Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Исрофда яхшилик йўқ
16:56 / 2019-09-11

Керагидан ортиқ сарфланган ёки беҳуда ишлатилган ҳар бир нарса исрофдир.


Керагидан ортиқ сарфланган ёки беҳуда ишлатилган ҳар бир нарса исрофдир. Жумладан, тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдабалар ҳам. Масалан, айрим кишилар йиллар давомида катта машаққат билан йиққан давлатини тўй бошлаганидан сўнг ўткинчи ҳою ҳавас, сохта обрў учун совуриб юборади. Ҳар доим тўй қиляпманми, дея етмаганига қарз ҳам кўтаради. Икки ёшнинг келажак ҳаётини эса ўйлаб ҳам ўтирмайди.

Тўй ва маросимлар дабдабаси, сохта мақтовлар, маҳаллалардаги дув-дув гаплар ҳар қанча чиройли кўринмасин бу, аввало, катта исроф, динимизга ёт тушунчалардир.

Кўпни кўрган кишилар оилада эр ҳисоб-китобни жойига қўймаса, хотин тежашни билмаса, улар ўртасида муроса бузилиб, етишмовчиликлар келиб чиқади, дейди. Афсуски, баъзи оилаларда динимизнинг исрофдан сақланиш ҳақидаги кўрсатмаси унутилган: тежамкор бўлишга тарғиб этилмайди, фарзандлар ҳам вақтини беҳуда нарсаларга совуради. Охиратда Аллоҳ таолонинг ҳар бир неъматидан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарфлаганимиз, шукрини қай даражада адо қилганимиз ҳақида сўраламиз, aхир.

Ҳадисларда исрофгар жаннатга кирмаслиги зикр қилинган. Маърака-маросимларда беш хил, баъзан етти хил таом тортилиши керак, деган тушунчалар кўпчилигимизнинг қорин ғамига муккасидан кетганимиздан дарак. Аслида ортиқча овқат еган ёки ичимлик ичган одамнинг танаси оғирлашади, тоат-ибодатида ҳаловат йўқолади, меҳнат қилишга малолланиб қолади.

Ҳозир эҳтиёжидан ортиқ еб-ичиш оқибатида семизлик касаллигидан азият чекаётганлар сони дунё бўйича тобора ортиб бормоқда. Ҳолбуки, динимизда танага зарар бўладиган даражада кўп ейиш ҳаромдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамзод қориндан кўра ёмон бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласига гавдасини тик тутишга бир-икки луқма озуқа етади. Агар кўпроқ егиси келса, унда ошқозонининг учдан бири овқатга, учдан бири ичимликка, учдан бири ҳавога тўлдирилиши керак”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Боболаримиз оиласи эҳтиёжидан ортса, қўни-қўшниси, ёрдамга муҳтож кишилар билан баҳам кўришган. Машойихлар: “Яхшилик қанча кўп қилинса ҳам исроф бўлмайди. Аммо исрофнинг зарраси ҳам ҳаромдир” деб таъкидлаган. Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида қилинган ҳар қанча хайр-эҳсон исроф бўлмайди. Ва аксинча, ҳар қандай исроф, гарчи зоҳиран чиройли кўринса ҳам, унда бирор яхшилик йўқ.

Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб бундай марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят). Халқимиздаги: “Ноннинг ушоғи ҳам нон”, деган нақл моҳиятини яхши англаган кайвони онахонларимиз келинларига қотган нонларни ҳам ташлаб юбормай, балки ундан бошқа бирор таом тайёрлаш йўл-йўриғини ўргатишган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиш, уларни тежаб, исроф қилмай ишлатиш банданинг вазифаси. Шундай экан, ҳар бир неъматга алоҳида эътибор билан ёндашиб, фарзандларимизга ҳам улардан оқилона фойдаланишни ўргатсак, гуноҳлардан сақланган бўламиз.

Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳридаги “Коҳ ота Бузрук”
жоме масжиди имом-хатиби