Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иссиқлик тизимлари чекка ҳудудларда ҳам ишга тушадими?
15:32 / 2021-02-11

Бу йилги қиш мавсуми якунланиб бормоқда. Айни вақтда кўп қаватли уйларни ва ижтимоий соҳа объектларини иситиш ва иссиқ сув билан узлуксиз таъминлаш мақсадида беш юзга яқин қозонхона ишлаб турибди.

Шунингдек, 2020-2021 йилда куз-қиш мавсумида 64 та иссиқлик таъминоти объектида 137 дона марказий ва маҳаллий қозонхона, 472 дона насос агрегати ва 990,3 км иссиқлик тармоқларини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу эса иссиқлик тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликлар сони камайишига олиб келди.

Айни вақтда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимдаги ишлар самарадорлигини ошириш учун яна нималарни режалаштирмоқда? Иссиқлик тизимлари чекка ҳудудларда ҳам ишга тушадими? Бу каби саволларга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазир ўринбосари Назиржон НАЗИРОВ изоҳ берди.

– Албатта, йилдан йилга иссиқлик етказиб бериш тизими кенгайиб бормоқда, – дейди Н.Назиров. 

– Ўтган йили иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш учун Жаҳон банки иштирокида қиймати 140,0 миллион доллар бўлган «Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ва Сергели тумани марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси бошланган эди. Ҳозир Чирчиқ шаҳрида умумий қуввати 75 МВТ бўлган учта қозон ўрнатилмоқда. Бухоро шаҳри «Бухороэнергомарказ» қозонхонаси иссиқлик таъминоти ҳудудида 264 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатиш бўйича тендер савдолари ўтказилди. Яна 5,5 км иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш бўйича тендер савдолари ўтказилиб, пудратчилар аниқланмоқда.

Жорий йилда 100,0 миллиард сўм ҳисобидан 5 та объектда модернизация ва реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, натижада 377 та кўп қаватли уй-жой ҳамда 45 та ижтимоий соҳа объектида иссиқлик таъминоти яхшиланади.

Япониянинг Жайка агентлиги иштирокида «Бухоро, Фарғона, Қувасой, Нукус ва Урганч шаҳарларида замонавий технологияларни жорий этган ҳолда марказий қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш», Кореянинг экспорт-импорт банки иштирокида Ангрен ва Ширин шаҳарларининг иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция ва модернизация қилиш лойиҳалари амалга оширилади.

Аҳолига иссиқлик энергияси учун тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш ҳамда иссиқлик таъминоти корхоналарида иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг интеграциялашган автоматлаштирилган «Биллинг» тизими ҳамда электрон (U-Pay, Pay-me, Click, Paynet, Paymo) тўлов тизимлари жорий этилиб, доимий назорат қилиш имконияти яратилди.

Соҳа мутахассисларини тайёрлаш, уларнинг касб маҳоратини ошириш бўйича ўқув курслари, амалий семинар ва тренинглар, шунингдек, уларнинг чет элда ишлаб чиқариш амалиёти ўташини ташкил этиш учун халқаро дастурлар ва жамғармаларнинг грантларини жалб этиш юзасидан лойиҳа таклифлари (аннотациялар) донорларнинг грант маблағларини жалб этиш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Наманган шаҳарларида ичимлик ва оқова сув хизматларини ҳамда Жиззах, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларининг иссиқлик таъминоти тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўп йиллик бошқарувга беришни ташкил этиш таклифлари кўриб чиқилмоқда.

 

Сайёра Шоева, ЎзА