма ҳаракатни кучайтириш иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, шунингдек, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда жуда муҳим.
Мазкур ғоянинг асосий мақсади қурғоқчилик ва шўрланиш шароитида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш, табиий ресурслардан, биринчи навбатда, сув ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратишдир. Лойиҳа БМТ Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси ва Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий Конвенциясини амалга оширишга катта ҳисса қўшмоқда.
Лойиҳа доирасида мутахассислар шўрланиш жараёнини бошқариш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқмоқда. ФАО томонидан замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, иссиқхона ва бошқа даромад олиш воситалари маҳаллий деҳқон, фермерларга топшириляпти.
Б.Худойбердиев,
ЎзА