Сурхондарё – йилнинг барча фаслида ҳам сархил озиқ-овқат маҳсулоти етиштириш учун қулай шароитга эга ҳудуд. Об-ҳавоси мўътадил, тупроғи унумдор воҳа. Соҳибкорлари иссиқхоналар барпо этиб, куз-қиш мавсумида ҳам турли маҳсулот етиштиришда бой тажрибага эга.
Мамлакатимизда иссиқхоначиликни йўлга қўйиб, ўз бизнесини юритмоқчи бўлган тадбиркорларнинг ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётгани бозорларимизни қишин-ёзин сархил мева-сабзавот билан таъминлаб, нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Дунёда табиий озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда юртимизда шу турдаги маҳсулотлар хавфсизлиги таъминлаётир.
Бироқ куз ва қишда зироат етиштиришнинг меҳнати енгил эмас. Ўзига яраша хайрли юмушлари бор. Мўлжалдаги ҳосилни олиш учун иссиқхонада тер тўкиб ишлаш, ҳар бир ўсимликни меҳр билан парвариш қилиш, совуқ кунларда меъёрида иситиш лозим. Қишу ёзда дастурхонимизни безаб турадиган брокколи, қизил райҳон ва бошқа кўкатлар, помидор, бодринг, булғор қалампири, карам сингари сервитамин озиқ-овқат маҳсулотларни соҳибкорлар бетиним меҳнат эвазига етиштиради. Иссиқхона хўжалиги учун қиш об-ҳавоси илиқ келса, ташвиш ҳам камроқ бўлади. Акси бўлса, зироатларни совуқдан асраш учун, айниқса, йирик иссиқхоналарда ёқилғи сарфи ошади. Бу паллада иссиқхонани совуқдан асраб қолиш учун электр энергиясидан фойдаланишга ёки табиий газни кўпроқ ёқишга тўғри келади.
Маълумотларга кўра, вилоятда йирик иссиқхона барпо этган 16 тадбиркорлик субъекти табиий газдан фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтган. Айни пайтда уларнинг 5 таси “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали билан тузилган шартнома асосида босқичма-босқич автоматлаштирилган газ ҳисоблаш ускунасидан фойдаланиш тизимига ўтказилмоқда. Бу тизим истеъмол қилинган газ ресурсларининг аниқ ҳисоб-китобини юритиб, дебиторлик масалаларига чек қўяди. Бунинг учун истеъмолчи фойдаланадиган газ ресурсига тўловни олдиндан амалга оширади. Натижада ортиқча йўқотишлар барҳам топади. Иккинчидан, янги тартиб иссиқхона бунёд этган тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз табиий газдан фойдаланиши учун қулайлик яратиб, таъминотчи корхонанинг инсон омилисиз ёқилғи етказиб беришида аниқ ҳисоб-китобга эга бўлиши имконини беради.
Масалан, Термиз туманидаги “Голд агро Фреш” масъулияти чекланган жамияти 100 гектар майдондаги иссиқхонада помидор ва бодринг етиштирмоқда. Иссиқхона бир ойда ўртача 2 миллион метр - куб табиий газ ёқади. Тадбиркор дебитор қарздорлик тўлиқ бартараф этилгач, имтиёздан фойдаланиб, замонавий иситиш қозонхоналари ва тежамкор ёндиргичлар, автоматлаштирилган газ ҳисоблаш ускунасидан фойдаланишни бошлади.
Газчилар замонавий иссиқхонада бўлиб, газ тақсимловчи ускуналарни кўздан кечирди. Табиий ёқилғидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди Иссиқхона раҳбарлари ва мутахассислар билан суҳбатлашиб, ўзларининг таклиф ва тавсияларини берди.
– Илгари газдан фойдаланишда бироз муаммо мавжуд эди. Қарздорлигимиз ортиб кетиб, тармоқдан узиб қўйилганида кўмирдан фойдаланиб, меҳнат қилган пайтларимиз бўлди, – дейди “Голд агро Фреш” масъулияти чекланган жамияти ўринбосари Мурод Очилов. – Энди биляпмизки, табиий газ учун тўловни ўз вақтида амалга ошириб, ёқилғидан тежаб фойдаланилса, муаммо ўз-ўзидан ечим топар экан. Биз замонавий иситиш қозонхоналари ва тежамкор ёндиргичлар, автоматлаштирилган газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиб, ёқилғи муаммосини ҳал этгач, қишнинг совуқ кунларида ҳам бир меъёрда ёқилғи билан таъминланишимизни ҳис этдик.
Йирик иссиқхоналарнинг замонавий ускуналар билан жиҳозланиши газ ресурсларидан тежаб фойдаланиш ва исрофгарчиликнинг олдини олишга хизмат қилади. Бироқ қишли-қировли кунда тармоқда кутилмаган авария ҳолатлари юз берса, газчилар қандай йўл тутади?
– Ҳисоб-китобларимизга кўра, мазкур иссиқхонада етиштирилаётган помидор, бодрингнинг сифатли пишиб етилиши учун об-ҳавонинг иссиқ ёки совишига қараб, бир миллион куб-метрдан уч миллион куб-метргача табиий газ сарфланади, – дейди “Термизтумангаз” газ таъминот бўлими муҳандиси Шерзод Чоршанбиев. –Кутилмаган ҳолатларнинг олдини олиш ёки уни тезкор бартараф этиш учун мавжуд иссиқхоналар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Қишнинг совуқ кунларида кутилмаган узилиш бўлиб қолса, бу ҳолат зудлик билан бартараф этилади. Мавсумда газ таъминоти билан боғлиқ муаммо бўлмайди.“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали мутасаддиларининг айтишича, воҳанинг Шеробод, Музработ, Денов, Сариосиё, Олтинсой каби туманларида бодринг, помидор, булғор қалампири ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари парваришланаётган йирик иссиқхоналарни ҳам куз-қиш мавсумида етарли табиий газ билан таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Дунёда табиий ресурслардан фойдаланишга эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда уларни тежаб ишлатиш, табиий газдан оқилона фойдаланиш долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Бу жараёнда газчилар тадбиркорлик субъектларига тежамкор ва замонавий қозонхоналарни ўрнатишни, онлайн режимда ишлайдиган автоматлаштирилган тизимдан фойдаланишни тавсия этмоқда. Бу ускуналар фақат табиий газни тежаб қолмай, балки йирик иссиқхоналарда қиш фаслида ҳам ёздагидек иссиқ ҳарорат бўлишини кафолатлайди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири