Исроил мудофаа вазири Исроил Кац таъкидлашича, ушбу мамлакат Эронга қарши профилактик ҳужумлар уюштирган.
– Шу муносабат билан яқин келажакда Исроил ва яҳудий давлати аҳолисига ракета ва дрон ҳужуми кутилади, – дея таъкидлаган мулозим.
Айни пайт Эрон оммавий ахборот воситалари Теҳронда бир неча портлаш юз бергани ҳақида хабар бериб, тегишли тасвирларни ҳам илова қилган.
Исроил ОАВ ёзишича, мамлакат ҳаво майдони расман ёпилган. Қолаверса, Ички фронт қўмондонлиги хавфсизлик сиёсатида муайян ўзгаришлар жорий қилинганини айтди. Янги кўрсатмага мувофиқ, таълим тадбирлари, йиғилишлар ва иш жойига ташрифлар тақиқланган, муҳим соҳалар бундан мустасно.
Ислом Республикасига қарши иккинчи ҳаво ҳужуми доирасида жами 30 та манзилга ҳужум қилинган. Жумладан, Президент ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) разведкаси раҳбари қароргоҳи нишонга олинган.

ИИҚК манбалари Теҳрондаги Меҳробод аэропортига қилинган ҳужум ҳақида хабар берди. Теҳрон фонд биржаси савдо ёпилганини эълон қилди. Ракета зарбаси билан бир вақтда жадал кибер ҳужум бошланган.
АҚШнинг Эронга ҳужуми аллақачон бошланган, деб ёзди “The New York Times” ўз манбаларига таяниб.
Исроил Президент идораси ва Олий Раҳбар Ҳумонаийнинг уйи жойлашган Теҳроннинг хавфсиз ҳудудига ҳам ҳаво ҳужуми уюштирган. Бу ҳақда Исроил ҳарбий разведкаси учун махфий вакил ҳисобланган “Intelli Times” баёнот берди.
Эрон фуқаро авиацияси ташкилоти вакили ҳам мамлакат ҳаво ҳудуди кейинги эълон берилгунга қадар ёпилишини билдирди. АҚШ расмийси “Al Jazeera” нашрига берган интервьюсида Эронга уюштирилган ҳаво ҳужуми мамлакат хавфсизлигини бузишга қаратилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум кенг кўлам касб этган.
Ислом Республикаси ОАВ Теҳрондан ташқари Исфаҳон, Қум, Карож ва Кирмоншоҳда ҳам портлаш овози эшитилганига урғу берган. Олий Раҳнамо Ҳумонаий Теҳронда эмаслиги, хавфсиз жойга кўчирилгани айтилган.
“Reuters” агентлигига манба хабар беришича, Исроилнинг Ички фронт қўмондонлиги Эроннинг эҳтимолий жавоб зарбаларини олдиндан тахмин қилиб, янгиланган кўрсатмалар берган.

“The New York Times” газетаси АҚШ расмийларига таяниб ёзишича, АҚШнинг Эронга ҳужуми 2025 йил июнь ойида Ислом Республикаси ядровий иншоотларига берилган зарбаларга нисбатан “сезиларли даражада кучли” бўлади. Хабарларга қараганда, АҚШнинг ўнлаб ҳужумлари Яқин Шарқ бўйлаб базаларда жойлашган ҳужумкор самолётлар, шунингдек авиа ташувчилар томонидан амалга оширилмоқда.
Исроил ва Эрондан кейин Ироқ ҳам ўз ҳаво ҳудудини ёпганини эълон қилди. Маҳаллий ОАВ Бош вазир Биньямин Нетаньяху қарорига таяниб хабар беришича, Исроилнинг Эронга қарши янги ҳарбий кампанияси “Шер наъраси” деб номланган.
Эрон ҳукуматига яқин манбалар ҳаво ҳужуми оқибатида “сезиларли миқдорда” ИИҚК ходимлари ўлдирилгани ва яраланганини тасдиқлаган.

Президент Дональд Трамп ҳам Қўшма Штатлар “Эроннинг шафқатсиз режими томонидан эҳтимолий таҳдидни бартараф этиш” учун ушбу мамлакатга кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаганини эълон қилди.
– Мақсадимиз Эрон режими томонидан юзага келадиган бевосита таҳдидни бартараф этиш орқали Америка халқини ҳимоя қилиш, – деди Трамп ўз видео мурожаатида. – Қўшма Штатлар, айниқса маъмурият сиёсати ҳар доим бу террорчи режим ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигини таъминлашга қаратилган. Америкаликлар йўқотишларга учраши, аскарларимиз қурбон бўлиши мумкин. Биз эса уларнинг ракеталари ва умуман ракета саноатини, денгиз флотини йўқ қиламиз.
“Reuters” агентлиги Эрон расмийсига таяниб маълум қилишича, Теҳрон “қатъий” жавоб чораларини тайёрламоқда. Шунингдек, АҚШ зарбалари ҳарбий нишонларга қаратилгани ҳам таъкидланган.
С.Раҳимов, ЎзА