Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун халқаро стандартлар ҳам ишлаб чиқилган.
Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун халқаро стандартлар ҳам ишлаб чиқилган.
Шулардан бири - ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизими ҳисобланди. Мазкур стандарт коррупция билан боғлиқ хатарларни бартараф этишга қаратилган механизм эканлиги билан аҳамиятли. У ташкилотларга порахўрларга қарши тадбирларни ташкил этиш, амалга ошириш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтиришга ёрдам беради.
ISO 37001:2016 - 2016 йилда Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) томонидан эълон қилинган бошқарув тизимининг стандартидир.
Стандарт коррупцияга қарши бошқарув тизимини (ABMS) ташкил этиш, жорий этиш, бошқариш, қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда такомиллаштиришга қаратилган талабларни белгилайди. Шунингдек, ташкилот ушбу стандарт талабларига риоя қилиш учун қандай ҳаракатлар ва ёндашувларни амалга ошириш тўғрисида кўрсатма беради.
Стандарт коррупциянинг олдини олиш ва аниқлаш бўйича бир қатор тадбирларни ўз ичига олади. Ушбу чоралар коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши фаолият учун масъул шахсни тайинлаш, ўқитиш, лойиҳалар ва бизнес шерикларини ҳуқуқий баҳолаш ва хавфни баҳолаш, молиявий ва тижорат назорати, ҳисобот ва текширув тартибларидан иборат.
Бу стандарт ҳар қандай ташкилотга мос келади. Сертификат олиш учун ташкилот маълум стандартларга жавоб беришини исботлаши лозим. Ушбу стандартларга қуйидагилар киради: коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш; топ-менежментнинг коррупцияга қарши бошқарув тизимини жорий қилиш ва таъминлашдаги ролини ошириш; ташкилотдаги ҳар бир киши тизимни тушунишини ва коррупциянинг олдини олиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини таъминлаш чоралари мавжудлиги; қарама-қарши томонларнинг хатарларини муносиб баҳолаш; коррупция билан боғлиқ қоидабузарликларга нисбатан тегишли чораларнинг мавжудлиги; коррупция билан боғлиқ муаммоларни олиб чиқишнинг самарали механизмлари мавжудлиги.
Стандартни татбиқ этадиган ташкилотлар учун кўпгина афзалликлар мавжуд. Аниқроқ айтганда, ушбу стандарт бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш хатарлар хавфини камайтиради.
Ушбу стандарт ошкораликни қўллаб-қувватлаш ва манфаатдор томонларнинг коррупцияга нисбатан позицияси тўғрисида хабардор бўлиш учун восита бўлиб хизмат қилади. Манфаатдор томонлар таркибига директорлар кенгаши, ходимлар, бизнес шериклар ва инвесторлар киради.
Стандарт манфаатдор томонларни ташкилотда коррупциянинг олдини олиш учун тегишли чораларни кўрилаётганига ишонтиради.
Шунингдек, ташкилотни, унинг активларини, акциядорлари ва директорларини коррупция ва коррупциянинг салбий таъсиридан ҳимоя қилади.
Стандартни амалга ошириш ташкилотларга амалдаги қонунларга мувофиқликни намойиш этиш усулини таклиф қилади.
ISO 37001 бошқа стандартлар - ISO 9001, ISO 14001 ва ISO 45001 билан бир хил тузилишга эга. Шунинг учун уни бошқаришнинг мавжуд тизимларига осонлик билан киритиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ISO 37001 Коррупцияга қарши бошқарув тизими коррупцияга қарши сиёсат ва уни қўллаб-қувватлайдиган бошқарув тизими бўлиб, ташкилотга коррупцияни амалга оширишда харажатлар, хатарлар ва зарарларнинг олдини олиш ёки минималлаштириш, ишбилармонлик муносабатларига бўлган ишончни ривожлантириш ҳамда ташкилотнинг обрўсини оширишга ёрдам беради.
А.Сафарова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими.