Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иссиқхоналар кўпайиб, аҳоли даромади ошмоқда
15:24 / 2024-12-10

Қарор ва ижро

Оқолтин туманининг Найман қишлоғида яшовчи Ўткир Яхшилиқов бундан бир йил муқаддам ўзига тегишли томорқанинг 5 сотихига иссиқхона қуриб, унга помидор ва булғор қалампири экканди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Олган соф фойдаси ҳисобига иссиқхона хўжалигини 15 сотихга кенгайтирди.

Сирдарёда Ўткир Яхшилиқов сингари омилкорлик билан иш кўрадиган, катта бўлмаса-да мўъжазгина ер майдонидан самарали фойдаланаётган, иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, ундан юқори ҳосил олиб, бозорларнинг тўкинлигига, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганлар сони тобора ортиб бормоқда.

– Бежизга ерни ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи деб айтишмас экан. Гектар-гектар майдондамас, 5- 6 сотихли томорқада иссиқхона қуриб, унга турли сабзавот ва кўкатларни экиб, юқори ҳосил олса бўларкан, –дейди Ўткир Яхшиликов. – Буни ўз тажрибамда синаб кўриб, яна бир бор амин бўлдим.

У бу йил биринчи экин сифатида эккан помидорнинг сотувидан тушган пул маблағи ҳисобидан уй таъмирлаган бўлсак, иккинчи экин сифатида эккан " “Aida” навли булғор қалампиридан кутилгандан-да кўпроқ ҳосил олишни режа қилиб турибди.

–Шу кунгача  килосини 20 минг сўмдан 16-17 тонна булғор қалампир сотган бўлсак, мавсум охиригача яна шунча маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб бераман. Шунга яраша ҳосилимиз мўл. Олган даромадим ҳисобидан яна иссиқхона қураман,–дейди у.

Ўткир ва унинг оила аъзолари томонидан мўъжазгина ерда етиштирилиб, истеъмолчиларга етказиб берилаётган маҳсулот ҳисобига оиланинг фаровонлиги, дастурхонининг тўкинлиги ортди. Қолаверса, унинг оила аъзолари ҳам ишли, ҳам даромадли бўлишди.

Бундай фаолият тури билан шуғулланадиганлар сони Оқолтинда бундан ўн йиллар муқаддам бармоқ билан санарли эди, бугун улар сонини санашга, иссиқхона усулида етиштирилаётган ҳосилдан олинаётган даромадини ҳисоблашга бармоқлар етмай қоляпти.  

Юртимизда етиштирилаётган ҳар қандай қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, хоҳ у очиқ далада, хоҳ у иссиқхона шароитида бўлсин, таъми ва витаминларга бойлиги, қуёш нурига тўйинганлиги билан кўпгина давлатлардаги шу турдаги маҳсулотлардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам харидоргир. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўпайишига, экспорт имкониятининг ортишига хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 ноябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафақат Сирдарёда, балки мамлакатимизнинг  бошқа ҳудудларида ҳам иссиқхоналар сонининг сезиларли даражада ошишига, аҳолининг даромади  ортишига, ишсиз аҳолининг ишли бўлишига хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири