French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иссиқда сақланаётган салқин ичимликлар ёхуд текширув келишини 10 кун олдин биладиган тадбиркорлар (+видео)
17:13 / 2022-06-11

Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида кўча-кўйда юрган ҳар қандай одамнинг орзуси муздеккина сув ичиш бўлади. Томоқ қақраб, оғиз қурий бошлаган пайтда сувнинг сифати ёки нархига ким ҳам қарайди дейсиз?

Воҳага ёки водийга йўл олсангиз, йўл четидаги исталган дўконлар олдида офтобга қаторлаштириб териб қўйилган сувларга кўзингиз тушади. Сотувчиларга нега сувни офтобда сақлаяпсиз, дея савол берсангиз, «Нима зарари бор, аҳолининг сувга бўлган талабини қондиряпмиз», деган жавобни беришади.

Елим идишлардаги сувларни иссиқда сақланишини нафақат вилоят, туман, қишлоқ кўчаларида, балки пойтахт марказидаги исталган дўконларда ҳам кўришингиз мумкин. Муҳими, салқин ичимликларнинг энг кўп харидорлари болалар эканлигида.

ЎзА мухбири пойтахт кўчаларини, Бектемир, Миробод, Яшнобод туманларидаги дўконларнинг бир нечтасини кузатувдан ўтказди. Озиқ-овқат дўконларининг аксариятида ичимлик сувлари ташқарида жазирамада сақланмоқда. Сотувчилардан бу ҳолатнинг сабаби сўралганида, аксарияти дўкон торлигини рўкач қилишди.

Хўш, кўчаларда офтобда сақланаётган сувларнинг инсон организми учун қандай зарари бор? Бундай бефарқ сотувчиларни ким назорат қилади? Шу каби саволлар юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековга мурожаат қилдик.

— Кўчаларда, офтоб тиғида сақланиб, сўнг аҳолига сотилаётган қадоқланган сувларнинг сифатига ким жавоб беради?

— Қадоқланган ичимлик сувларини тайёрлашда маълум бир қўшимча маҳсулотлар киритилади. Уларнинг таркибида таъм, ширинлик ёки ҳид, ранг берувчи воситалар бўлиши мумкин. Албатта, чанқоқбости сувларнинг тайёрланиш жараёнида ностиризациядан ўтган бўлса ҳам, уларни нотўғри сақлаш оқибатида сифати бузилиши мумкин.

Ҳар бир тадбиркорлик субъектига санитария эпидемиология хизмати, Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги ва бошқа соҳа вакиллари бориб текшириш ўтказишлари зарурат туғдирмайди. Энг асосийси, тадбиркорлар офтобда қолган сувни ўзимнинг фарзандим ва яқинларим ҳам ичиши мумкин, салбий оқибатларга учраши мумкин деб ўйлаши лозим.

Агар харидорлар тартибсиз, эътиборсиз сақланаётган маҳсулотларни харид қилиш жараёнида эътироз билдирса, сотувчилар ҳам тўғри сақланган маҳсулотларни сотишга одатланишади. Бу ҳолатда жамоатчилик назорати, ҳар биримизни билдирган фикримиз, эътирозимиз, керак бўлса, танбеҳимиз натижа беради.

— Эпидемиология маркази ходимлари бу ҳолатни қандай назорат қилади?

— Санитария-эпидемиология хизмати озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи объектларни 3 ойда бир маротаба тадбиркорлик субъектлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи омбудсман вакилини хабардор қилган ҳолатда текширишлари мумкин. Албатта текшириш келишини тадбиркор 10 кун олдин билади. Ўша куни ҳамма нарсани рисоладагидек қилиб қўйиб, кейинги текширув келгунича билганини қиладиган бўлса, демак бу ўша тадбиркорнинг дунёқараши, ори, номусига ҳавола. Биз бу каби объектларга борган пайтимизда маҳсулотнинг сифати, сақланишига эътиборли бўламиз, лекин айнан назоратлар ўртасида бўладиган жараёнда кенг жамоатчиликнинг  иштирокига муҳтожмиз.

— Халқимиз андишали, кўп нарсаларни истиҳола қилиб айтмаслиги, айтганим билан фойдаси йўқ, деган фикрга бориши мумкин...

— Саломатлигимизни назарга илмаяптими, соғлиғимиз учун тадбиркор бефарқми, ундайларга нисбатан муносабат билдиришга ҳақлимиз. Бундай ҳолатларда андишани четга сурганимиз маъқул.

— Ҳозир кунлар айни қизиган палла, уч ойни кутиб ўтирмасдан назорат «рейд»лар ўтказиш мумкинми?

— Рейдлар ўтказиш, бу бутунлай бошқа тизим. Тадбиркорлик субъектларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи вакилларни огоҳлантириш, хабардор қилиш орқали текшириш тизими мавжуд. Санитария эпидемиология хизмати мана шу ҳолатларда объектларга чиқади ва текшириш ишларини амалга оширади. Албатта ўша текшириш жараёнида бу каби ҳолатлар аниқланадиган бўлса, тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий чора қўллаш ёки фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб қўйиш, маҳсулотларни «браковка» қилиш, уларни истеъмолга яроқсиз эканини тасдиқлаш ҳолатлари шу жараёнда бўлади.  Ички ишлар, солиқ, санитария-эпидемиология хизмати биргаликда ўтказган рейдларда ҳам бу каби ҳолатларга эътибор қаратилади. Ўйлайманки, биз кунлар исиб кетиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг тез айниб қолиши эҳтимолидан келиб чиқиб, жойлардаги мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берамиз.

— Қадоқланган идишлардаги иссиқда туриб қолган, муддати ўтган сувларни ичиш оқибатида қандай касалликлар келиб чиқиши мумкин?

— Агар маҳсулотларни сақланиш муддати бузилган бўлса, ошқозон ичак касаллиги, оғиз орқали юқиши мумкин бўлган қатор бактериал ва вирусли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Албатта бу каби гуруҳли касалланиш ҳолатлари бўлса ва касалланиш ҳолати бевосита истеъмол қилган маҳсулот билан боғлиқ бўладиган бўлса, чуқур эпидемиологик суриштирув олиб борилади. Масъулларга, бу каби хатоликларга йўл қўйган шахсларга нисбатан чоралар қўлланилади.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1XcwJPGoOp0" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Нигора Раҳмонова, Нишонбой Абдувоитов (мобиль суҳбат), ЎзА