Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 11 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда
15:32 / 2024-10-16

Бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан умумий қиймати 3,2 миллиард АҚШ долларга тенг бўлган 11 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан ушбу лойиҳалар ижроси доирасида 2024 йилда 616,9 миллион долларни ўзлаштириш белгиланган.

Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур лойиҳалар бўйича 358,72 миллион доллар ўзлаштирилди. 2023 йилнинг мос даврида бу миқдор 231,1 миллион АҚШ долларни ташкил этган.

Шунингдек, шу йилнинг апрель ойида Тошкент иссиқлик электр марказида умумий қуввати 32 МВт бўлган 2 та газ турбина қурилмасини қуриш инвестиция лойиҳаси якунига етказилган.

Бугун АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти масъуллари шулар ҳақида маълумот берди.

Унда қайд этилишича, мазкур 11 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида мамлакат аҳолиси қўшимча 2,3 ГВт электр энергияси билан таъминланади.

“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Озод Охунов таъкидлаганидек, аҳоли ва бошқа истеъмолчиларнинг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашда фаолият кўрсатаётган жорий қувватларни энг замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ва янги энергия самарадор қувватларни ишга тушириш мазкур ташкилотнинг олдида турган устувор вазифа ҳисобланади.

– Президентининг тегишли қарор ва фармойишлари билан иссиқлик электр станциялари ва марказларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгилаб берилган. Айни вақтда уларда кўрсатилган вазифалар жадал суръатларда бажарилмоқда. Ушбу йўналишда фаолиятимиз Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, маҳаллий банклар ва халқаро молия институтлари – Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Хитой банклари томонидан фаол равишда қўллаб-қувватланмоқда. Шу билан бирга, йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти сўнгги нуқталарида жойлашган 6 та маҳалласида когенерация лойиҳаларини татбиқ этиш лойиҳаси доирасида Олмазор ва Сергели туманларида когенерация қурилмалари ишга туширилиши режалаштирилган, – деди О.Охунов.

Шунингдек, матбуот анжуманида масъуллар 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш ва мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида кўрилган тизимли чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, мавсумга тайёргарлик доирасида тизим корхоналарида режа асосида жами 53 та, шу жумладан, 14 та энергоблок, 28 та қозон қурилмаси, 7 та буғ-газ қурилмаси, 1 та турбоагрегат ва 3 та газ-турбина қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилган ва белгиланган ишлар ортиғи билан бажарилган. Электр станциялардаги тезкор гуруҳлар томонидан камчиликлар аниқланган 11 та энергия қурилмасида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган. Мавжуд электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари 291 МВт ва иссиқлик ишлаб чиқариш самарадорлиги 235 тонна соатга оширилишига эришилган.

–“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти тизимидаги “Тошкент иссиқлик маркази” корхонасининг 10 та иссиқлик марказига қарашли 60 та қозон агрегатидан 15 тасида мукаммал, 45 тасида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди, – деди“Иссиқлик электр станциялари” АЖ генерация бош бошқармаси бошлиғи Ғолиб Салимёров. – Куз-қиш мавсуми даврида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 26,8 миллиард киловатт соат электр энергияси ва 9,2 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун 6,2 миллиард метр куб табиий газ, 2,8 миллион тонна кўмир ва 100 миллион метр куб ер ости гази сарфланиши режалаштирилган. Зарур ҳолатларда захира ёқилғиси сифатида мазут ишлатилади.

[gallery-19777]

Тадбирда маълум қилинганидек, айни чоғда барча электр станциялари ва марказларида навбатчилик асосида энергоқурилмаларнинг узлуксиз ишлаши жараёнини мувофиқлаштирувчи махсус тезкор штаблар фаолияти шакллантирилган. Улар таркибига 2 мингдан ортиқ малакали мутахассис ва 112 та махсус техника бириктирилган. Раҳбар ва масъул мутахассислардан иборат 10 та туну кун фаолият олиб борувчи навбатчилик гуруҳлари иши йўлга қўйилган.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА