Исроил БМТ ХКнинг Исроил ва Ливан ўртасидаги чегара ҳарбий мақоми тўғрисидаги 1701-резолюциясини бажармаслик Ливан билан ялпи урушга олиб келиши мумкинлигини айтди.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Эли Коэн Тель-Aвивдаги Бен Гурион аэропортида Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колонна билан учрашди.
Исроил ТИВ томонидан берилган ёзма баёнотда икки вазир Ғазодаги ҳарбий амалиёт ва Ливан чегарасида Ҳизбуллоҳ билан давом этган тўқнашувни муҳокама қилгани қайд этилди.
Учрашув якуни бўйича қўшма матбуот анжуманида Коэн Франция Исроил ва Ливанда жойлашган Ҳизбуллоҳ ўртасида юзага келиши мумкин бўлган кенг кўламли урушнинг олдини олишда муҳим ўрин тутиши мумкинлигини таъкидлади.
– Бунинг икки йўли бор: дипломатия ёки куч, деди у. – БМТ ХК 2006 йил иккинчи Ливан урушидан кейин резолюция қабул қилди. Ҳужжатда Литани дарёси жанубида Ливан армияси бўлиши кераклиги аниқ кўрсатилган. Ливанда ҳали урушнинг олдини олиш йўли бор. Aгар халқаро ҳамжамият уддалай олмаса, бу ишни ўзимиз қилишдан бошқа чора қолмайди.
БМТ ХК резолюцияси Исроилни Мовий чизиқдан ташқарига чиқиш ва Ливандаги Литани дарёси билан ўртадаги ҳудудни демилитаризация қилишга чақиради. Бу жойда фақат Ливан армияси ва БМТнинг Ливандаги вақтинча тинчликпарвар кучлари (UNIFIL)га тегишли қурол, ҳарбий техника сақланиши мумкинлиги белгиланган.
Ливан жанубидаги Литани дарёси ва Исроил билан чегарадош Мовий чизиқ орасидаги ҳудуд 2000 йилдан бери, деярли, тўлиқ Ҳизбуллоҳнинг кучли ҳарбий таъсири остида.
Ливан Бош вазири Нажиб Микати 5 декабрь куни чегарадаги баҳсли ҳудуд юзасидан БМТ орқали Исроил билан музокара олиб боришини билдирган.
Г.Сатторова, ЎзА