“РИА Новости” Эрон давлат телевидениесига таяниб ёзишича, Натанзадаги ядро объектларига Исроил томонидан бир неча марта ҳаводан зарба йўлланган.
Ислом Республикаси парламенти Миллий хавфсизлик комиссияси раҳбарияти ҳам Исроил ҳарбий ва ядро объектларига ҳужум уюштирганини тасдиқлади.
Шунингдек, яҳудий давлати яширин жосуслик амалиёти тадбирларини ҳам ўтказган. Бу ҳақда “Axios” нашри исроиллик юқори мартабали амалдорга таяниб хабар тарқатди:
– Моссад Эрон ичкарисида яширин қўпорувчилик амалиётини амалга оширди. Бундан кўзланган мақсад стратегик ракета объектлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига зарар етказиш.
“Рейтер” ёзишича, Исроил расмийси Эрон бир неча кун ичида 15 дона ядро бомбаси яратиш учун етарли ресурс – термоядровий материалга эгалигини айтган.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида идора раҳбари Гидеон Саар айни дам ҳамкор давлатлардаги ҳамкасблари билан Вазирлар Маҳкамасининг Эрон таҳдидини бартараф этиш қарори ва Исроил армиясининг кейинги ҳаракатлари юзасидан телефон орқали музокаралар олиб бораётгани маълум қилинган.
Эронга берилган зарбадан сўнг Исроил Бош штаби раҳбари генерал-лейтенант Эял Замир армия ўн минглаб аскарни чақириб, барча чегараларда тайёргарлик кўраётганини айтди:
– Биз ўн минглаб аскар чақириб, барча чегараларда тайёргарлик кўряпмиз.
Биринчи ҳужум нишони ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, “ер-ер” ракеталари ҳамда Эроннинг юқори мартабали амалдорлари, жумладан Бош штаб масъуллари ва ядровий олимлар бўлди. Уларга қарата бир вақтнинг ўзида бутун мамлакат бўйлаб юқори аниқликдаги кенг кўламли зарбалар берилди.
Эрон давлат телевидениеси Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, “Ҳотам Ал-Анбия” ИРҚ марказий қароргоҳи қўмондони Ғулом Али Рашид, физик олим Муҳаммад Меҳдий Теҳрон ва Энергетика ташкилоти собиқ раҳбари Ферди Аббосий ҳалок бўлгани эҳтимоли ҳақида хабар тарқатди.
Эрон парламенти Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси расмий вакили Иброҳим Ризоий Эрон Исроил ҳужумини жавобсиз қолдирмаслигини айтди. Йнет портали Исроил ҳам Яман, Ливан ва Суриядан кучли зарбалар берилишига тайёрланаётгани ҳақида хабар берди.
Исроил Бош штаби раҳбари айтишича, жавоб зарбасидан кутилаётган қурбонлар исроилликлар ўрганиб қолганидан фарқ қилади.
– Исроил фуқаролари, мен мутлақ муваффақиятга эришишни ваъда қила олмайман – Эрон режими бунга жавобан бизга ҳужум қилишга уриниб кўради ва кутилаётган қурбонлар аввалгиларидан фарқ қилади. Исроил кучлари мамлакатнинг орқа қисмини ҳимоя қилишга тайёр ва сизлардан ўзингиз, оилангиз ва жамоаларингиз учун жавобгар бўлишингиз ҳамда кўрсатмаларга қулоқ солишингизни сўрайман, – дейилган давлат раҳбарининг ижтимоий тармоқдаги баёнотида.
Ўтган тун Исроилнинг Бен Гурион аэропорти барча рейсларни бекор қилган, йўловчилардан аэропорт биносини тарк этиш сўралган, деб ёзди “РИА Новости” агентлиги.
Исроилнинг Теҳронга ҳужуми жавобсиз қолмайди, деди Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси расмий вакили Иброҳим Ризоий.
“ILNA” агентлиги унинг сўзларидан қуйидаги иқтибосни келтирган:
“Ҳеч қандай ёвузлик жавобсиз қолмайди”.
С.Раҳимов, ЎзА