Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилар...
Маълумотларга кўра, йил бошидан буён 1056 ҳайдовчи автомашинани маст ҳолда бошқаргани аниқланган.
Маълумотларга кўра, йил бошидан буён 1056 ҳайдовчи автомашинани маст ҳолда бошқаргани аниқланган. Бу ҳайдовчиларнинг 198 нафари карантин тадбири жорий этилган вақтда ана шу қўпол қоидабузарликни содир этган. Тошкент вилоятида эса бугунга қадар маст ҳайдовчилар айби билан 5 кўнгилсиз ҳодиса содир бўлди.
Шу сабабли биз бу мақоламизда маст ҳолда автомобиль бошқаришнинг аянчли оқибатлари ҳақида фикр юритамиз.
18 март куни Тошкент вилояти Қибрай туманида фаолият олиб бораётган йўл-патруль хизмати инспекторлари “ВАЗ-21053” русумли, давлат рақами 01 493 ЕВА бўлган транспорт воситасини текшириш учун тўхтатади. Аниқланишича 1992 йилда туғилган ҳайдовчи Умиджон Рустамов бошқарувидаги бу автомобиль “Тошкент иссиқлик маркази” ДУКга қарашли экан. Суҳбат жараёнида ҳайдовчи ЙПХ инспекторидан узоқроқ туришга, кўзини яширишга ҳаракат қила бошлайди. Зукко инспектор бу ҳолатни дарҳол илғаб ҳайдовчини тиббий экспертизага таклиф этади. Шифокорлар кўриги эса уни спиртли ичимлик таъсиридан маст ҳолатда эканини тасдиқлаб беради. Шундан сўнг инспектор унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини жарима майдонига қўяди.
Худди шунга ўхшаш яна бир мисол. Маълумки, карантин даври юк автомобилларига махсус рухсатномаларсиз ҳаракатланишга рухсат берилди. Шундай бўлсада, 20 март куни вилоятнинг Бўка туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторлари “MAN” русумли, давлат рақами 01 137 SEA бўлган юк машинасини текшириб кўришади. Текширув вақтида “BEST POULTRY” МЧЖга қарашли транспорт воситасини ишончнома орқали бошқараётган ҳайдовчининг ҳолати инспекторларда шубҳа туғдиради ва уни тиббий кўрикка таклиф этади. Шифокорлар бу ҳайдовчи ҳам маст ҳолда транспорт бошқарганини тасдиқлаб беради.
Ана энди юқоридаги ҳолатларни бироз таҳлил қилиб кўрамиз. Мавжуд қоидаларга асосан юридик мақомдаги транспорт воситалари йўналишга чиқишдан олдин корхонадаги механиклар томонидан текширилиши, ҳайдовчиларнинг ҳолати эса шифокор кўригидан ўтиши лозим. Бу текширувларда камчиликлар аниқланса ёки ҳайдовчининг саломатлиги талабга жавоб бермаса у йўналишга чиқмаслиги керак. Лекин юқоридаги ҳар икки ҳолатда ҳам текширувчилар ўз вазифаларини бажармаган ёки транспорт воситалари ишдан сўнг гаражига кирмасдан ҳайдовчиларнинг уйида қолган.
Бу масъулиятсизлик эса иккинчи, ўта хавфлироқ масъулиятсизликни келтириб чиқарган. Яхшиямки, инспекторлар уларни ўз вақтида тўхтатиб қолган. Акс ҳолда ким билади, улар бирор-бир кўнгилсизликни, фалокатни келтириб чиқариши ҳам ҳеч гап эмасди.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчилар ҳақида гапирар эканмиз, юқорида келтириб ўтилган рақамларга яна бир бор эътибор беришингизни истардик. Балки бу рақамлар кимлар учундир камга ўхшаб кўриниши мумкин. Лекин масала моҳиятига чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсакчи? Беш ҳайдовчи қонун ва ўзгалар ҳаёти олдидаги масъулиятни унутиб рулга ўтиргани ва бу билан ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйганини кўрамиз. Бевақт ҳалок бўлганларни эса масъулиятсизлик қурбони, десак хато қилмаган бўламиз.
Шу ўринда маст ҳолда рулга ўтирмоқчи бўлган ҳайдовчиларимизга масаланинг бошқа бир томонини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз. Борингки, сиз маст ҳолда транспорт бошқариб йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг қўлига тушдингиз, аниқроғи қонун олдида жавоб беришингизга тўғри келиб қолди. Хўш, бунда қонун қандай жазо чораларини кўзда тутади? Биз бу ҳақда авваллари ҳам бир неча бор ёзиб, эслатиб ўтган эдик. Шундай бўлсада бу ҳақда яна бир бор гапириб ўтишни лозим деб топдик.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида бу ҳақда аниқ-равшан ёзиб қўйилган: “Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади”.
Ҳозирги кунда республикамизда базавий ҳисоблаш миқдори 223 минг сўмлигини инобатга олсак жарима миқдори 5 миллион 575 минг сўмни ташкил этади. Бундан ташқари ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш, рўзғорини боқиб турган ишидан ҳам жудо бўлишни, оила даромадсиз қолишини англатади. Демак, маст ҳолда машина бошқариш ҳар томонлама зарарли. Тўғрида, 5 миллион 575 минг сўм жарима ҳар қандай оиланинг ҳам даромадига яхшигина салбий таъсир кўрсатади. Шунча пулни жаримага тўлагандан кўра рўзғорга, фарзандларига ишлатиш яхши эмасми? Шу ўринда халқимизнинг ибратли бир нақли ёдга тушади: “Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилар”. Буни изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Хулосани ҳар ким ўз чўнтагига қараб, ақл билан чиқариб олади.
Рустам АСҚАРОВ,
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ
Ахборот хизмати бошлиғи,
катта лейтенант.