English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Исроил – ХАМАС уруши: бир йиллик воқеалар таҳлили
17:27 / 2024-10-13

2023 йил 7 октябрь куни ХАМАС Исроилга ҳужум қилган кундан буён бир йил ўтди. Ғазода ўн минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган ва бошқа ҳудудларга тарқалиш хавфи юқори бўлган уруш давом этяпти. Айни мавзу бутун дунё ОАВда муҳокама қилиняпти. “Sky News” нашри можаронинг энг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди.

Юзлаб тўқнашув, ўн минглаб бой берилган инсон ҳаёти... Исроил ва ХАМАС ўртасида жанг давом этмоқда, Яқин Шарқ кенг уруш ёқасида турганга ўхшайди.

Бу қарама-қаршилик Исроил ва Эрон муносабатини кескинлаштирди, Ливан билан чегарада охирги йиллардаги энг хавфли вазиятни юзага келтирди. Байрутнинг бир қисмида “зудлик билан эвакуация қилиш” буйруғидан кейин кетма-кет портлаш эшитилди.

Қуйида тўлиқ хронология эмас, балки ҳалокатли тўқнашувнинг баъзи кескин воқеалари ёдга олинган.

ХАМАС ҳужуми ва Исроилнинг жавоби

7 октябрь куни ХАМАС жангарилари Исроил жанубига уюштирган ҳужум оқибатида 1200 киши қурбон бўлди.

Исроил маълумотига кўра, 250 га яқин одам Ғазода, асирликда. Гаровга олинганлар мақоми янгиланган можаронинг муҳим масаласига айланган.

Бош вазир Биньямин Нетаньяху Исроил уруш ҳолатидалигини эълон қилди ва Ғазога ҳаво ҳужуми уюштириш, аҳоли зич жойлашган ҳудудни тўлиқ қамал қилишни буюрди.

Ғазога қуруқликдан ҳужум

13 октябрда Исроил миллиондан кўп киши истиқомат қилган Ғазо аҳолисини эвакуация қилиш ва жанубга кўчиришни таклиф этди. Ўша куни Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) секторга босқин уюштирди. 17 октябрь куни анклавдаги Ал-Аҳли касалхонасида рўй берган портлаш араб дунёси ғазабини қўзғади, бироқ ушбу воқеа ортида ким тургани юзасидан келишмовчилик, чалкашлик бор.

Ой охирида Исроил Ғазога кенг кўламли қуруқлик ҳужумини бошлади. Бу ҳудудга бостириб киришнинг дебочаси эди.

Аш-Шифо

15 ноябрь. Исроил аскарлари бир неча кун давом этган қамалдан сўнг Ғазо шаҳридаги энг йирик касалхона Аш-Шифога кирди. Шу вақт тиббиёт ходимлари беморлар, жумладан янги туғилган чақалоқлар электр қуввати ва дори-дармон етишмаслиги туфайли жон бераётганини маълум қилди.

Исроил мудофаа кучлари шифохонадан ХАМАСнинг ер ости қароргоҳи сифатида фойдаланилганини даъво қилди, муассаса расмийлари эса бу фаразни рад этган.

Шундан сўнг тез орада Ғазо шимолига хизмат кўрсатувчи барча шифохоналар фаолиятини тўхтатди.

Ноябрь сулҳи

Бир неча ҳафта давом этган жангдан сўнг Исроил ва ХАМАС урушнинг биринчи сулҳини эълон қилди. Томонлар Ғазода гаровга олинган аёллар ва болаларни хавфсизлик нуқтаи назаридан Исроил томонидан ҳибсга олинган ёки қамоққа олинган фаластинлик аёллар ва ўсмирларга алмаштириш учун жангни тўрт кун тўхтатиб туриш ва кўпроқ ёрдам кўрсатишга рози бўлди.

Охир-оқибат сулҳ жами бир ҳафтага узайтирилди ва 105 нафар гаровга олинган исроиллик ва 240 га яқин фаластинлик маҳбус озод қилинди.

Уруш 1 декабрдан давом этди. Бир неча кундан сўнг Исроил қўшинлари Ғазо жанубида, Хон Юнис шаҳри четида биринчи бор йирик ер амалиётини ўтказди. 6 декабрь куни сектор шимолидаги Жабалия қочқинлар қўналғасига уюштирилган ҳужум оқибатида бир оиланинг 22 аъзоси ҳалок бўлди.

Икки кундан кейин АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг зудлик билан гуманитар тиниш жорий қилиш ҳақидаги талабига вето қўйди. Буюк Британия бетараф қолди.

15 декабрь куни гаровга олинган уч исроиллик ЦАХАЛ аскарлари уларга қарата адашиб ўт очиши натижасида ҳалок бўлди. Марҳумлардан икки нафари биринчи отишмадаёқ, учинчиси эса 15 дақиқадан сўнг ЦАХАЛчилар ташқарига чиқишга чорлаб, кейин унга қарата ўт очганидан кейин вафот этди.

АҚШ ва Буюк Британия Яманга ҳаво ҳужуми

Бу вақтга келиб, Хусий исёнчилари томонидан Қизил денгиз кемаларига ҳужум давом этиши халқаро савдо учун жиддий ташвиш туғдираётган эди.

2024 йил 11 январда АҚШ ва Буюк Британия бунга жавобан Яманга ўнлаб ҳаво ҳужуми уюштирди.

Хусийлар дастлабки зарба натижасида беш нафар жангари ҳалок бўлганини айтиб, кемаларга ҳужумни давом эттиришга ваъда берди. Шу куни Халқаро суд Жанубий Африка Исроилни Фаластин аҳолисига қарши давлат томонидан олиб борилган геноцид кампаниясини амалга оширишда айблаган иш бўйича очилиш баёнотини тинглади. Исроил айбловни инкор қилди.

Қурбонлар 30 минг кишидан ошди

22 январь. Ғазо марказида содир бўлган бир воқеада 21 ЦАХАЛ аскари ҳалок бўлди. Бу уруш бошлангандан бери Исроил кучлари учун энг қонли кун эди.

Февраль ойи охирида Ғазонинг ХАМАС назоратидаги соғлиқни сақлаш идораси 7 октябрдан кейин ҳудудда ҳалок бўлганлар сони 30 мингдан ошганини маълум қилди.

Ҳисоботда ҳаётдан кўз юмганларнинг кўпчилиги аёллар ва болалар экани айтилиб, ҳақиқий аҳвол бундан ҳам ачинарли бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган эди.

Халқаро ҳамжамият Исроилнинг миллиондан ортиқ аҳоли бошпана топган жанубдаги Рафоҳ шаҳрига ҳарбий ҳужум уюштириш режасидан хавотир билдирди.

БМТ Ғазо шимолида очарчилик авж олаётганидан огоҳлантириб, 1,1 миллион одам очликка дучор экани ҳақида бонг урди.

1 апрель куни Ғазога йўналтирилган зарба натижасида “World Central Kitchen” (Жаҳон марказий ошхонаси) ташкилотининг етти ёрдамчи ходими ҳалок бўлди. Улардан уч нафари Британия фуқароси эди. Исроил томони олиб борган тергов нотўғри тахмин, қарор қабул қилишдаги хато ва жанговар қоидани бузиш ҳодисага сабаб бўлганини аниқлади.

Эрон ва Исроил салволарни алмашишди

Салво – бир вақтнинг ўзида артиллерия снаряди ёки қуролдан ўқ отиш ва нишонга теккизиш маъносини англатади.

Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик апрель ойида энг юқори чўққисига чиқди.

Теҳрон Исроил Сурия пойтахти Дамашқдаги элчихонасига қилинган ҳужум натижасида бир неча эронлик зобит, жумладан олий мансабдор генерал ҳалок бўлганини даъво қилди. Ва бунга жавобан 13 апрелда Исроилга қарата ўнлаб ракета юборди ва учувчисиз учоқдан ўт очди. Тўпларнинг аксари зарарсизлантирилган.

Минтақавий инқироздан хавотирга тушган Исроил Эрондаги қатор нишонларга жавоб зарбасини берди.

Теҳрон марказий Исфахон шаҳридаги йирик ҳарбий авиация базаси ва ядровий майдон яқинидаги ҳужумни паст баҳолади, бироқ сунъий йўлдошдан олинган сурат ҳаво ҳужумидан мудофаа радарига зарба берилгани кўринган.

Апрель ойида Исроилда ўн минглаб одам ҳукуматга қарши уюштирилган намойишда қатнашиб, Нетаньяхуни гаровга олинганларни озод қилиш учун сулҳ бўйича музокара олиб боришга чақирди.

Май: Қоҳирадаги музокара оташни кесолмади

Миср пойтахтида май ойи бошида Исроил ва ХАМАСни ўт очишни тўхтатиш шартига рози қилиш бўйича ҳаракатга киришилди. Музокара шаклидаги ушбу ташаббус авалига кўпчиликнинг диққат марказида эди.

ХАМАС Миср ва Қатар таклиф қилган келишув қабул қилинишини тан олган бир пайтда, Исроил расмийси таклифни “ҳийла” деб атади. Шу тариқа муваффақиятга эришиш умиди пучга чиқди.

Рафоҳ кўчаларида одамлар ХАМАС сулҳ тузганини байрам қилди. Афсуски, бир неча соат ўтиб, Исроил ҳарбийлари шаҳарга навбатдаги зарбаларни йўллади.

Рафоҳда 45 инсон ҳалок бўлди

Май охирида Рафоҳ шаҳрига ҳаво ҳужуми туфайли 45 киши ҳаётдан кўз юмгач, халқаро норозилик янада кучайди.

Фаластинлик шифокорлар фикрича, зарба кўчирилган одамлар жойлашган чодирларга уюштирилган. Ғазодаги ХАМАС бошқаруви расмийлари айтишича, қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалар.

Нетаньяху воқеани “фожиали хато” деди, БМТ Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги раҳбари эса ҳалокатли зарба шаҳарни “ер юзидаги дўзах”га айлантирганини таъкидлади.

Кўп сонли қурбонлар эвазига гаровга олинганларни қутқариш

Июнь ойи бошида Исроил Ғазо секторида уюштирган рейд чоғи тўрт нафар гаровдаги киши озод қилинди. Исроилда қаҳрамон сифатида олқишланган ҳарбийлар кучли отишма остида гаровга олинганларни озод қилишгани ва уларга “ҳаво ва кўча” зарбалари билан жавоб берилганини айтди. Маҳаллий аҳоли эса Ғазо марказидаги тарихий Ан-Нусайрат қочқинлар қўналғасига қилинган кейинги ҳужум натижасида “даҳшатли фильм” манзарасини тасвирлади.

Исроилнинг турар-жой сиёсати бўйича суд қарори

19 июль куни Халқаро суд Исроилнинг Фаластин ҳудудида аҳоли манзиллари барпо этиш сиёсатини халқаро ҳуқуққа зид, деб топди.

“Кўчманчилар Ғарбий Соҳил ва Қуддусга кўчиши ва Исроил шундай вазиятни давом эттириши “Тўртинчи Женева конвенцияси 49-моддасига зид”, деди бутун дунёдан йиғилган 15 нафар судья.

Суд таъкидлашича, Исроил зудлик билан аҳоли манзиллари қурилишини тўхтатиши керак – “Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудида бўлиши ноқонуний”.

Нетаньяху АҚШда

Нетаньяху июль ойи охирида АҚШга мунозарали тарзда ташриф буюрди ва Конгрессдаги кескин нутқида ХАМАС устидан “тўлиқ ғалаба”га эришишга ваъда берди.

Камала Харрис эса Бош вазир билан учрашувдан сўнг Ғазодаги оғир гуманитар вазият ҳақида “жим турмаслиги”ни айтди.

Унинг фикрича, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

“Муҳими, буни қандай амалга оширишда”, дея аниқ тарзда қўшимча қилди Харрис.

Ҳизбуллоҳ билан кескинликнинг кучайиши

Бир неча кундан сўнг Нетаньяху Исроил томонидан босиб олинган Голан тепалигида 12 боланинг ўлимига сабаб бўлган зарбадан кейин қаттиқ қасос олишга ваъда берди.

У Маждал Шамсдаги футбол майдонига тушган ракетада Ҳизбуллоҳни айблади. Гуруҳ эса ҳужумга алоқадорлигини рад этди.

Шундан сўнг ЦАХАЛ Байрутга жавоб ҳужумини берди ва Маждал Шамс ҳужуми учун масъул ҳисоблаган Ҳизбуллоҳнинг юқори мартабали қўмондони Фуад Шукурни ўлдирди.

ҲАМАС раҳбари ўлдирилгач...

Июль ойи охирида ХАМАС асосий сиёсий раҳбари Исмоил Хания ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлганини маълум қилди ва 7 октябрь ҳужумидан кейин Хания ва бошқа ХАМАС етакчиларини ўлдиришга ваъда берган Исроилни айблади. Орадан бир неча кун ўтиб, бу ҳаракатлар ортида турган Яҳё Синвар ХАМАСнинг янги раҳбари этиб тайинланди.

Суиқасдлар оқибати

10 август куни Ғазо шаҳридаги бошпана вазифасини ўтаган мактабга уюштирилган зарба оқибатида, ХАМАС назоратидаги ҳукумат расмийларига кўра, ўнлаб одамлар ҳалок бўлди.

Исроил армияси “ХАМАС назорати маркази”га зарба берганини даъво қилди, аммо ҳеч қандай далил келтирмади. ХАМАС эса мактабда база борлигини рад этди.

Август ойида минтақа Эрон ва Ҳизбуллоҳ билан боғлиқ сўнгги суиқасдларга муносабат, шунингдек оташни тиндириш бўйича музокара олиб бориш эҳтимолига оид фаразлар гувоҳи бўлди.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича янги музокара

Қатарда тинчлик музокараси масаласи қайта кўриб чиқилди, чунки Эрон “фақат сулҳ келишувига эришилган тақдирдагина тўхтайди”, деган таъмин бор.

