Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Исми ва жисмига мос юрт қаҳрамони фарзандиман”
19:16 / 2024-01-10

Ватанимизнинг мустақиллигига эришиши, бугунги тинч ва фаровон кунлар ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Осойишта ҳаётимизни издан чиқаришга уринишлар, террорчилик хуружлари бўлди. Ботир ҳарбийларимиз жасорат кўрсатиб, ғаразли кучларга қақшатқич зарба берган. Юртимиз ҳимояси йўлида юзлаб ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари мардонавор курашиб, ҳалок бўлди.

Президентимиз Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари билан учрашувда таъкидлаганидек, эл-юрт учун жонини фидо қилган ўғлонларимизни “ҳалок бўлган” дейишга тил бормайди. Улар оиласи учун, Ватанимиз учун ҳамиша барҳаёт. 

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрилик Қаҳрамонжон Мадолимов ҳам мард ўғлонлардан бири. Исмига монанд бўлган бу йигитнинг тақдирига Ватан ҳимоячиси бўлиш, мустақиллигимиз ҳимояси ҳамда тинч ҳаёт йўлида кўксини қалқон қилиш битилган экан. У 2000 йили Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида юртимиз ҳудудига бостириб кирган террорчиларга қарши жангда жонини ватани учун бахш этди. Орадан шунча йиллар ўтсада, унинг мардлиги, жасорати унутилгани йўқ. 

Суфон қишлоғида туғилган Қаҳрамонжон ҳарбий шифокор сифатида хизмат қилди. Турмуш ўртоғи Зуҳрахон билан орзулари бир олам эди. Афсуски, улар армонга айланди, Зайнурахон ва Ёдгора дадасининг меҳридан мосуво бўлди. 

Қаҳрамонжон 2000 йил 4 августда Сурхондарёнинг Сариосиё тоғларида хизмат бурчини бажараётганда жангарилар ўқидан ҳалок бўлди. 

Бувилари ва аялари тарбиясида Зайнурахон билан Ёдгора ҳамма ҳавас қиладиган фарзандлар бўлиб, фазлу камолга етди. Зайнурахон Марғилон тиббиёт касб-ҳунар коллежида ўқиди, намунали оилага келин бўлиб тушди. У Фарғона давлат университети биология факультетига, Ёдгора 2019 йили Андижон тиббиёт институти даволаш факультетига имтиҳонсиз қабул қилинди. 

–Мустақиллигимиз осонлик билан қўлга киритилмаганини жуда яхши биламан, –дейди Ёдгорахон Қаҳрамонова. – Чунки менинг отам ҳам тинчлик йўлида жонини қурбон қилган. Бу бизнинг оиламиз учун жуда катта йўқотиш, албатта. Ўша пайтда онажоним 24 ёшда, опам 5 ёш, мен эса онам вужудида 3 ойлик ҳомила бўлганман. Менга айтиб беришларича, бу фожеадан сўнг онам бутунлай ўзини йўқотиб қўйган. Лекин отамга бўлган муҳаббати, садоқати ва вафоси туфайли ўзида қайта куч топа олган. Қолган ҳаётини биз қизларига бағишлаб яшаб келяпти. Қиз боланинг ҳаётида отанинг ўрни, меҳри, муҳаббати бошқача бўларкан. Шундай мард, жасур юрт ўғлонининг қизи эканимдан фахрланаман. Ҳамиша атрофимдаги одамларнинг, Президентимизнинг эътиборини, меҳрини ҳис қилиб яшаб келяпман. Давлатимиз раҳбари бизга оталарча ғамхўрлик кўрсатиб, бошимизни силаяпти. Отам тиббиёт институтида таҳсил олиб, яхши шифокор бўлишни орзу қилган экан. Лекин иш билан бўлиб, бу орзулари ушалмай қолган. Шукрлар бўлсин, отамнинг армонлари Президентимизнинг ғамхўрлиги туфайли рўёбга чиқди. Имтиёзли тарзда Андижон давлат тиббиёт институти талабаси бўлдим. Исмимни эшитган кўпчилик “Нега Ёдгора қўйишган”, деб савол беради. Мен баралла жавоб қайтараман: “Мен исми ва жисмига мос юрт қаҳрамони Қаҳрамонжон Мадолимовдан қолган Ёдгораман”. Отамдаги ватанпарварлик туйғуси менда ҳам бор. Мақсадим келгусида етук мутахассис бўлиб, юртим тараққиётига ҳисса қўшишдир. Айни кунларда 5 -курсда таҳсил оляпман. 

Қаҳрамонжон Мадолимов ўқиган 16-умумий ўрта таълим мактабида унинг бюсти ўрнатилган. У бу мактабда таҳсил олувчи навқирон авлод вакиллари учун Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги қаҳрамонлик, мардлик ва жасурлик намунаси бўлиб хизмат қилмоқда. 

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири