Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Исроил Ғарбий соҳилдаги Фаластин ерларини расмийлаштира бошлади
20:30 / 2026-02-17

Исроил ҳукумати ярим асрдан зиёд вақт ўтгандан сўнг, босиб олинган Ғарбий соҳилдаги фаластинликларга тегишли ерларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича қатъий режани маъқуллади. Экспертлар этник тозалаш, ҳудуд устидан тўлиқ назорат ўрнатишга уриниш сифатида баҳолаётган бу амалиётни Исроил расмийлари инқилоб, деб атамоқда.

Қарорга кўра, 1967 йилдан буён илк бор Ғарбий соҳилнинг қарийб 60 фоизини ташкил этувчи, бевосита Исроил назорати остидаги C ҳудуди хатловдан ўтказилади. Ерга нисбатан ҳуқуқни расмийлаштириш ниқоби остида кечаётган айни жараён эгалик мавқеини ҳужжат билан исботлай олмаган фаластинликлар ерини тортиб олиш имконини бериши мумкин.

Молия вазири Бецалел Смотрич, адлия вазири Ярив Левин ва мудофаа вазири Исроил Кац томонидан илгари сурилган мазкур таклиф амалда Исроил ҳудудини кенгайтириш, барча ерларда тўлиқ назорат ўрнатишга қаратилган.

Фаластин ҳукумати бу ҳаракатни халқаро ҳуқуқ меъёрига зид равишда ҳудудни амалда аннексия қилиш ва ўн йиллар давомида олиб борилган ноқонуний ер эгаллаш жараёнини расмийлаштириш, деб ҳисобламоқда.

Ф.Яхшибоева, ЎзА