French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Иссиқликтаъминоти” АЖ: 6 млн. м³ газ тежалди, 11 622 тонна чиқинди камайтирилди
15:49 / 2025-12-04

Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилган ишлар нафақат иқтисодий тежамкорлик, балки экологик барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим натижалар бермоқда.

"Иссиқликтаъминоти” АЖ томонидан 2025 йил учун тасдиқланган инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилган реконструкция ва таъмирлаш ишлари шунга яққол мисол бўла олади. Модернизациянинг асосий натижаларига тўхталадиган бўлсак, жорий йилда 114,5 МВт қувватли янги ва таъмирланган қозонлар ишга тушди. 57,5 МВт — эскирган қозонхоналарни модернизация қилиш ҳисобига, 57 МВт —капитал таъмирланган қозонлар ҳисобига янги 114,5 МВт энергия самарадор қувватларни шакллантирди. Бунинг натижасида табиий газ истеъмоли 6 млн. 117 м³ га камайтирилди.  

Бу ҳақида “Иссиқликтаъминоти” АЖ маълум қилди.  

Қайд этилишича, замонавий қозонлар энергияни кам сарфлайди, шу боис иситиш мосламаларида йўқотишлар сезиларли даражада қисқарди. Эътиборли жиҳати шундаки, атмосферага 11 622 тонна СО₂ чиқинди чиқиши камайди. Бу кўрсаткичнинг қиймати катта. Мисол учун, бир йилда 11,5 минг тонна СО₂ чиқиндиси  камайиши, тахминан, 3 000 дан ортиқ енгил автомобилнинг бир йиллик эмиссиясига тенг. Қолаверса, бу 50 мингга яқин дарахтнинг бир йилда СО₂ миқдорига яқин чиқиндини ўзига сингдиради дегани. Янгиланган қувват

лар ҳисобига, 1004 та кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи 40 минг 160 та хонадон барқарор иссиқлик энергияси билан таъминланади. Бу, айниқса, аҳолининг иссиқлик таъминотига бўлган талаби юқори бўладиган қиш мавсумида чекловлар ва узилишлар эҳтимолини камайтиради.  

Мутахассисларнинг таъкидлашича, илгари эски қозонхоналарнинг аксариятида ёқилғи тўлиқ ёнмасдан, атмосферага зарарли моддалар чиқиши ошиб кетар эди. Янги қозонларда эса ёқилғини тўлиқ ёндириш коэффициенти юқори, иссиқликни қайта ишлатиш технологиялари мавжуд, фильтрлаш тизими такомиллаштирилган. Дунё бўйича уй-жойларни иситиш СО₂ эмиссиясининг катта манбаи ҳисобланади. Илмий тадқиқотларда иссиқлик таъминотида энергия тежамкор технологияларга ўтиш орқали 10-30 фоизгача эмиссияни камайтириш мумкинлиги қайд этилган. Ўзбекистоннинг модернизация жараёни ҳам мана шу глобал йўналишга мос равишда кетмоқда. Газ тежалиши — бу нафақат иқтисодий фойда, балки мамлакатнинг энергетик хавфсизлигига ҳам хизмат қилади.  

Энергия самарадорлиги юқори бўлган қозонлар, эксплуатация харажатларини камайтиради. Таъмирлаш интервалини узайтиради. Иссиқликни истеъмолчиларга етказиш жараёнида йўқотишларини камайтиради. Бундай объектлар, одатда, 3–6 йилда сарфланган инвестицияни тўлиқ қоплайди. Бир сўз билан айтганда,  114,5 МВт қувватли янги ва модернизация қилинган қозонхоналарнинг ишга туширилиши, аҳоли учун барқарор иссиқлик таъминотини таъминлайди. Атмосферага чиқиндиларни кескин камайтиради. Энергия ресурсларини тежайди. Мамлакатнинг экологик ва энергетик сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Бу, нафақат техник, балки миллий миқёсидаги стратегик ютуқ саналади.   

Ш.Маматуропова, ЎзА