Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” кескинликни юмшата оладими?
14:13 / 2024-02-11

АҚШ, Франция, ГФР, Британия ва Италия яқин бир неча ҳафтада Исроил ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати зиммасига тушадиган мажбурият эълон қилинишига умид билдирмоқда. “Axios” портали ёзишича, мазкур келишув Исроил – Ливан чегарасида барқарорликни тиклашга қаратилган.

– Янги шартлашув имзоланмайди, бироқ АҚШ, Британия, Франция, Германия ва Италия томонлар зиммасига оладиган мажбурият батафсил ёзилган баёнотни эълон қилади, – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мажбурият 2006 йил БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган 1701 рақамли резолюцияни қисман ҳаётга жорий қилиш, жумладан чегарада тўқнашувга барҳам беришни кўзда тутади.

“Ҳизбуллоҳ” шартнома доирасида ўз кучларини Исроил чегарасидан 8-10 километр узоқлаштириши керак, шунда Ливан армияси чегара ҳудудига 10-12 минг ҳарбий жойлаштира олади.

Израиль и Ливан возобновят переговоры по морской границе - STMEGI

 АҚШ Исроилдан қирувчи самолётлари Ливан ҳаво кенглигида парвоз қилишини тўхтатишни сўраган. Таклифни Тель-Авив рад этмаган. Исроилга Қуролли кучларининг захира қисмини чегарага яқин ҳудудлардан олиб чиқиш мажбурияти ҳам юкланади.

Келишувга кўра, АҚШ, Франция, ГФР, Британия ва Италия Ливан иқтисодиётини мустаҳкамлашга қаратилган иқтисодий чораларини эълон қилиши керак.

Маълумки, Исроил 2023 йил октябрда Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаганидан кейин Ливан жанубида ҳам вазият кескинлашди. Исроил армияси ҳамда “Ҳизбуллоҳ” жангчилари ҳар куни бир-бирининг чегара бўйлаб жойлашган манзилларини ўққа тута бошлади.

БМТ ХКнинг юқорида тилга олинган резолюцияси 2006 йил Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида бўлиб ўтган иккинчи Ливан урушидан кейин қабул қилинган. Ушбу келишув Ливан суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашни кўзда тутади. Аслида Исроил қўшинлари Ливан жанубидан олиб чиқиб кетилиши, ўрнига ҳукумат ва БМТ кучлари жойлаштирилиши керак эди. Қолаверса, Литани дарёси жанубига бошқа ҳеч қандай қуролланган тузилма кирмаслиги керак.

2022 йил октябрда ҳам Ливан ва Исроил делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Ўшанда томонлар денгиз чегарасини белгилаш бўйича келишув имзолаган. Таассуфки, икки мамлакат ўртасида қуруқликдаги чегара масаласи ҳамон ҳал қилинмаяпти. Айни дам БМТ тинчликпарвар кучлари (ВСООНЛ) Ливан армияси билан ҳамкорликда Исроил – Ливан чегара ҳудудларини назорат қилиб келмоқда.

Исроил ва Ҳизбуллоҳ дар сарҳади Лубнон табодули оташ гирифтанд - Матбуоти  озод

Умуман, Ливан билан Исроил ўртасида қуруқлик ва денгиз чегарасини аниқлаб олиш бўйича музокара БМТ шафелигида, АҚШ воситачилигида 1996 йил қабул қилинган ўзаро Англашув меморандумига асосланган ҳолда Накур қишлоғида бошланган. Кўриниб турибдики, бу иш ҳали охирига етказилмаган.

Айни пайт Исроил билан Ливан ўртасида дипломатик муносабат йўлга қўйилмаган. Эҳтимол, шу ҳолат ҳам ўзаро алоқаларга соя ташлаб тургандир...

Саидмурод Раҳимов,

ЎзА