Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Исроил – Эрон уруши глобал иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатади?
15:23 / 2025-06-18

“Глобус” лойиҳасида “Al-Zazeera” нашри етакчи илмий ва молиявий маслаҳатчиси Александр Козул-Райтнинг “Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш глобал иқтисодиёт учун нимани англатади?” сарлавҳали таҳлилий мақоласи тақдим этилади.

– Исроил ва Эрон ўзаро ҳужумларни давом эттираркан, кескинлик бартараф этилмас экан, глобал иқтисодиёт жиддий салбий зарбага дуч келиши мумкин.

Вазият тақозоси билан инқироз дунёнинг асосий нефть ва газ қазиб олувчи минтақаларидан бирига тарқалиб кетиши хавфи кучаймоқда. Масалан, Исроилнинг жума кунги кутилмаган ҳужумидан сўнг фонд бозори дастлаб бир қўзғалди ва хайриятки, кейин барқарорлашди.

Исроил Эроннинг бир неча олий ҳарбий қўмондони ва ядрочи олимлари, шунингдек ядровий иншоотларини нишонга олгач, бир кун ўтиб, шанба куни қазиб олинадиган ёнилғи секторини ҳам тўпга тутди.

Эрон давлат матбуоти Жанубий Парс газ конида ёнғин чиққани ҳақида хабар берди. Расмийлар Исроил ҳужуми натижасида 220 дан зиёд одам, жумладан камида 70 нафар аёл ва бола ҳалок бўлганини тасдиқлади ва жавобан баллистик ракета, дрон билан зарба берди. Ҳужумларнинг муайян қисми мўлжалга етиб бориб, Исроил мудофаасини ёриб ўтди, камида 24 киши ҳаётдан кўз юмди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқ орқали Теҳронни навбатдаги “аллақачон режалаштирилган ҳужумлар янаям шафқатсизроқ” бўлишидан огоҳлантирди ва “Эрон ҳеч нарса қолмасидан олдин (ядро дастури бўйича) келишувга эришиши керак”, дея қўшимча қилди.

Яқин Шарқнинг икки қудратли армияси ўртасидаги зиддият кенг кўламли урушга айланаркан, молиявий бозор ва авиация сектори жиддий зарар кўрмоқда. Таҳлилчилар нефть нархини кузатяпти, инвесторлар олтин каби хавфсиз захираларга мурожаат қилмоқда.

Кенг миқёсли уруш вазиятни янада ёмонлаштириши мумкин, дея огоҳлантирган экспертлар.

Нефть нархи қандай ўзгаряпти?

Душанба куни эрталаб “Brent” маркали нефть Исроил кутилмаганда ҳужум бошлашдан бир кун олдинги пайшанбага нисбатан қарийб 7 фоиз кўтарилиб, бир баррель учун 74,60 долларга чиқди.

Дунё бўйича нефть, табиий газ каби асосий маҳсулотларнинг салмоқли қисми Яқин Шарқ, жумладан Ҳормуз бўғозидаги юк ташиш йўлакларидан ўтади. Эронни Форс кўрфазининг бошқа давлатларидан ажратиб турувчи мазкур тор сув йўли Араб денгизини Ҳинд океани билан боғлайди. Ер юзи бўйлаб денгиз орқали ташиладиган “қора олтин”нинг учдан бир қисми учун қувур вазифасини ўтайдиган мазкур ҳудуд кунига 21 миллион баррель нефть ўтказади.

Энг тор нуқтасида эни 33 километр (21 миль)ни ташкил қиладиган сув йўли ҳужумлардан яхши ҳимояланмаган.

Исроил – Эрон можароси нефть нархи кескин ошишига сабаб бўляпти. Натижада анча вақтдан бери кун тартибидан тушмаётган “Теҳрон асосий денгиз назорати нуқтасини ёпадими? деган саволни янада жонлантирди.

ИРНА ахборот агентлиги Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси аъзоси, асосий консерватив қонунчи Исмоил Косарийга таяниб, Исроил билан зиддият кучайиб бораётгани сабабли Теҳрон бўғозни ёпиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди.

Йирик халқаро инвестиция банки ва активларни бошқариш компанияси –  “Goldman Sachs” маълумотига кўра, Ҳормуз бўғозини беркитиш билан боғлиқ энг ноқулай тахмин ўзини оқласа, нефть нархи бир баррель учун 100 доллардан ҳам ошиб кетади.

Бинобарин, 1980-88 йиллардаги даҳшатли Эрон – Ироқ уруши пайтида ҳам Ҳормуз тўлиқ ёпилмаган. Ўша урушда икки давлат Форс кўрфазидаги тижорий юк ташишни таъқиб қилган.

Бундан ташқари ўта муҳим бўғозни тўсишга уриниш Хитойга экспортни тўхтатиб, Теҳронни қимматли даромаддан маҳрум қилиши мумкин.

“TS Lombard” стратегик ва сиёсий тадқиқот фирмаси иқтисодий таҳлилчиси Ҳамза Ал-Ғуд ҳам “Бўғоз ёпилиши Теҳроннинг ўзи учун жиддий оқибатларга олиб келади” деган.

Глобал инфляциянинг таъсири сезилдими?

Нефть нархи кўтарилса, ишлаб чиқариш сарфи ошади. Натижада айни таъсир охир-оқибат озиқ-овқат, кийим-кечак, кимёвий моддалар каби кўп энергия талаб қиладиган асосий истеъмол молларига нисбатан ҳам сезила бошлайди. Можаро давом этаверса, бутун дунё бўйлаб нефть импорт қилувчи давлатлар юқори инфляцияга, иқтисодий пасайишга дуч келиши мумкин.

Таҳлилчилар огоҳлантиришича, Марказий банклар нархни назорат қилишга уриниб, келгусида сиёсий мослашувчанликка камроқ эътибор қаратиши мумкин.

– Масалан, G7 давлатлари Марказий банкирлари ҳозир фоиз ставкасини пасайтириш ғамида, – дейди Ал-Ғуд. – Шунинг учун улар энергия нархи жараёнга зарба бериши эҳтимолидан хавотирда.

Яқинда Англия банки Буюк Британиядаги бенчмарк фоиз ставкасини 4,25 фоизгача туширди. АҚШ Федерал захира тизими эса Трамп ҳокимиятга қайтгандан кейин, деярли, барча мамлакатларга нисбатан жорий қилинган тарифлар туфайли ставка пасайтирилишини тўхтатган.

Вазиятнинг бозорга таъсири...

Айни пайт Уолл-стрит зиён кўрмоқда. Жума куни S&P 500 ва “Nasdaq Composite” нархи мос равишда 1,1 ва 1,3 фоизга тушиб кетди. Яқин Шарқда Мисрнинг бенчмарк EGX-30 индекси якшанба куни 7,7 фоиз, Тель-Авив фонд биржаси 35-индекси эса 1,5 фоиз камайди.

Европа акциялари қиймати ҳам пасайган. Германиянинг DAX ва Франциянинг CAC-40 кўрсаткичи ўтган ҳафта охирида 1,1 фоиздан кўпроқ арзонлашди, Буюк Британиянинг FTSE-100 кўрсаткичи жума куни 0,5 фоиз тушиб кетди.

Тўғри, баъзи Британия компанияларида аксинча ҳолат кузатилди. Мудофаа пудратчиси “BAE Systems” жума куни қарийб 3 фоиз фойда кўрди. Демак, кескинлик кучайиши эҳтимоли юқори эканлигидан хавотир бор.

АҚШда мудофаа тизими етказиб берувчилари, жумладан “Lockheed”, “Northrop Grumman” ва RTX ҳам фойдага чиқди. Йирик нефть компаниялари – BP ва “Shell” акциялари мос равишда қарийб 2 ва 1 фоиз қимматлашган.

Олтин нархи жума куни тахминан 1 фоиз ошиб, бир унция учун 3,426 долларни ташкил этди ва апрель ойи рекорди – 3,5 мингга яқинлашди.

Инвесторлар душанба куни нефть ва олтин нархи пасайгани, қимматли қоғоз қимматлашгани сабабли хавф-хатарли активларга нисбатан ўз позицияларини юмшатишди.

Умуман, бозор низолар билан боғлиқ назорат остида қолиши эҳтимоли юқорига ўхшайди.

– Муҳими, Эрон минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига ҳужум қилмаяпти, – дея хулоса қилади Ал-Ғуд.

 

Ҳаво ҳудуди ёпилиши авиация секторига қандай таъсир кўрсатди?

Қатор авиакомпаниялар Яқин Шарққа парвозларни тўхтатди ёки бекор қилди, баъзи давлатлар ҳаво ҳудудини ёпди.

Яқин Шарқдаги энг йирик авиакомпания – “Emirates” Ироқ, Иордания, Ливан ва Эронга рейсларини 30 июнга қадар тўхтатган, Ливанга эса якшанбача самолёт учирмайди.

“Etihad Airways” 22 июнга қадар Абу-Даби ва Тель-Авив ўртасидаги парвозларни бекор қилди. Авиакомпания яна бир неча хизмат йўналишини ўзгартирмоқда, мижозларга вазият ҳақидаги янги маълумотларни кутиш маслаҳати берилган.

“Qatar Airways” авиакомпанияси давом этаётган кескинлик туфайли Эрон, Ироқ ва Сурияга учишни вақтинча чеклади. Йўловчиларга саёҳат режалаштиришдан олдин ҳолатни текшириш тавсия этилди.

Эроннинг расмий ИРНА ахборот агентлиги мамлакат Авиация маъмурияти ҳаво ҳудудини кейинги огоҳлантиришгача ёпишганини эълон қилди.

Давлат матбуоти хабар беришича, жума куни Ироқ ҳам ўз ҳаво ҳудудини ёпган ва аэропортлардаги барча қатновларни тўхтатган. Ушбу мамлакат шарқий қисмидан сайёрамизнинг энг гавжум ҳаво йўлакларидан бири ўтган. Ўнлаб рейс исталган вақтда шу ҳудудни кесиб ўтади. Европа ва Форс кўрфази аро кўпчилик Осиёдан Европага айни йўналишда парвоз қилади.

Иордания Фуқаро авиацияси бошқармаси “минтақадаги вазият кескинлигидан келиб чиқадиган ҳар қандай хавфни кутиш учун” мамлакат ҳаво ҳудудини “вақтинча” ёпганини билдирди.

Ал-Ғуд таъкидлашича, “Яқин Шарқ туризмида қисқа муддатли, бир ой ёки кўпроқ вақт узилиш юзага келиб, кейин вазият ўнгланиши мумкин.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА