Исроил ва Марокаш давлатлари бир неча ой ичида дипломатик муносабатлар даражасини кўтаришга ва элчихоналарини очишга келишиб олди.
Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид маълум қилди.
– Вазир пойтахт Работда Исроилнинг Марокашдаги дипломатик ваколатхонасининг очилиш маросимида қатнашди. У Марокаш Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Носир Бурита билан учрашди. Томонлар учта ҳужжатни имзолади. Булар - сиёсий маслаҳатлашув механизмини яратиш тўғрисидаги англашув меморандуми, маданият, ёшлар ва спорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим ва Исроил-Марокаш ўртасида ҳаво қатновини йўлга қўйиш бўйича келишув, – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 10 декабрда AҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Исроил ва Марокаш дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида келишувга эришганини эълон қилган эди.
Работда Марокаш, AҚШ ва Исроил ҳукуматлари қўшма декларацияни имзолаган. Унда, хусусан, "Исроил ва Марокаш ўртасида тўлиқ расмий алоқаларни зудлик билан тиклаш, тинч ва дўстона муносабатлар ўрнатиш" нияти тасдиқланган.