Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иссиқхона мўл даромад, тўкин турмуш ва фаровон ҳаёт манбаи
12:01 / 2025-10-24

Сурхон воҳасининг табиий иқлим шароити ва унумдор тупроғи йилнинг тўрт фаслида ҳам турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришлашга қулай муҳит яратган.

Вилоятда эртаги сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилишининг, субтропик ўсимликлар меҳр билан парваришланиб, мўл ҳосил олинишининг, бу ишнинг этагидан тутган кишилар тўкин, фаровон турмуш кечиришининг сири ҳам шунда. Чунки улар қишин-ёзин меҳр билан парваришланган экиннинг рўзғордан ортиқ қисмини бозорга чиқариб, элимиз дастурхони ободлигини таъминлашга йўналтиради.

Мен сизга айтсам, авваллари воҳадаги мўъжазгина томорқаларда иссиқхона барпо этилиб, маҳсулот етиштирилган бўлса, эндиликда давлатимизнинг соҳага қаратаётган эътибори туфайли бу юмуш нафақат оилаларнинг, балки ишбилармон сармоядорларнинг ҳам ишончли даромад манбаига айланди. 

Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам соҳани янада ривожлантириб, табиий озиқ-овқат экинлари етиштиришга қизиқиш ва интилишни оширди. Иссиқхоначиликни кенгайтиришга қўшимча рағбат уйғотди. 

Фармон ижросини таъминлаш ва иссиқхоначиликни янада юксалтириб, табиий озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ошириш учун Термиз туманидаги “LAMOS AGRO ANTELLI” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхона хўжалигида вилоят ва туман ҳокимликлари мутасаддилари, соҳа раҳбарлари, иссиқхона эгалари ҳамда тадбиркорлар иштирокида семинар ташкил этилиб, тармоқнинг самарадорлигини ошириш масалалари таҳлил қилинди. Ҳужжатда белгиланган устувор вазифалар, иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёз ва имкониятлар, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Иссиқхона эгаларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, тавсиялар билдирилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятдаги 215 та қишлоқ хўжалиги корхонаси ва фермерлар 446 гектардан ортиқ майдонда иссиқхона барпо этиб, турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирмоқда. 183,9 гектар майдондаги иссиқхона табиий газ, 101,3 гектари кўмир билан иситилади. 161,7 гектар майдондаги 131 та иссиқхонада иситиш тизимларисиз маҳсулот парваришланади. 

Вилоятда йирик иссиқхоналарнинг бунёд этилиши хориж тажрибасини ўрганиб, энг самарали усулларини жорий этишга интилишни оширди. Ҳозир вилоятда беш гектар майдондаги битта иссиқхона гидропоника усулида барпо этилган. 534,2 гектар майдондаги юзта иссиқхонада томчилатиб суғорилмоқда. Келгусида уларнинг сонини янада кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, соҳада юқори даромад фақат иссиқхонани такомиллаштириш, экинларни экиш ва тўғри парваришлаш, босқичма-босқич кенгайтириш орқали олинади. Шу мақсадда вилоятда иссиқхона хўжаликлари учун семинар машғулотлари ўтказилиб, уларнинг малака ва кўникмаларини оширишга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. 

Иссиқхона хўжаликлари бу йил куз ва келгуси йил қиш-баҳор мавсумида помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, гулкарам, броколли, салат барги, кўкатлар ва бошқа ноанъанавий озиқ-овқат экинларини парваришлайди. Лимон, қулупнай, кўчат етиштиради. Воҳадаги йирик иссиқхоналарда 134 нафар маҳаллий, уч нафар хорижлик тажрибали агроном, уч мингдан ортиқ доимий ва мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. Шунингдек, аҳоли томорқаларида ташкил этилган 92,2 гектар майдондаги 461 та иссиқхонадан 2 минг 397 тонна ҳосил олинди. Йилнинг ўтган даврида иссиқхоначилар хорижга213 минг доллардан ортиқ қийматдаги табиий, сервитамин озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилди.

Вилоятда иссиқхона хўжаликларининг ривожланаётгани ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириб, юртимизга қўшимча даромад келтирмоқда. Бозорларга қишин-ёзин табиий, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва одамларнинг тўкин, обод ва осуда яшашига муносиб ҳисса қўшмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА