АОКАда ўтказилган брифингда Давлат экологик экспертизаси маркази ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Акрамова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, иссиқхоналар фаолиятини ташкил этишда Давлат экологик экспертизасининг хулосасини олиш учун буюртмачилар томонидан тегишли рухсат этувчи ҳужжатлар тақдим этилиши шарт бўлади.
Қонунчиликка асосан табиий газ, кўмир ва бошқа ёнилғи турлари орқали иситиш тизимига эга бўлган иссиқхоналар атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб фаолият турлари ҳисобланиб, давлат экологик экспертизаси объекти сифатида давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши мажбурий ҳисобланади. Шахсий ёрдамчи хўжаликлардаги мавжуд иссиқхоналар бундан мустасно.
Иссиқхоналар фаолиятини ташкил этишда Давлат экологик экспертизасининг хулосасини олиш учун буюртмачилар томонидан айрим рухсат этувчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.

Шунингдек, иссиқхоналар фаолиятида иссиқхоналарда экилган экинларни суғориш ва техник заруриятлар учун ичимлик сув тармоғидан фойдаланиш, иссиқхона оқава сувларини зарур меъёрий талаблар кўрсаткичлари даражасигача тозаламасдан, зарарсизлантирмасдан, канализация тармоғи ҳамда очиқ сув ҳавзаларига, ирригация тармоқларига ва ер рельефга ташлаш, резина қолдиқлари ва бошқа таркибида заҳарли бўлган чиқиндилар ҳамда ёнилғи турларидан ёқилғи сифатида фойдаланиш, самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмалар билан жиҳозламасдан иссиқхона қозонларидан фойдаланиш ҳамда кўмир ва кулни сақлаш бинолари ташкил этмасдан очиқ ҳолда сақлаш қатъиян ман этилади.
Иссиқхоналар фаолияти учун Давлат экологик экспертизаси хулосасида айрим талаблар белгилаб қўйилган.
Қаттиқ ва суюқ ёқилғидан фойдаланадиган иссиқхоналарда самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмаларни ўрнатиш, сув тежовчи, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, экологик хавфсиз ускуналардан фойдаланиш, иссиқхона фаолияти натижасида ҳосил бўлиши мумкин бўлган иссиқхона газларини ва углерод нейтраллигини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, фаолият давомида ҳосил бўладиган чиқиндиларни саралаш ва уларни биринчи навбатда қайта ишлашга ёки утилизацияга топшириш чораларини кўриш, кулни вақтинча сақлаш учун ёпиқ омборлар ташкил этиш ва ўз вақтида утилизацияга топшириш, ҳудудининг санитария ҳолатини мунтазам назорат қилиш, бириктирилган ҳудудни озода сақлаш, ўсимлик дунёсига зарар етказмаслик, дарахтларнинг ноқонуний кесилишига йўл қўймаслик талаб этилади.
Бундан ташқари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида дарахт ва буталар экиш, корхонанинг хавфсиз ишлаши бўйича технологик кўрсатмалар талабларини бажариш, ходимлар учун хавфсиз шароитларни яратиб бериш, ходимлар ва аҳолига зарарли таъсирининг олдини олиш бўйича самарали чораларни кўриш, саноат ва ёрдамчи ускуналар, аппаратура, коммуникация ва вентиляция мосламларини соз ҳолда тутиш, мунтазам равишда техник хизмат кўригидан ўтказиш ишларини доимий равишда амалга ошириш лозим. Фаолиятни амалга оширишда ёнғинлар ва авариялар содир бўлиши эҳтимолини истисно этадиган шароитларни таъминлаш, ишчи -ходимларнинг ёнғин ва техника хавфсизлигига ўз вақтида риоя этилишига доир чора-тадбирларни амалга ошириш керак бўлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА