Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда йўл инфратузилмаси ва SmartEd таълим лойиҳаларини молиялаштириш учун қарийб 164 млн. доллар ажратади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Саудия Арабистонининг Ал-Ула шаҳрида бўлиб ўтган Ривожланаётган бозор иқтисодиётлари бўйича конференция доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал Жассер ва Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров инфратузилма ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришга доир битимларни имзолади.
Битимлар имзоланишидан олдин икки томонлама музокаралар ўтказилиб, ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш мақсадларига мос юқори самарали ташаббусларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилинди.
Биринчи битим Жиззах вилоятидаги 4R40 Даштобод–Зомин–Бахмал–Ғаллаорол автомобиль йўлини реконструкция қилиш лойиҳасининг 70 млн. долларлик босқичини қамраб олади. Мазкур маблағ Ислом тараққиёт банки томонидан ушбу йўл лойиҳаси учун ажратилаётган 192 млн. долларлик умумий маблағнинг бир қисми ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида, 4R40 минтақавий трассанинг 143 км. қисми қайта қурилади. Маҳаллий ва қишлоқ йўлларининг 30 км. қисми таъмирланади. Лойиҳа транзит тўсиқларини бартараф этиш, 200 минг нафар аҳоли учун ҳаракат хавфсизлигини ошириш ҳамда M39 халқаро транспорт йўлагига чиқиш имкониятларини яхшилашга қаратилган.
Иккинчи битим SmartEd таълим лойиҳасининг 94,06 млн. долларлик босқичини назарда тутади. Бу маблағ банк томонидан ушбу дастур учун ажратилаётган 160,25 млн. долларлик умумий ҳиссанинг бир қисми ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 58 та янги таълим муассасаси қурилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланади. Амалдаги мактабларда 2 431 та қўшимча синфхона ташкил этилади.
Ташаббус инклюзив ва компетенцияга асосланган таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, ҳар йили 72 930 нафар ўқувчига фойда келтириши, шунингдек 36 115 нафардан ортиқ ўқитувчи ва маъмурий ходим учун малака ошириш ва махсус тайёргарликни таъминлаши кутилмоқда.
Муҳаммад Ал Жассер Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон ривожланишини натижага йўналтирилган ҳамкорлик орқали қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади. Жамшид Қўчқоров эса инфратузилма ва инсон капиталига киритилаётган инвестициялар мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор ўсиши учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2025 йил февраль ойида Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасида таълим ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича иккита йирик битим имзоланган эди. Улар доирасида SmartEd дастури учун 160,25 млн. доллар, шунингдек Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларидан ўтувчи A373 автомобиль йўлини реконструкция қилиш учун 138,8 млн. доллар ажратилиши белгиланган.
Ш.Маматуропова, ЎзА