Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Испанияда уй-жой инқирози (+видео)
17:36 / 2025-08-07

Европада миллионлаб одам уй-жой сотиб олишга қурби етмаяпти. Бу муаммо бўйича Испания инқироз марказида турибди, дейиш мумкин.

Euronews халқаро мухбири Валери Гориа Барселонадан хабар беришича, ушбу шаҳарда ижара ҳақи кескин ошиб бориши ва кўчмас мулк бозоридаги фирибгарлик ҳолатлари аҳолини янада қийин аҳволга солмоқда.

2010 йилдан буён Европа Иттифоқида уй-жой ўртача 50 фоиздан зиёдроқ қимматлашиб, ижара ҳақи 26 фоиз ошган. Бу борада энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан бири бўлган Испанияда сўнгги ўн йил ичида ижара пули 80 фоиз кўтарилган. Инқироз омили сифатида уй-жой тақчиллиги, қурилиш харажати юқорилиги ва хорижий инвесторлар томонидан чайқовчилик авж олдирилиши каби сабаблар кўрсатиляпти.

– Барселона – сайёҳ тўла манзил, бу ерда ижара тўлови ҳаддан ташқари юқори, – дейди шаҳарда анчадан бери истиқомат қилиб келаётган Росарио Кастельо.

Британия компанияси сотиб олган бинодан энди Росариони кўчиришлари мумкин. Яъни, у ижарада яшаб келган уйнинг эгаси ўзгарди. Энди ижарачилар кўчирилади ёки ижара ҳақи оширилиши мумкин.

– Фарзандларим улғайган ушбу хонадонда 26 йилдан бери яшайман, тикув цехим ҳам шу ерда жойлашган, дейди у қизи билан бирга тиккан либосларини намойиш қиларкан. – Харидор компания энди турар жойимизни тортиб олиб, оиламизни барча хотираларимиздан айирмоқчи.

Росарио бинода яшаб турган охирги ижарачи. Бошқалар кўчиб кетишга мажбур бўлди. Бўшаган хонадонлар қайта жиҳозланиб, чет элликларга қисқа муддатли ижарага бериляпти.

– Баъзи жамғармалар қайта сотиш илинжида бутун - бутун биноларни оммавий равишда сотиб оляпти, – дея сўзида давом этади ғазабланган Кастельо. – Бизга эса, шунчаки, эшикни кўрсатишяпти. Буни тўхтатиш керак!

Ижара муддати тугаганига қарамай, Росарио кўчиш таклифини рад этиб турибди:

– Судлашишдан бошқа чора йўқ. Уйни бўшатишим учун арзимас товон пули таклиф қилишяпти. Менинг бошқа борадиган жойим йўқ.

Барселонада шунга ўхшаш вазиятга тушган аҳоли бирлашмоқда. Улар мавжуд ҳолатга барҳам бериш учун ҳокимиятдан вазиятга аралашишни талаб қилишмоқда:

– Уй-жой ҳуқуқи умуман ҳимояланмаган, шунинг учун курашмоқчимиз – дейди Касаба уюшмаси аъзоси Мартина Гес Торра. – Ҳукумат инқирозни назорат остига олишга ҳаракат қиляпти. Масалан, ЕИга аъзо бўлмаган давлатлар фуқаролари томонидан мулк сотиб олиш учун солиқни ошириб, ижарага бериладиган уй-жойга чеклов киритмоқчи.  

Барселона мэри Хауме Кольбони шаҳарда нарх саккиз фоиз тушганини таъкидлаб, шундай дейди:

– Ижара қимматлашишини тартибга сола бошладик. Европа Комиссияси муаммога бефарқ бўлмаслиги керак. Муайян институтлар бундай муҳим ҳолатни эътиборсиз қолдираётганини фуқаролар кўрса, жиддий тушунмовчилик юзага келиши мумкин. Бу масалага шунчаки ижтимоий муаммо эмас, балки демократик Европа лойиҳаси келажаги, дея қараш керак.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fbDmiqKbiZI" title="Ispaniyadauy-joy inqirozi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА