English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иссиқхонадан олинган миллионлар
08:12 / 2026-01-10

Бугунги кунда иссиқхона хўжалиги нафақат аҳолининг бандлигини таъминлаш, балки барқарор даромад манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Буни Бухоро вилояти Олот тумани “Хосабўйи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Илҳом Рўзиев фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

Илҳом Рўзиев ўз томорқасидаги саккиз сотих ер майдонида барпо этилган иссиқхонада йил давомида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, мўл ҳосил олмоқда. У эрта баҳордан картошка, помидор, пиёз, бодринг, булғор қалампири каби сабзавотлар билан бир қаторда лимон, апельсин ва мандарин каби цитрус меваларни ҳам парваришлайди.

Бугунги кунда иссиқхонада 70 туп лимон, 30 туп мандарин ва апельсин бутаси парваришланмоқда. Шунингдек тўрт сотих иссиқхонада помидорнинг “Агра” навига мансуб 1200 туп кўчат экилган бўлиб, яқин кунларда ҳосил етилади. Цитрус мевалардан ҳозиргача 1 тоннадан ортиқ ҳосил олиниб, бозор расталарига етказиб берилди. Бундан ташқари, иссиқхона майдонидан унумли фойдаланиб, оила дастурхони учун зарур бўлган сархил кўкатлар етиштириш ҳам тизимли равишда йўлга қўйилган.

– Ерга меҳр берсанг, албатта, барака топасан. Маҳалламизда кўпчилик иссиқхона билан шуғулланаётгани қувонарли. Ўтган йили томорқамиздан 100 миллион сўмдан зиёд фойда олдик. Меҳнатимиз самарасини кўриб, оиламиз фаровонлиги учун сарфлаяпмиз. 

Иссиқхона менга нафақат даромад, балки ҳаётим мазмунига айланган. Томорқадан оқилона фойдаланиш, тинимсиз меҳнат инсонни нафақат даромадли, балки мустақил ва фаровон ҳаёт сари етаклайди, – дейди Илҳом Рўзиев.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.