Исломда оила ва никоҳга бўлган эътибор
Муқаддас динимиз таълимотларида оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берилиши бежиз эмас, албатта.
Муқаддас динимиз таълимотларида оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берилиши бежиз эмас, албатта. Чунки ер юзининг обод этилиши, дунёнинг ривожланиши, жамиятнинг фаровон, халқнинг тотув яшаши замирида оила мустаҳкамлиги, оиладаги тинчлик-осойишталикнинг ўрни беқиёсдир.
Оилада тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурсагина, кишининг кўнгилга бошқа бирор нарса сиғади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган: «Аллоҳнинг ер юзидаги буюк аломатларидан (яна бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўз нафсиларингиздан эр-хотинликни яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум сураси, 21-оят).
Аллоҳ таоло инсон зотини яратганда, унинг фитратига жуфтлик ҳаётига қизиқиш, ўзидан насл, зурриёт қолдириш ва бу дунёнинг бошқа матоларига бўлган майл истакни жойлаб қўйган. Инсон дунёга келар экан, секин-аста ўсиб улғайиб борган сари ундаги жуфтлик ҳаётига бўлган майл истаги зуҳур қила бошлайди, бориб-бориб киши ушбу майл, истакка беихтиёр бўйин сунади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бешак, бир ҳикмати илоҳийсидир.
Динимиз таълимотининг асоси бўлмиш Қуръони каримда оила ва унга оид масалалар жуда кенг ва батафсил баён қилинган. Жумладан, кимлар билан никоҳланиш мумкин, кимларга мумкин эмаслигидан тортиб, оила қурилгач унга ким раҳбарлик қилиши, эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари, оилада дунёга келадиган фарзандлар тарбияси, отанинг она ва бола таъминотига эътиборли бўлиши масаласи, ҳатто эр-хотин ўртасида чиқиши мумкин бўлган можароларни қай тарзда ҳал қилиш, уларни яраштириш учун ҳар икки томондан адолатли ҳакамларни жалб этиш, борингки, агар эр хотин ажралишга мажбур бўлган ҳолда қай тарзда ажрим қилиш ҳолатигача Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида батафсил баён қилиб берган. Ўз навбатида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадисларида оила ва никоҳ масаласига қайта-қайта мурожаат қилганлар.
Имом Термизийдан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Тўрт нарса Пайғамбарларнинг суннатларидан: «Ҳаё, хушбўйлик сепмоқ, мисвок ва никоҳ», дедилар. Ушбу тўрт нарса ҳазрати Одам (а.с.)дан тортиб, Муҳаммад (а.с.)гача бўлган барча пайғамбарларнинг суннатидир.
Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким уйланса, динининг ярмини қўриган бўлади. Қолган ярми ҳақида ҳам Аллоҳдан қўрқсин», дея марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадиси муборакда: «Сизларнинг энг яхшингиз ўз оила аҳлига яхши муомалада бўлганингиздир», деб марҳамат қилганлар.
Демак, юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадиси шарифлардан оиланинг муқаддас экани, никоҳ мўмин-мусулмонлар эҳтиром қилиши даркор бўлган Аллоҳнинг буюк неъмати экани қайд этилмоқда. Оила ва никоҳ Аллоҳ таолонинг неъмати экан, кимки шу неъматга мушарраф бўлган бўлса, қиёмат куни уни қай тарзда истеъфода қилгани ҳақида сўралиши муқаррар. Хўш, биз бугун оила ва никоҳ неъматининг қадрига етяпмизми? Унга хиёнат қилиб қўймаяпмизми?
Шукрки, бугун ўзининг ибратли ҳаёти ила барчамизга намуна бўлаётганлар ҳам талайгина. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, оиланинг қадри ва шаънини топтаётган, никоҳнинг ҳурматини поймол қилаётганлар ҳам учраб тургани қалбни жумбушга келтиради. Зеро, никоҳ боғланиши, янги оиланинг вужудга келиши Аллоҳ учун ёқимли бир ҳол бўлса, оиланинг ажралиши, никоҳнинг бузилиши эса Аллоҳнинг ғазабини келтиради. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ўзи рухсат бериб, ҳалол қилган нарсалар ичида ўзи энг ёмон кўрадигани талоқдир», деганлар.
Афсуски, охирги вақтда никоҳга панжа орасидан қарайдиганлар ҳам пайдо бўлиб қолмоқда. Келин бутун умрини бахшида қилиб, ота-онасининг измидан чиқиб, эрининг измига киради. Куёв қизни омонат ўлароқ қабул қилади. Боқиши, ўқитиши, касал бўлса даволатиши, ҳамма масъулиятни ўз бўйнига олиши керак. Биз масъуллар ушбу жиддий масалани тушунтиришимиз, эр-хотиннинг бир-бирининг олдидаги бурч ва вазифаларини ўргатишимиз керак.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, оилавий ажримдан, аввало, аёл, вояга етмаган бола азият чекмоқда. Айрим ҳолларда оиладаги турли келишмовчиликлар туфайли ёш оила пароканда бўлиб, афсуски, норасидаларнинг моддий таъминоти, руҳияти, тарбияси, тақдири, келажаги савол остида қолмоқда. Хўш, бу каби нохуш иллатларнинг вужудга келишига кимлар сабаб бўлмоқда?
Олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллардан маълум бўлишича, ўз нафсини жиловлай олмаган айрим шахслар никоҳ ва оилани кўнгилхушликка буриб, хотин олиб, хотин қўйишлик оқибатида бу муқаддас қадриятларимизни поймол қилиш билан бирга кўплаб гуноҳ ва жиноят эшиклари очилишига сабабчи бўлмоқдалар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг иккита хотини бўлсаю, улардан бирига мойил бўлса (яъни иккисини баробар кўролмаса), қиёмат куни бир томони мойил фалаж) бўлган ҳолда тирилади», дедилар.
Қайд этиш ўринлики, диний соҳа вакиллари ҳамда никоҳга мутасадди бўлган масъуллар ҳам бу масалага янада эътиборли бўлишлари лозим. Зеро, ажримларнинг олдини олиш, оилани мустаҳкамлашга тарғиб қилишга дахлдор эканимизни ҳис қилмоғимиз керак. Аксинча, бунинг ўрнига айрим шахсларнинг динимизнинг гўзал амалларидан ҳисобланган никоҳни ноқонуний бўлишига сабабчи бўлишлари янада ачинарли ҳолатдир. Шаръатимиздаги никоҳни белгиланган тартибларга зид равишда норасмий шахслар томонидан ўқилиши эса ушбу никоҳни ноқонуний бўлишига олиб келаётгани тажрибадан маълум.
Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобида бундай дейилади: «Одамзодга никоҳ ва иймондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди».
Азиз ўқувчи! Энди айтингчи, шунда ҳам оила ва никоҳга беписанд бўлиш бизга ярашадими? Бировни ҳаққини ейиш, бошқаларга зулм қилиш, ҳатто ёмон гапиришдан тийилсагу, аммо оилага келганда бу қоидаларни унутсак, шу адолатданми? Ёйинки бир пиёла сувни беҳуда исроф қилишни гуноҳ деб билсагу, аммо жуфти ҳалолимиз ҳаққини поймол қилиш, фарзандларимизни тирик етим қилишни оддий ҳол дея қабул этсак, шу инсофданми? Хулоса ўзингиздан. Бизнинг истагимиз эса, Аллоҳ таоло оилаларимизни чинакам бахтиёр оилалардан қилсин, ҳар бир оилани мустаҳкам ришталар билан боғлаб, икки дунё саодатига эриштирсин!
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби