Бугунги кунда мамлакатимизда иссиқхоналарда сабзавот етиштириш билан шуғулланаётган оилалар сони ортиб бормоқда. Улар нафақат ўз эҳтиёжларини қондириш, балки бозор учун ҳам сифатли маҳсулот етказиб бериш орқали барқарор даромад топмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти Олот тумани “Қумкашон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Баҳодир Ойтўғдиев оиласи тўрт сотихли иссиқхона барпо этиб, унда 2 мингдан ортиқ қалампир кўчатларини парваришламоқда. Ҳар бир кўчатдан ўртача 2 килограммдан ортиқ ҳосил олиниши режалаштирилган. Бугунги кунда бозор нархи 1 килограмм қалампир учун 30 минг сўм атрофида бўлиб, мавсумнинг қизғин пайтида бу нархлар янада кўтарилиши мумкин. Бундан ташқари, иссиқхонада пиёз ва турли кўкатлар ҳам етиштирилмоқда.

– Қалампир парвариши унчалик оғир меҳнат талаб қилмайди, ҳосил тез етилади ва совуққа нисбатан чидамли ҳисобланади. Энг муҳими, пойтахт ҳамда водий бозорларида бу маҳсулотга талаб юқори. Меҳнатимизнинг натижасидан кўнглимиз тўқ. Ҳозирда қалампирнинг бозори чаққон, даромад ҳам шунга яраша, – дейди Баҳодир Ойтўғдиев.

Сўнгги йилларда томорқадан самарали фойдаланиш орқали оила бюджетига салмоқли ҳисса қўшаётган шундай меҳнаткаш оилалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Иссиқхона фаолияти эса нафақат дастурхонни тўкин-сочин қилади, балки барқарор даромад манбаига ҳам айланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА