Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иссиқхоналар — барқарор ҳосил таянчи
18:25 / 2026-01-09

Глобал миқёсда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораётган ҳозирги шароитда қишлоқ хўжалигида узлуксиз ишлаб чиқаришни таъминлаш стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда бу ишни ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва муқобил иситиш усулларидан фойдаланишга устувор эътибор қаратилмоқда.

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида иссиқхоналар йил давомида бозорларни сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда ҳал қилувчи бўғинга айланди. Мутахассислар таъкидлаганидек, иссиқхона шароитида етиштирилган маҳсулот ҳосилдорлиги очиқ майдонга нисбатан бир неча баробар юқори. Хусусан, бир гектар иссиқхонадан камида 50 тонна, айрим экин турларидан эса 100–120 тоннагача ҳосил олиш имкони мавжуд.

Бугунги кунда вилоятда иссиқхоначилик соҳаси изчил ривожланиб, 110,5 гектар майдонда 56 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг маълум қисми гидропоника усулини қўллаётган бўлса, қолганлари анъанавий технологиялар асосида маҳсулот етиштираётир. Натижада маҳсулот турлари кўпайиб, бозор эҳтиёжларига мос ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Айни пайтда Шароф Рашидов туманида иссиқхоначилик қишлоқ хўжалигининг етакчи йўналишларидан бирига айланган. Ҳудудда йирик ва кичик иссиқхоналар самарали фаолият кўрсатиб, помидор ва қулупнай каби экспортбоп маҳсулотлар етиштирилаётир. Замонавий технологиялар жорий этилиши натижасида ҳосилдорлик йил сайин ортиб бормоқда.

Эътиборлиси, иссиқхоналар фаолияти экспорт кўрсаткичларида ҳам яққол акс этмоқда. Агар 2018 йилда туманда етиштирилган маҳсулотлар экспорти 2 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бугунги кунда мазкур кўрсаткич бир неча баробарга ўсди. Яқин йилларда экспорт ҳажмини 20 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, маҳаллаларда кичик иссиқхоналар сонининг ортиши аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш имконини кенгайтирмоқда. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ички бозорда маҳсулотлар тўкинлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Мухтасар қилиб айтганда, иссиқхоналар қишлоқ хўжалигида барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим стратегик омил сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири