Сўнгги йилларда иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш ҳамда аҳолини иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилган ишлар доирасида иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ҳолати комплекс ўрганилди ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологиялар синовдан ўтказилди.
Шу билан бирга, иситиш тизимини ислоҳ қилиш, эски қозонхоналар ва тармоқларни янгилаш, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти қамровини кенгайтириш мақсадида Президентимизнинг “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатда 2030 йилгача соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, иссиқлик таъминоти соҳасида ягона давлат сиёсатини жорий этиш, корхоналар фаолиятини ихтисослаштирилган ташкилот орқали бошқариш ва илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш кўзда тутилган.
Қарорга асосан юртимизда уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида “Иссиқликтаъминоти” АЖ ташкил этилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда республикада жами 1 миллион 531 мингдан ортиқ хонадонга эга 44 минг 152 та кўп қаватли уй мавжуд.
– Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг жорий йил март ойида имзолаган қарорлари асосида “Иссиқликтаъминоти” АЖ ташкил қилинди, – деди “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқаруви раиси Илҳом Тўраев. – Қарор билан Жамият иссиқлик таъминотини мувофиқлаштирувчи сифатида фаолият юрита бошлади. Аниқ ёндашувлар асосида соҳани ривожлантириш йўналишлари белгилаб берилади, мамлакат иссиқлик таъминотининг “ёпиқ тизим”га ўтишига старт берилди. Тизимдаги энергия йўқотишларни камайтириш учун 2025-2030 йилларда 2,8 триллион сўм маблағ ҳисобидан тармоқлар модернизация қилинади ҳамда кўп квартирали уйларга жами 8 минг 861 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилади. Бугунги кунда умумий қиймати 90 млн АҚШ долларига тенг “Бухоро шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини ДХШ асосида модернизация ва реконструкция қилиш” лойиҳаси Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга ошириляпти. Унга кўра, РК-3 қозонхонасида 15 МВт электр ва 14 МВт иссиқлик қувватига эга когенерация қурилмаси ўрнатилади. 4 та марказий ва 18 та кичик қозонхона модернизация қилинади. 44,5 км иссиқлик тармоғи янгиланади. 459 та индивидуал иссиқлик пунктлари ва ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилади. Газ ва электр тармоқлари реконструкция қилинади. Натижада, 459 та кўп қаватли уй иссиқлик билан таъминланади, когенерация технологияси орқали электр энергияси ҳам ишлаб чиқарилади, иссиқлик тизими самарадорлиги ва молиявий барқарорлиги оширилади, маҳаллий мутахассислар учун малака ошириш курслари ташкил этилади. Қурилиш ишлари 2026 йилдан бошланиши кўзда тутилмоқда.

Ҳозирда “Иссиқликтаъминоти” АЖ ва ҳудудий ташкилотлар томонидан иссиқлик таъминоти тизимини 2025-2026 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида 53 та қозон ва 93,3 км иссиқлик тармоқларини мукаммал, 598 та қозон ва 519,1 км иссиқлик тармоқларини жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Бугунги кунда 21 та қозон ва 70 км иссиқлик тармоқларини мукаммал ҳамда 484 та қозон ва 380 км иссиқлик тармоқларини жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Шу билан бирга, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, иссиқлик қувурлари, қозон ва қозон ёрдамчи ускуналарда юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида 8,4 км иссиқлик тармоқлари, 411 та задвижка, 3 минг 379 кг электрод ва 35 та дизел генератор захираси яратилди.

Мавсум давомида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиш ҳолатлари кузатилганда истеъмолчиларга белгиланган параметрда иссиқлик энергияси етказиб бериш мақсадида 26 минг 500 тонна мазут ҳамда 16 минг 200 тонна кўмир захираси яратилди. Бундан ташқари, қозонхоналарда ишчи ҳолатдаги захира қозонлар ҳам соз ҳолатга келтирилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги қарорига асосан Элликқалъа тумани “Элликқалъа” ОФЙ ҳудудида барпо қилинаётган “Янги Ўзбекистон” массиви учун иссиқлик таъминоти тизимларини қуриш якунига етди. Ҳозирда ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда.

Ушбу қозонхона 28 та кўп қаватли уйни марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлаш имкониятига эга. Бу ерда жами 4 МВт қувватга эга иккита қозон ўрнатилда ва 1,1 км иссиқлик тармоғи тортилди.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида мавжуд иссиқлик тизимларини модернизация ва реконструкция қилиш ҳамда “Янги Ўзбекистон” массивларидаги кўп қаватли уйларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида 57 та лойиҳани амалга ошириш учун 560 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Мазкур лойиҳалар доирасида 64 та қозон ва 122 км иссиқлик тармоқларида қурилиш ва модернизация ишларини якунлаш орқали 75 мингдан ортиқ хонадондан иборат 2 минг 500 та кўп қаватли уй ва 239 та ижтимоий соҳа объекти иссиқлик энергияси билан таъминланиши режалаштирилган.
Бугунги кунга қадар йиллик режага нисбатан 64 км иссиқлик тармоқларини тортиш, 50 та иситиш қозонларини ўрнатиш ишлари амалга оширилди ҳамда 287 миллиард сўм ўзлаштирилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА