Футбол бўйича Испания Суперкубогининг финал учрашуви жорий йилнинг 11 январь куни соат 23:59 да бошланади. Унда Мадриднинг “Реал” жамоаси Каталониянинг “Барселона” клубига қарши ўйин ўтказади.
Кеча тунда мусобақанинг иккинчи ярим финал учрашувидан ўрин олган “Атлетико Мадрид” ва “Реал Мадрид” ўртасидаги баҳсда Хаби Алонсо шогирдлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Дастлаб, баҳснинг 2-дақиқасида Федерико Вальверде узоқ масофадан гол урган бўлса, 55-дақиқада Родриго фарқни иккитага оширди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, “Атлетико” ҳужумчиси Сёрлот ҳисобни қисқартирди.
Испания Суперкубогининг илк ярим финал ўйинида “Барселона” 5:0 ҳисобида “Атлетик Бильбао”ни таслим этган эди.
Шу тариқа, мазкур мусобақанинг бош соврини учун ўтадиган финал ўйинида “Барселона” ва “Реал Мадрид” жамоалари ўзаро рақобатлашади. Дарвоқе, бу сафарги баҳс Суперкубок доирасидаги ўн тўққизинчи тўқнашув. Бунгача бу икки жамоа мусобақа доирасида 18 маротаба тўқнаш келган.

Унда “Қироллик клуби” 10 маротаба зафар қучган бўлса, “Барселона” 6 ўйинни ўз фойдасига ҳал этган. Қолган икки ўйин дуранг билан якунланган.
Маълумот ўрнида, Испания Суперкубогида “Барселона” 15 маротаба, “Реал Мадрид” эса 13 марта бош совринга эга чиққан.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА