Баҳор нафаси сезилиши билан далаларимизда, хонадонларда экин экиш юмушлари жадаллик билан бошланиб кетади. Бунда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, мўл ҳосил етиштириш мақсади мужассам. Баҳорги дала ишларининг салмоқли бўлиши учун қайси экинни қайси муддатларда экиш ва ишлов бериш тартиби жуда муҳим албатта.
Томорқа эгаларига бу борада маҳорат дарслари ўтилиши уларга илмий ва амалий маслаҳатлар берилиши, меҳнат машаққатини енгиллаштириш аниқ. Шу мақсадда Оллаберган Оллаберганов оиласидаги ҳамжиҳатлик, тўкин-сочинлик, тинчлик-тотувликка кўпнинг ҳаваси келади. Хоразм вилояти Хива тумани Парчанхос маҳалласида яшаётган оила 5 сотихли иссиқхонада мевали дарахт, ток кўчатлари, гул ва сабзавот ниҳоллари етиштирмоқда.
“Иссиқхонада мўл ҳосил етиштириш” мавзусидаги О.Оллаберганов хонадонида ўтказилган семинарда хонадон эгаси ўз тажрибаларини бошқалар билан баҳам кўрди. Унда тумандаги “Томорқа хизмат” МЧЖ раҳбарлари, ҳокимият вакиллари ва томорқасилар иштирок этишди.
– Кафтдек томорқасига уруғ қадаган киши меҳнатининг роҳатини кўради, – дейди О.Оллаберганов. – Аввало оила эҳтиёжи учун керакли бўлган маҳсулотларни етиштирдик. Рўзғордан орттириб яқинларга улашдик, бозорда сотдик. Оиладаги катталар меҳнати, изланишларини кўриб улғайган ёшлар ҳалол меҳнат қадр — қимматини ҳис этиб яшайди. Бу оилаларга даромад, фаровонлик олиб киради.
Бизни ҳудудларимизнинг учдан бир қисми шўр тупроқли бўлиб, иссиқхоналаримиз ҳам ана шундай майдонларда қурилган. Тупроқ таркибидаги шўрланиш миқдори белгиланган меъёрга нисбатан 10 ва ундан ортиқ кўрсаткични ташкил этади. Бу ҳолатни яхшилаш учун иссиқхонанинг сотихини ҳисоблаб маҳаллий ўғит ва хўжаликда бор бўлган ғоваклаштирувчи (шоли қипиғи, ёғоч қириндиси, қум) моддаларни маҳаллий ўғитга нисбатан 10% аралаш ҳолда солиниб, тупроқ унумдорлигини ошириш лозим.
Семинарда иштирок этган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. Хаитов ўрганилган тармоқлар юзасидан мутасаддиларга зарур тавсия ва топшириқларни берар экан, жойларда ушбу хонадон эгаларини тажрибаларини оммалаштириш, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, шу йўл билан оилалар моддий манфаатдорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлади.
ЎзА