Президент Жо Байден келишувга нисбатан “оптимистик” қарашда эканини айтди. “Ҳеч қандай яхшиланиш кузатилмади” деган ХАМАС эса бундай фикрда эмас:

“Ҳеч қандай келишувга эришилмаган ва зиддият давом этади.

Ҳизбуллоҳ билан отишма

Август ойи охирида Исроил Ливандаги Ҳизбуллоҳ объектларига “олдиндан” ҳаво ҳужумини амалга оширди. Ҳарбий воиз, контр-адмирал Даниэль Хагари айтишича, гуруҳ “қарши ҳужумга тайёрлана бошлаган”.

Ҳизбуллоҳ бир ой олдин Фуад Шукур ўлдирилишига жавобан, дрон ва ракеталар учирганди.

Ғазо секторида полиомиелитга қарши вакцина тарқатилиши сабабли, бир неча бор қисқа муддатли тиниш жорий қилишга олдиндан келишиб олинди.

Портлаган пейжерлар

17 сентябрь куни Ливанда Ҳизбуллоҳ аъзолари томонидан фойдаланиладиган портатив пейжерларнинг мисли кўрилмаган даражада оммавий портлаши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 3000 га яқин одам жароҳатланди. Табиийки, ҳодиса бутун минтақани ларзага солди. 24 соатдан камроқ вақт ўтгач, шунга ўхшаш портлаш гуруҳга тегишли икки томонлама радиостанцияда содир бўлди. Ҳужумлар ортида Исроил тургани тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалди. Тахмин рост бўлса, бу Исроил разведкасининг йирик ғалабаси, яъни Ҳизбуллоҳ таъминот занжирига чуқур кириб боришидир.

Ҳизбуллоҳ етакчиси Исроилни “икки дақиқада 5000 одамни” ўлдирмоқчи бўлганини айтиб, пейжер ва радиостанция ёрдамида “қирғин” уюштиришда айблади.

Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилди

Ҳизбуллоҳ пейжер ва радио портлашидан ғазабланаркан, Исроил Байрутга қатор зарбалар берди, жангари гуруҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳни ўлдирди.

Суиқасд беқиёс шов-шув кўтарди ва яқинлашаётган кенгроқ уруш ваҳми кучайди.

Сентябрь ойи охирида Исроил – Ливан чегарасида ЦАХАЛ танклари пайдо бўлиши ортидан қўрқув янада кучайди.

Исроил Ливанга бостириб кирди, Эрон эса жавоб қайтарди

Ойнинг сўнгги кунида Исроил қўшинлари иттифоқчиларнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги даъватига қарамай, Ҳизбуллоҳга қарши “чекланган, маҳаллийлаштирилган ва мақсадли қуруқликдаги рейдлар” ўтказиш  учун чегарани кесиб ўтди.

Исроил армияси радиосига кўра, Эрон, кутилганидек, 1 октябрь куни Ҳизбуллоҳга қарши кампанияга жавобан, Исроил томон 200 га яқин ракета учирди. Дарҳол Эрон давлат телевидениеси ракеталарнинг 90 фоизи нишонга текканини маълум қилди, Исроил вакили эса ҳужум оқибатида қурбон бўлганлар ҳақида ҳали маълумот йўқлигини айтди. Кейинроқ Ғарбий Соҳилдаги фаластинлик ишчи Эрон ҳужуми чоғида вайрона остида қолиб ҳалок бўлгани тасдиқланди.

Хулоса даллилар

Ўтган йил 7 октябрдаги ҳужум ва кейинги уруш 1200 дан зиёд исроилликнинг умрига зомин бўлди. Ғазога олиб кетилган 250 га яқин исроилликдан 97 нафари гаровда.

Соғлиқни сақлаш идораси маълумотига кўра, Ғазода 41 000 дан кўп фаластинлик йўқ қилинган, 96 000 дан ортиқ киши жароҳатланган. ЦАХАЛ август ойидаги ҳисоботида қурбонларнинг 17 мингдан ортиғи ХАМАС жангарилари эканини айтган.

Ғарбий Соҳилда 700 дан ортиқ фаластинлик ҳаётдан кўз юмди, 6000 дан кўп инсон яраланди.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдиришича, мамлакатнинг 2000 га яқин фуқароси уруш қурбонига айланди – асосан, Исроил ҳужумни кучайтиргандан кейин. ЦАХАЛ айтишича, Ҳизбуллоҳнинг 250 жангариси ўлдирилган.

20 сентябргача Ҳизбуллоҳнинг ракета ҳужуми оқибатида 28 нафар исроиллик ҳалок бўлди.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА