– Исроил содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги ҳақиқатни яшириш учун Ғазо секторида журналистларга атайлаб зарба бермоқда, – деган Фаластин ярим эксклави ҳукумати ахборот бюроси раҳбари Исмоил Ас-Савобита “РИА Новости” агентлиги мухбирига.
Душанба куни эрталаб “Al Jazeera” телеканали Исроил Ғазо шаҳридаги “Аш-Шифо” касалхонаси яқинидаги журналистлар учун ажратилган чодирга уюштирган зарба натижасида беш нафар ходими, жумладан мухбир Анас Аш-Шариф ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Сектор маъмурияти айтишича, Фаластиннинг “Саҳат” ахборот портали ходими Муҳаммад Ал-Холидий ҳам ушбу ҳужум оқибатида ҳалок бўлган. Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) эса мухбир Анас Аш-Шарифни Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати учун ишлаганликда айблаб, ўз ҳаракатини оқлашга уринмоқда.
– Бу жиноят Исроил Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги ҳақиқатни ўчириш учун давом эттираётган саъй-ҳаракатни исботлайди, – дейди у. – Биз журналистлар атайлаб, мақсадли ўлдирилишига кескин қаршимиз.
Исмоил Ас-Савобита барча халқаро журналистлар уюшмалари ва ташкилотларини Исроил армиясининг Фаластин ярим эксклавидаги оммавий ахборот воситалари ходимларига қарши тизимли ҳужумини қоралашга чақирди.
Аввалроқ маҳаллий журналистлар уюшмаси раҳбари ўринбосари Таҳсин Ал-Астал Ғазодаги медиа чодирига йўлланган зарба натижасида ҳаётдан кўз юмган журналистлар сони олти нафарга етганини маълум қилганди.
Таъкидлаш жоиз, 2023 йил октябрь ойидан буён Ғазода Исроил бомбалари остида жами 238 журналист қурбон бўлган, 500 дан зиёд ҳамкасбимиз жароҳатланган. Таҳсин Ал-Астал сўзларига кўра, ташкилот матбуотга қарши жиноятда айбдорларни жавобгарликка тортиш учун Халқаро жиноий судга мурожаат қилган.
Фаластин томони Исроил Ғазодаги журналистларни мунтазам равишда нишонга олиб келаётганига эътибор қаратган. Масалан, июнь ойида араб сунъий йўлдош телеканалининг тўрт нафар ходими Ғазодаги Баптистлар касалхонаси ҳудудидаги чодирга қилинган ҳужум натижасида ҳалок бўлган. Таъкидланишича, ўшанда ҳам ОАВ ходимлари қўналғасига мақсадли зарба берилган.
С.Раҳимов, ЎзА