ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Учқўрғон тумани Қурама маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш ва томорқадан унумли фойдаланиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда. Айни пайтда маҳаллада ишсизлик даражаси аҳоли сонининг атиги 5 фоизини ташкил этмоқда.
Ҳудудда 500 та хонадон мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятида иссиқхоначилик йўлга қўйилган. Маҳалладаги 270 дан ортиқ иссиқхона кўплаб оилалар учун асосий даромад манбаига айланган.
— Даромадим йилига ўртача 100 миллион сўмни ташкил этади, - дейди томорқа эгаларидан бири Шуҳрат Бобораҳимов. — 11 сотих ер учун бу муносиб натижа. Меҳнат қилган инсон албатта самарасини кўради.
Иссиқхоналарда ҳозирда помидор, булғор қалампири, карам ва гул кўчатлари етиштирилмоқда.
Маҳалла фаолларидан Ҳилола Сулаймонова узумчилик билан бир қаторда иссиқхонада кўчатчилик фаолиятини ҳам йўлга қўйган. Бундай ташаббуслар аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида туманда аҳоли ва ёшларга жами 2630 гектар ер майдони ажратилди. Ушбу майдонларнинг 1260 гектарида қулупнай етиштирилмоқда.
[gallery-27718]
Бугунги кунда қулупнайчилик туман брендига айланиб, қарийб 3000 гектар майдонда йўлга қўйилган. Натижада минглаб оилалар барқарор даромадга эга бўлмоқда. Соҳада замонавий агротехнологиялар жорий қилиниб, томчилатиб суғориш тизими кенг қўлланилмоқда, экспортбоп навлар маҳаллий шароитга мослаштирилмоқда. Шунингдек, бир йилда 3–4 марта ҳосил олиш ва эрта етиштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Қайқи қишлоғида 35 нафар фуқаро “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида иссиқхоналар ташкил этиб, қулупнай етиштиришни йўлга қўйган. Айни пайтда плёнка остида томчилатиб суғориш усулида “Осиё” навли қулупнай парвариш қилинмоқда. 10–15 март кунлари илк ҳосилни йиғиш бошланиши кутилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА