Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислом ҳуқуқига оид муҳим манба
09:24 / 2020-05-19

Ёхуд “Қози ул-қуззот” Абу Юсуфнинг “Хирож” асари ҳақида биласизми?

Ёхуд “Қози ул-қуззот” Абу Юсуфнинг “Хирож” асари ҳақида биласизми?

Ислом таълимотининг муҳим қисми — шариат ёки ислом ҳуқуқига оид ноёб манбалардир. Шулардан бири Абу Юсуфнинг “Хирож” асаридир.

Маълумки, Абу Юсуф Абу Ҳанифа (р.а.)нинг шогирдларидан бири бўлиб, Ҳанафий мазҳабини илмий-назарий ва амалий жиҳатдан ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшган олимлардан биридир. У аббосий халифалар Маҳдий, Ҳодий (775-785) даврида Боғдод қозиси бўлиб ишлаган.

Кейинчалик халифа Ҳорун ар-Рашид даврида (786-809) эса “қози ул-қуззот” мансабини эгаллаб, халифаликдаги барча қозиларни тайинлаш ҳамда қозилар устидан тушган шикоятларни ҳал этиш ваколатига эга бўлган қозилик тузилмаси энг юқори поғонасига раҳбар этиб тайинланган.

Ибн Халдуннинг фикрича,“ҳанафий мазҳабининг кўпроқ ёйилишига Абу Юсуфнинг халифа Ҳорун Рашид даврида қози ул-қузот – қозилар қозиси ёки қозикалон лавозимида узоқ муддат фаолият юритгани сабаб бўлган.

Абу Юсуф томонидан ёзилган “Ёдгорликлар ёки осор китоби” (Китобул осор), “Абу Ҳанифа ва Абу Лайло орасидаги ихтилофлар”(Ихтилофу Абу Ҳанифа ва ибн Лайло), “Хирож” (Ал-Харож), “Авзоийнинг ас-Сияр китобига раддиялар” (Ар-Радду ала сиярул Авзоий) китоблари бизгача етиб келган.

Абу Юсуфнинг “Хирож” асари 37 бобдан иборат. Бу асар халифа Ҳорун ар-Рашиднинг таклифига, аниқроғи топшириғига биноан ёзилган. Ҳар томонлама мукаммал ушбу асар кейинги авлодлар, хонликлар ёки амирликларнинг барча даврларида олимлар томонидан чуқур ўрганилиб,ундан жамиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда фойдаланганлар.

Шунинг учун ҳам мазкур асар ўн тўрт асрдан ортиқ давр мобайнида олимлар орасида ушбу йўналишдаги биринчи ҳуқуқий манба сифатида қўлдан-қўлга ўтиб келаётир.

Фикримизча, мазкур асар ҳозирги пайтда ҳам тадқиқотчиларнинг ислом ҳуқуқи, айниқса шариатда жиноят ва жазо масалаларини чуқурроқ таҳлил қилишида илмий-назарий жиҳатдан қўл келади. Зеро,“Хирож”да давлат томонидан солиқ сиёсатини амалга ошириш, жамиятда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, жумладан кўп миллатли макон ва замонда динлараро бағрикенгликка эришиш, хорижий давлатлар билан ташқи сиёсат борасидаги келишувчанлик, чегарадош давлатларни боғловчи дарёлардан умумий манфаат нуқтаи-назардан ёки ички сув омборлари, ҳавзаларидаги сувдан оқилона фойдаланиш тартиб-таомиллари, ер муносабатлари ўрин олган.

Шунингдек, ўзлаштирилган ёки ўзлаштирилмаган ерларнинг ҳуқуқий ҳолати, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, айниқса жиноятчиликка қарши курашиш масалалари, салбий ҳолатларнинг олдини олиш, жазолашдан асосий мақсад жамиятдаги ҳар қандай кўринишдаги ахлоқсизликларга йўл бермаслик, зарур ҳолларда эса уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, жамиятда инсон ҳуқуқларининг адолат ва тенглик принципи асосида амалга оширилишини таъминлашга қаратилган ижобий ғоялар, ҳуқуқий қарашлар, хулосалар, қонун-қоидалар акс эттирилгани эътиборни ўзига жалб этади.

