Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иссиқхона даромад манбаи
17:26 / 2025-10-23

Кейинги йилларда томорқадан унумли фойдаланаётган аҳоли вакиллари кўпайиб бормоқда. Томорқада етиштирилаётган турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хонадонларни ва қолаверса бозорларни ҳам тўкин бўлишига ҳисса қўшмоқда. Эътиборлиси, томорқа ва ерлардан унумли фойдаланишда иссиқхоналарнинг алоҳида ўрни бор.

Бу борада Бухоро вилояти Вобкент тумани “Латифсобунгар” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Мухтор Шодиев ва унинг оиласини шундай миришкорлар қаторига қўшиш мумкин. Хонадонидаги томорқа ерининг беш сотих қисмида иссиқхона барпо қилган оила томчилатиб суғориш технологияси асосида иссиқхонани жиҳозлаб, унда гидропоника усулида қулупнай етиштириш тажрибасини ўзлаштирмоқда. 

– Бунинг учун Корея технологияси асосида тупроқ ўрнида кокос қипиғини пойтахтдан буюртма асосида харид қилиб, жўяк ўрнида қаторларга резина шлангларни тортиб, ҳосил қилинган экин майдонига 10 минг туп қулупнай ниҳолини ўтқазиб парваришни бошлаганмиз, – дейди Мухтор Шодиев. – Гидропоника усулидаги фаолиятимизни бошлашга 200 миллион сўм атрофида маблағ сарфлаган бўлсак, эндиликда бу сармояни бир мавсумда бемалол, шу қулупнай ҳосилидан қоплаш имконига ҳам эгамиз. Бунинг учун эса агротехник парваришни тўғри олиб бориб, ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиб-териб олсак, бас.  Бир ойлик теримда бир неча марта ҳосил териб олинади. Ҳар бир тупидан 400 граммгача қулупнай меваси олинса, қўлга киритиладиган фойдаси сарф-харажатимизни қоплайди. 

Умуман, куз-қишки мавсумда иссиқхона хўжаликларига осон тутиб бўлмайди. Негаки, плёнка остидаги ҳароратни талаб даражасида сақлаш тақозо қилинади. Қолаверса, деҳқончиликдан барака топиш учун навни тўғри танлаш, уруғ ёки кўчат жойлаштириладиган тупроқ таркиби, унумдорлиги, экилган ҳудуд иқлим шароити, суғориладиган сувга эътибор қаратиш шарт. 

Тадбиркор эрта баҳор ойида экиш учун қулупнай кўчатлари етиштириб сотади. Етиштирилган кўчатларнинг бир қисми парвариш учун олиб қолинади. Куз-қиш мавсумида етиштирилган сархил, янги қулупнай туман маҳаллий бозорида, савдо мажмуаларида сотилади. Бу ишнинг ортидан нафақат тадбиркорнинг ўзи, балки маҳалладошлари ҳам яхши даромад топмоқда. Йил якунигача эса иссиқхона хўжалигидаги қулупнайдан уч тоннадан ошириб ҳосил олиш мақсад қилинган. 

Қулупнай парваришига Мухтор Шодиевнинг оила аъзоларидан ташқари маҳалладаги ишсизлар ҳам жалб этилган. Баҳор, ёз мавсумида 7 кишигача, қиш мавсумида эса 3 нафар ишчи кучидан фойдаланилади. Албатта, улар меҳнатига яраша ҳақ олмоқда.

Жорий йил бошидан Латифсобунгар маҳалласида томорқа ишига қизиқадиган 12 нафар ташаббускор фуқарога ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 33 миллион сўмгача бўлган имтиёзли тартибдаги кредит маблағи ажратилиб, жами 25 сотих ер майдонида ихчам иссиқхоналар барпо этилган. Айни кунда уларда сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.