Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев Самарқанд шаҳри, Тойлоқ, Ургут, Жомбой ва Булунғур туманларида иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан учрашди.
Учрашувда яқинда давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида иссиқхона хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш юзасидан белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларга берилган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида сўз юритилди.


Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари солиқ қарзини тўлаш муддатини 2028 йил якунига қадар кечиктириш, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига ҳисобланган пеня, молиявий ва маъмурий жарималарни ҳисобдан чиқариш, 2028 йил якунига қадар даромади 60 фоиздан ортса, ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга тушириш, ер фонди тоифасидан қатъий назар, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар учун солиқ ставкаларини қўллаш юзасидан батафсил тушунтириш берди.


Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 589 та тадбиркорлик субъекти 752,8 гектар ер майдонида иссиқхона фаолияти билан шуғулланмоқда. Тадбиркорлар томонидан барпо этилган иссиқхоналарда 2025 йил якунига қадар 41 минг тоннадан ортиқ, 2026 йилда эса 61 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, 33 минг 783 тонна помидор, 12 минг 285 тонна бодринг, 6 минг 142 тонна лимон ва 9 минг 213 тонна бошқа сабзавотлар етиштириш режалаштирилган.

Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан билдирилган айрим муаммоли масалалар жойида ҳал этилди, ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири