Қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улушини кенгайтириш мақсадида 2024 йил учун мақсадли кўрсаткич 9 фоиз ёки 8,6 кВт/ соат этиб белгиланган бўлиб, ўтган йил якуни билан бу 16 фоиз ёки 13 кВт/ соатни ташкил этди.
Кичик қувватли қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича мақсадли кўрсаткич 150 МВт этиб белгиланган. Амалда бу 972,0 МВтни ташкил қилиб, ортиғи билан бажарилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида айтиб ўтилди. Унда Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоровнинг “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси” ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди. Мазкур масала бўйича депутат Бекмирза Эшмирзаев батафсил маълумот берди.
Жавобда келтирилишича, мамлакатимизда “Яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, экологик хавфсиз технологияларни қўллаш, энергия самарадорликни ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, 2030 йилга қадар белгиланган ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йилга нисбатан 35 фоизга камайтириш бўйича мақсадли кўрсаткич ортиғи билан бажарилган.
“Яшил энергия сертификатлари”нинг тизими жорий этилиши натижасида қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ва экологик жиҳатдан тоза технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами кенгайган. Хусусан, жорий йилнинг ўзида 350 мингдан ортиқ “яшил энергия” сертификатлари савдоси амалга оширилган. Бу эса якуний фойдаланувчиларга ўз маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш, халқаро ва хорижий молия ташкилотларидан “яшил” инвестициялар ва “яшил” кредитларни жалб қилиш имконини берди.
Парламент сўровига келган жавобда келтирилганидек, қайта тикланувчи энергия манбалари кўламини кенгайтириш, соҳага давлат субсидиялари ва рағбатлантириш механизмларини татбиқ этилиши натижасида ҳозирги кунга қадар 6 минг 539 MВт қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилган.
Шунингдек, “Яшил” давлат харидларини қўллаб-қувватлаш тизими яратилиб, экологик мезонлар энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлардаги харид қилиш ҳужжатларига мажбурий тартиб сифатида белгиланди.
Мажлисда ушбу йўналишда вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилиб, “яшил” иқтисодиётга ўтиш механизмларини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Иқтисодиёт ва молия вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА