Тўртинчи кунга келиб, Яқин Шарқдаги урушнинг географияси кенгайиб, сиёсий вазни ҳам оғирлашгандек. Исроил ҳарбийлари Теҳрондаги Президент маъмурияти мажмуасига зарба берганини билдирди. “Euronews” нашри ёзишича, бу ҳужум рамзий ва стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Яъни, гап шунчаки бир манзил эмас, балки давлат бошқаруви маркази ҳақида кетяпти.
Назар давлат тизимининг муҳим инфратузилмасига қаратилган. Сўнгги кунларда Исроил ҳудуди, Кўрфаз давлатларига қарши ракета ва дрон ҳужумини кучайтирган расмий Теҳрон ушбу хабарга ҳозирча батафсил изоҳ бермади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп душанба кунги чиқишида Эронга қарши амалиёт “бир неча ҳафта” давом этиши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, “янада чўзилиши мумкин”лигини таъкидлаб, ҳарбий босим қисқа муддатли эмаслигини қўшимча қилтди. Мазкур баёнот Вашингтоннинг стратегик сабри узоқни кўзлаётганини кўрсатади.
Хуллас, АҚШ ва Исроилнинг биргаликдаги ҳужумига Теҳрон минтақавий миқёсда жавоб қайтара бошлади. Исроил шаҳарлари, Саудия Арабистонидаги АҚШ элчихонаси, Қатардаги энергетика иншооти нишонга олингани айтилди. Демак, бу уруш энди фақат икки давлат чегарасида давом этаётгани йўқ, балки бутун минтақага тарқалган.
Мусулмон Зиё, ЎзА