Тайвань Президенти Уильям Лай мамлакат яқин йилларда замонавий ҳаво мудофааси тизими – Исроилнинг “Темир гумбази”га ўхшаш ҳимоя тармоғи яратишини эълон қилди. Бу қарор ҳукуматнинг Хитой ҳарбий таҳдиди ортиб бораётгани ҳақидаги огоҳлантирувидан бир кун ўтиб чиқарилди.
Лайнинг сўзларига кўра, янги тизим “кўп қатламли мудофаа, юқори аниқликда топиш ва самарали тутиб олиш” имконига эга бўлади ва Тайвань фуқароларини “хавфсиз халқа билан ўраб олади”.

Етакчи ХХР номини тилга олмаган бўлса-да, Пекин бу ҳудудни ўзиники, деб билади ва куч билан эгаллаш эҳтимолини инкор этмайди. Тайвань Мудофаа вазирлиги эса Хитой машғулоти ҳар қандай пайт ҳужумга айланиши мумкинлигини билдирган.
Тайвань 2026 йилдан бошлаб мудофаа харажатини ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизига, 2030 йилгача эса 5 фоизига етказишни режалаштирган. Шунга қарамай, мухолифат назоратидаги парламент баъзан маблағ ажратилиши тўғрисидаги қарорни тасдиқлашдан бош тортиши жараённи мураккаблаштирмоқда.

Таҳлилчилар навбатдаги лойиҳа жуда кўп харажат ва узоқ вақт талаб қилишини айтмоқда. Сиёсатшунос Деннис Венг мазкур ташаббусни “Америкага сиёсий сигнал” дея баҳолади.
АҚШ қонунига кўра, агар ҳужумга учраса, Вашингтон Тайванни қурол билан ҳимоя қилиши лозим. Трамп эса доим оролни “ўзини ҳимоя қилишда фаолроқ бўлишга” чақиради.
Лай нутқи сўнгида Хитойни “масъулиятли давлатга хос тарзда ҳарбий босимдан воз кечиш”га чақириб шундай деди:
– Иккинчи жаҳон урушидан сабоқ олишимиз керак, ўша фожиа такрорланмаслиги лозим.
Мусулмон Зиё, ЎзА