"Al-Arabiya" хабар беришича, Исроил ҳаво кучлари қирувчи самолётлари сўнгги 24 соат ичида Ливан шарқи ва жанубидаги Ҳизбуллоҳ ҳарбий нишонларига камида 16 бор ҳаводан ҳужум уюштирган.
Манба маълумотига кўра, зарбалар Сурия билан чегара яқинидаги тоғли ҳудудга, аниқроғи шиа милицияси омборларига қаратилган. Тахмин қилинишича, шу ерда ракеталар сақланган. Баднаил, Тарая ва Шимстар шаҳарлари яқинида кучли портлашлар эшитилган.
Сўнгги кунларда асосан шиа жангчилари фаол бўлган Араб Салим, Кифор Ҳаммом, Сужуд ва Ал-Маҳмудия туманларидаги қўналғалар нишонга олингани айтилмоқда. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Ижтимоий тармоқ орқали араб тилида тарқатилган видео лавҳада Исроил ҳарбий вакили Авихай Эдри шу ҳужум билан яқинда Ливан жанубида топилган ва жойлаштирилган душман ракеталари йўқ қилинганини айтди.
Баёнотда Ҳизбуллоҳнинг бу объектлари фаолияти Исроил ва Ливан ўртасидаги сулҳ битимини бузишга қаратилгани ҳам таъкидланган.
М. Пирматова, ЎзА