Мазкур китобда муаллиф ислом ҳуқуқи асосида бошқарилган давлатда солиқ сиёсатини ташкил этишга эътибор қаратиб, солиқ юкини соддалаштириш ёки енгиллаштириш, айниқса, солиқ тури ва миқдорини белгилашда асосий икки ҳуқуқий манба, яъни Қурьони Карим ҳамда Ҳадиси шарифга таяниш шарт эканини таъкидлаган.

Шунингдек, аҳолига солиқ миқдорини бир хил миқдорда белгиламасдан табақалаштирилган ҳолда жорий этиш заруратига урғу берган. Солиқ турларининг ўзига хос жиҳатларини ҳамэътибордан четда қолдирмаслик лозимлигини таъкидлаган.

Бунда, энг муҳими, аҳолининг яшаш шароити, даромади ва, албатта, ҳаётий эҳтиёжи муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисобланган.Абу Юсуфнинг фикрига кўра, солиқ миқдорининг ҳаддан ортиқлиги солиқ тўловчи аҳолининг давлат бошқарув тузилмалари фаолиятидан норозилигига сабаб бўлиши мумкин.

Асарнинг муҳим жиҳатларидан яна бири шуки, далил (ҳужжат) сифатида келтирилган пайғамбаримиз Муҳаммад(САВ) томонидан асос солинган ислом давлатининг илк давридан то Аббосий халифалик, яъни Ҳорун ар-Рашид давригача бўлган тарихий-ҳуқуқий жараёнлар билан боғлиқ ривоятлар муаллифнинг фикр-мулоҳазалари ва хулосалари билан асосланган.

Мазкур китобнинг яна бир илмий-назарий муҳим жиҳати жамиятда осойишталик ва хавфсизлик таъминланиши учун солиқ сиёсати адолат принципи асосида амалга оширилиши зарур, деб қаралганидадир.

Бу давлат сиёсатида ижтимоий адолат принципинг чуқур илдиз отишига олиб келади. Бунда солиқ турлари закот (ибодат тури)дан фарқ қилишига оид масалалар ҳам эътиборни жалб этади. Муаллифнинг фикрича, солиқ сиёсатини амалга оширувчи мансабдор шахсларни лавозимига тайинлашда аввало,уларнинг ахлоқ-одобига ҳамда ҳар бирининг мазкур соҳа бўйича етарли билим, кўникмага эга эканига эътибор бериш шарт.

Шунингдек ишчанлик қобилияти ошиб бориши учун имконият яратилиши, муҳими уларга давлат хазинасидан етарлича маош тайинланиши, солиқ тузилмаларида порахўрлик, коррупция каби иллатлар урчимаслигининг олдини олиш чоралари кўриб борилиши муҳим аҳамиятга эга экани очиқ — ойдин баён этилган.

“Хирож”нинг илмий-назарий аҳамияти ниҳоятда бой ва қимматлидир. Абу Юсуф томонидан баён этилган давлатчилик тарихининг яхлит кўриниши ҳисобланган ҳуқуққа оид хулоса-ю тавсиялар, фикр-мулоҳазалар, қонун-қоида тарзида қўлланилган ҳадислар, саҳобалар томонидан келтирилган давлатни бошқариш билан боғлиқ ривоятларни ўқиб-ўрганиш фойдадан холи эмас.

Албатта, бу асосларни ҳозирги давр давлатчилигида тўғридан-тўғри қўллаш мумкин, демоқчи эмасмиз. Аммо дунёвий давлатчиликка мос демократик принципларга асосланган қонунларни ишлаб чиқишда миллий давлатчиликнинг бой ҳуқуқий тажрибасига таяниш зарар қилмайди. Шу нуқтаи назардан “Хирож” асари моҳиятига сингдирилган инсонпарварлик мезонларини ўқиб-ўрганиш тафаккуримизни бойитиш, ўзлигимизни англашга кўмаклашади.

Мавжуда РАЖАБОВА,

Ўзбекистон халқаро ислом университети

“ISESKO”кафедраси профессори,

юридик фанлар доктори