Бугунги кунда иссиқхоналар қишлоқ хўжалигида барқарор маҳсулот етиштириш, аҳолини йил давомида сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш ҳамда тадбиркорлар учун даромад манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, иқлим ўзгаришлари шароитида маҳсулотни кафолатли етиштириш учун иссиқхона хўжалиги энг самарали ечимлардан бири ҳисобланади. Шу боис тадбиркорлар учун энг муҳим масала — иссиқхона ташкил этиш учун тўғри ҳудуд танлашдир.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бу борада Ўзбекистоннинг жанубида жойлашган Сурхондарё вилояти табиий иссиқ иқлими, қулай муҳити ва кенг имкониятлари билан алоҳида ажралиб туради. Вилоят мамлакатимиздаги энг қуёшли ҳудудлардан бири бўлиб, табиий иссиқлик манбалари иссиқхоналар фаолиятини анча енгиллаштиради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сурхондарёда сабзавот, полиз экинлари, картошка ва карам каби маҳсулотлар бошқа ҳудудларга нисбатан 20–30 кун эрта пишиб етилади. Энг муҳим жиҳати — кўп ҳолларда иссиқхоналар учун қўшимча иситиш тизимларига эҳтиёж қолмайди, бу эса тадбиркор учун катта тежамкорлик демакдир.
Айни вақтда аҳолининг кўчатга бўлган талаби кескин ортиб, икки баробарга яқинлашган. Бу эса маҳаллий тадбиркорлар учун катта бозор имкониятларини очмоқда. Сурхондарё иқлимидан унумли фойдаланган ҳолда кўчатчилик ва сабзавотчилик билан шуғулланувчи инсон қисқа вақт ичида барқарор даромад манбаига эга бўлиши мумкин. Амалиётда ҳам бу ўз исботини топмоқда. Айрим деҳқонлар ҳатто кескин совуқ кунларда ҳам иссиқхоналардан даромад олаётганини қайд этган. Айтишларича, –24 даража совуқда ҳам қўшимча ёқилғи ишлатмасдан, табиий иссиқлик ҳисобига маҳсулот етиштириш мумкин.
Шунингдек, хорижий инвестицияларнинг кириб келаётгани ҳам Сурхондарёнинг иссиқхона хўжалиги учун нақадар жозибадор ҳудуд эканини кўрсатади. Жумладан, Термиз шаҳрида хорижий корхона томонидан 12 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхона мажмуаси бу йўналишдаги имкониятларнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Хулоса қилиб айтганда, табиий иссиқ иқлим, қуёшли кунлар кўплиги, кам харажат ва юқори даромад имконияти Сурхондарё вилоятини иссиқхона билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун энг мақбул ҳудудга айлантирмоқда. Иссиқхона хўжалиги эса нафақат тадбиркор, балки бутун мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам стратегик аҳамиятга эга соҳадир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА