Исроил ҳукумати Сомалидан ажралиб чиққан Сомалиленд Республикасини мустақил ва суверен давлат сифатида расман тан олган биринчи давлат бўлди, деб хабар бермоқда “CNN” нашри.
Ушбу янги давлатни тан олиш тўғрисидаги декларацияни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ва Сомалиленд раҳбари Абдураҳмон Муҳаммад Абдуллоҳий онлайн тарзда имзолади.
Таъкидланишича, томонлар тўлақонли дипломатик муносабатлар ўрнатиш, жумладан, элчилар алмашиш ва элчихоналар очишни бошлашга келишиб олган. Нетаняҳу бу қадамни тарихий деб баҳолаб, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва технология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга умид билдирди. Шунингдек, у Сомалиленд етакчисини расмий ташриф билан мамлакатга таклиф этди.

Абдуллоҳий ўз баёнотида Сомалиленд Иброҳим келишувларига қўшилишини айтиб, буни минтақавий ва глобал тинчлик сари қадам, деб атади. Унинг сўзларига кўра, Сомалиленд Яқин Шарқ ва Африка бўйлаб ўзаро фаровонликни ошириш ва барқарорликни таъминлаш учун шериклик алоқаларини ўрнатишга содиқдир.
Аммо Сомали ҳукумати Исроилнинг бу ҳаракатини “ноқонуний қадам” ва унинг суверенитетига “қасддан ҳужум” сифатида қоралаб, Сомалилендни тан олишни рад этди.
Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абдулатти жума куни Сомали, Туркия ва Жибутидаги ҳамкасблари билан телефон орқали мулоқот қилиб, Исроилнинг ҳаракатларини муҳокама қилганини айтди.

– Вазирлар Исроилнинг Сомалилендни тан олишини қоралаб, Сомалининг бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқлашди, -деди у.
Шунингдек, Африка Иттифоқи ҳам Сомалилендни ҳар қандай тан олишни рад этиб, Сомалининг бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини билдирган.
Маълумот ўрнида: Сомалиленд – Шарқий Африканинг шимолидаги ўзини мустақил деб эълон қилган давлат бўлиб, 1991 йилда Сиад Барре режими қулаганидан кейин Сомали таркибидан ажралиб чиққан. У шундан бери амалда мустақил давлат сифатида фаолият юритади: ўз ҳокимият органлари, конституцияси, валютаси, армиясига эга ва мунтазам равишда сайловлар ўтказади. Сомалининг қолган қисмига нисбатан барқарорлиги ва хавфсизлигига қарамай, Сомалиленд ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида халқаро миқёсда тан олинмаган ва расмий равишда жаҳон ҳамжамияти томонидан Сомалининг бир қисми деб ҳисобланган.
Ў.Алимов, ЎзА