Исроил армияси октябрь ойидаги сулҳдан бери биринчи марта Ғазо сектори жанубидаги фаластинлик оилаларни мажбурий кўчиришга буйруқ берди. Тахминан 70 оила Бани Суҳайла шаҳридаги Ал-Рақиб маҳалласида тарқатилган варақалар орқали дарҳол ҳудудни тарк этишга чақирилди.
ҲАМАС расмийлари эвакуацияни тинч аҳолига босим сифатида баҳолади. Манба таъкидлашича, бу чора 3 000 киши кўчирилишига олиб келиб, гуманитар вазиятни янада мураккаблаштирган.
Маълумки, сулҳга биноан жанг тўхтаган, Исроил Ғазо ҳудудининг фақат бир қисмини тарк этган, ҲАМАС эса маҳбусларни қайтариб олган. Афсуски, томонлар битимнинг кейинги босқичлари бўйича келиша олмаяпти.

Ғазода 2 миллиондан ортиқ аҳоли ҳудуднинг учдан бир қисмида яшамоқда, кўпчилик вақтинча қўналға ёки шикастланган бинода кун кўрмоқда.
АҚШ режасига кўра, ҲАМАС қуролларини топшириши, Исроил ҳудудни тўлиқ тарк этиши ва халқаро ёрдам билан Ғазо тикланиши керак. Ҳозирча бу амалга ошмаган, одамлар қийинчиликда турмуш кечиряпти.
Шунингдек, кўчирилаётганларнинг яшаш шароити янада ёмон, озиқ-овқат ва бошпана танқислиги кучаймоқда. Маҳаллий манбалар эвакуация қилинган оилалар жиддий қийинчиликка дуч келишини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА