English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Исроил – Фаластин зиддияти: Биз ёрдам эмас, қадр-қиммат истаймиз!
19:06 / 2024-10-22

Кеча Исроил Сурия ҳудудида Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига молиявий ёрдам берувчи қўмондон йўқ қилинганини эълон қилди. Бу ҳақда “The Straits Times” нашри хабар берди.

– Ушбу шахс Теҳрон нефти савдосидан тушган маблағни ўтказиш ва миқдорини назорат қилиш учун масъул “Ҳизбуллоҳ”нинг 4400-бўлинмасини бошқарган, – дейди Исроил армияси вакили Даниэль Хагари. – Бу лавозим аввал Шайх Салоҳ номи билан танилган Муҳаммад Жаъфар Қисирга тегишли эди.

У ҳаракатнинг асосий даромад манбаини йиллар давомида бошқарган, токи октябрь ойи бошида пойтахт Байрутга қилинган ҳужумда уни йўқ қилмагунимизча.

Сурия Мудофаа вазирлиги Дамашқда автомобилга қарата берилган зарба оқибатида икки киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Ушбу мамлакат Инсон ҳуқуқи тузилмаси маълумотига кўра, ХАМАС раҳбари Яҳё Синвар хотирасига бағишлаб тадбир ўтказилаётган ҳудудда шахсий автомобилини бошқариб бораётган шахс ҳаводан тўпга тутилган.

Хабарда келтирилишича, 4400-сонли бўлинма нефтни Сурияга етказиб бериш ва кейинчалик Ливанда сотиш вазифасини бажаради.

Ҳизбуллоҳни шимолий чегарадан сиқиб чиқариш учун қарийб бир ойдан бери ердан ҳужум амалга ошираётган Исроил сўнгги кунларда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳ молия тизимига қарши ҳаракатни кучайтирди.

Муҳаммад Айёд: Кечаси ухлайман, аммо уйғонишимни ишонмайман

Сами Айёд исмли 3 ёшли фаластинлик бола шанба куни Хон Юнус шаҳрида, Ғазо секторида кучли очарчилик туфайли юзага келган инқироз таъсирида ҳалок бўлди.

Марҳумнинг бобоси “CNN” телеканалига маълум қилишича, оила нонушта қилаётганда самолётдан ташланган ёрдам юкини олиш учун кўчма ҳудудга қараб ҳаракатланган. Шунда самодан учган оғир халта уч ёшли болакайни босиб қолди ва у ўша ондаёқ жон таслим қилди.

– Самининг холаси ва амакиваччаси ҳам оёғи, юзидан яраланди, - дейди отахон йиғлаб. – Биз ичкарида ўтиргандик. Ташқарига чиқишимиз билан... пакет набирамнинг устига тушди. Воқеа сонияларда содир бўлди. Касалхона йўқ, ақлдан озгандек югурдим. Афсуски, бола бир зумда вафот этди. Унинг оғзи-бурнидан қон чиқа бошлади, қутқара олмадим...

Ҳодисадан сўнг олинган тасвирда ер қон билан доғланганини кўриш мумкин. Оила аъзоларининг кўзлари ёшга тўла.

Дарвоқе, Ғазога инсонпарварлик ёрдамини бир неча давлат, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Иордания ва БАА ҳаво орқали юборган эди.

– Биз ёрдам истамаймиз, қадр-қиммат хоҳлаймиз, – дейди Самининг амакиси Муҳаммад. – Раҳмсизлар, болаларимиз, аёлларимиз, қарияларимизга қаранг! Бизнинг ҳаётимиз... – хорлик, ўлим, даҳшат. Кечаси ухлайман-у, аммо уйғонаманми, йўқми, билмайман. Биз инсонмиз, осмондан тушган овқатни илиб оладиган ҳайвонлар эмасмиз!

Ғазога ёрдам оқимини назорат қилувчи Исроил агентлиги шанба куни Бирлашган Араб Амирликлари Хон Юнусга ҳаво орқали  81 тўплам озиқ-овқат юборган. Шаҳардаги кўчирилганлар қўналғасида олинган видео тасвирдаги қоғоз қутиларда БАА байроғи акс этган.

БМТ ҳисоботига кўра, Исроил ёрдам киришини чеклагач, муҳим таъминот камайган ва 2 миллиондан ортиқ аҳоли очарчилик хавфи остида қолган. Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги ва тўйиб овқатланмаслик даражасини баҳоловчи Интеграциялашган фаза таснифи томонидан пайшанба куни эълон қилинган ҳужжатда тахминан 1,84 миллион фаластинлик ўткир очлик даражасига дуч келгани қайд этилган.

Инсон ҳуқуқи агентликлари бир неча бор ёрдам халталари ҳаводан ташланишини самарасиз усул сифатида баҳолаб, Исроил ҳукуматидан қуруқликдан анклавга ўтиш жойларидаги назоратни бекор қилишни талаб этяпти.

– Уч ёшли бола ҳарбий ҳужумдан бир йилдан кўп вақт давомида омон қолиши ва алал оқибат оғир ҳаво пакети зарбаси туфайли ҳаётдан кўз юмиши... БМТ экспертлари ва Халқаро суд томонидан потенциал геноцид, дея таърифланган ўтакетган шафқатсизлик, – деди Фаластинликлар учун тиббий ёрдам (MAP) лойиҳаси Ғазодаги дастурлари раҳбари Фикр Шаллтот.

Нетаньяху Трампга Исроил мустақил равишда қарор қабул қилишини айтди

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди, деб ёзган маҳаллий матбуот. Давлат раҳбари идораси баёнотига кўра, ҳукумат бошлиғи илгари очиқчасига айтган сўзларини яна такрорлаган.

– Исроил АҚШ ҳукумати кўтарган масалани инобатга олади, лекин якунда ўз миллий манфаатидан келиб чиқиб, мустақил қарор қабул қилади, – деган у.

19 октябрь куни расмийлар Вашингтондан иккинчи “THAAD” ракетага қарши мудофаа тизими сўрагани маълум қилинган эди. ОАВ ёзишича, ушбу аслаҳа Эроннинг кутилаётган ҳужумига қарши ишлатилади.

Пентагон раҳбари Ллойд Остин “THAAD” ва Америка ҳарбий хизматчилари гуруҳини Исроилда жойлаштиришга рози. Мудофаа вазирлиги бу ҳаракат ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятини кучайтиришга ёрдам беришини айтган.

“The Times of Israel” нашри яқинда Исроил хавфсизлик маҳкамаси Эронга қарши жавоб чораларини муҳокама қилиши мумкин, дея хабар тарқатди.

ХАМАС янги раҳбари номини ошкор қилиш режалаштирилмаган

ХАМАС вакили маълум қилишича, хавфсизлик нуқтаи назаридан гуруҳнинг янги етакчиси номини эълон қилмасликка қарор қилинган. Ҳаракат янги раҳбарлиги учун сайлов 2025 йил март ойида бўлиб ўтади. Ҳозирча эса беш кишидан иборат қўмита бошқарувни амалга оширади. Амалдаги барча аъзолар Қатарда жойлашган. Уоарга “фавқулодда вазиятда қарор қабул қилиш ва истиқболдаги режаларни бошқариш” вазифаси юкланган.

2024 йил июлда ХАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хания ва октябр ойида унинг вориси Яҳё Синвар ўлдирилди.

“NDTV” эслатишича, 2000 йиллар бошида, бир ой ичида, ҳаракат ҳаммуассиси ва раҳбари Аҳмад Ясин ва унинг вориси Абдул Азиз Рантисий ўлдирилганида ҳам ХАМАС гуруҳ янги раҳбари номини ошкор қилмаган.

Ўткир Мирзо тайёрлади.

ЎзА