Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислом молияси: Анъанавий банк тизимига рақобатми ёки уни тўлдирувчи модель? (+видео)
11:19 / 2026-01-14

Сўнгги йилларда Ўзбекистон банк тизимидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида исломий молия хизматларини жорий этиш бўйича белгиланган мақсадлар жамоатчилик ва бизнес доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳужжатга кўра, 2030 йилга бориб камида учта тижорат банкида исломий молия хизматлари йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Бу ташаббусга фақат молия соҳасидаги янгилик эмас, балки иқтисодиётни диверсификация қилиш, аҳолининг банк хизматларига ишончини ошириш ва тадбиркорлар учун муқобил молиялаштириш манбаларини яратишга қаратилган муҳим институционал ислоҳот сифатида қаралмоқда. 

Исломий молия иқтисодиёт, аҳоли ва бизнес учун қандай имкониятлар очади? У анъанавий банк тизимига рақобатми ёки уни тўлдирувчи модель?

Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Банк-молия академиясининг катта ўқитувчиси, ислом молияси эксперти Ҳамид Раҳматов билан суҳбатлашдик.

 – “Ўзбекистон-2030” стратегиясида 2030 йилга бориб учта банкда исломий молия хизматлари жорий этилиши кўзда тутилган. Бу ташаббус иқтисодиёт, аҳоли ва тадбиркорлар учун қандай имконият яратади?

– «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида 2030 йилга бориб камида учта тижорат банкида исломий молия хизматларини жорий этиш вазифаси белгиланган. Мазкур ташаббус мамлакат банк тизимини чуқур трансформация қилишга қаратилган муҳим институционал ислоҳот сифатида баҳоланмоқда. Стратегиянинг 50-мақсади доирасида, хусусан, банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, банк хизматлари бозори ҳажмини ошириш ва рақобатни ривожлантириш бўйича 200-бандда Ўзбекистонда исломий молиянинг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда камида учта тижорат банкида исломий молия хизматларини йўлга қўйиш аниқ белгиланган. Ушбу жараён босқичма-босқич амалга оширилиб, 2027 йилда камида битта, 2028 йилда яна битта ва 2029 йилда камида иккита банкда исломий молия хизматлари жорий этилиши кўзда тутилган.

Исломий молиянинг жорий этилиши, аввало, молиявий воситачилик кўламини кенгайтиради ҳамда иқтисодиётга қўшимча молиявий манбалар кириб келишини таъминлайди. Фоизга асосланмаган, реал активлар билан боғланган молиялаштириш механизмлари — муробаҳа, ижара, мушорака ва мудораба каби инструментлар иқтисодиётда барқарор ва спекулятив бўлмаган ўсишни рағбатлантиради.

Марказий банкнинг 2025 йил учинчи чорак ҳисоботига кўра, микро-молия ташкилотлари томонидан 8,6 миллиард сўмлик исломий молиялаштириш хизматлари кўрсатилган бўлиб, мазкур кўрсаткич бир йил ичида 14 бараварга ошган. Бу эса бозорда исломий молияга бўлган реал талаб шаклланганини ва ушбу модель иқтисодиёт учун амалий механизмга айланаётганини кўрсатади.

Аҳоли нуқтаи назаридан исломий молия молиявий инклюзияни кенгайтиради. Анъанавий фоизли кредит ва омонат хизматларидан диний ёки ахлоқий сабабларга кўра фойдаланмаган қатламлар учун банк тизимига кириш имконияти пайдо бўлади. Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев таъкидлаганидек, аҳолининг тахминан 50–60 фоизи исломий молияни афзал кўради, бироқ анъанавий банк хизматларидан бутунлай воз кечадиганлар улуши анча кам.

Бу ҳолат исломий молия анъанавий банк тизимига рақиб эмас, балки уни тўлдирувчи ва диверсификация қилувчи модель эканини кўрсатади. Исломий омонатлар ва инвестиция ҳисобварақлари аҳоли жамғармаларини реал иқтисодий лойиҳаларга йўналтириш орқали молиявий фаолликни оширади.

Исломий молия, айниқса, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун янги имкониятлар очади. Мудораба ва мушорака каби фойда ва рискни бўлишишга асосланган инструментлар тадбиркорлик фаолиятида фоиз юкини камайтиради ҳамда банкни ҳам бизнес натижасига бевосита манфаатдор қилади. Бу эса анъанавий «қарз берувчи–қарз олувчи» муносабатидан кўра ҳамкорлик моделига яқин тизимни шакллантиради.

Келгуси йилларда тўлақонли исломий банклар ҳамда анъанавий банкларда «исломий дарчалар» очилиши, жумладан, уларнинг учта давлат банкида жорий этилиши тадбиркорлар учун молиялаштириш манбаларини сезиларли даражада кенгайтиради.

– Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистон банклари билан ҳамкорлиги ҳозирги кунда қайси босқичда ва бу ҳамкорлик қандай самара беради?

– Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва Ўзбекистон банк тизими ўртасидаги ҳамкорлик бугунги кунда институционал, молиявий ва техник даражаларда изчил ва чуқурлашиб бораётган босқичда, деб баҳолаш мумкин. Бу ҳамкорлик оддий кредитлаш билан чекланмай, банк тизимини модернизация қилиш, исломий молияни жорий этиш ва реал секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс ёндашувга эга.

Ислом тараққиёт банки гуруҳи Ўзбекистонда инфратузилма, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим лойиҳаларини молиялаштириб келмоқда. Ушбу маблағларнинг муҳим қисми маҳаллий банклар орқали ўзлаштирилмоқда. Бу эса банкларнинг халқаро молиявий институтлар билан ишлаш тажрибасини оширади.

Сўнгги йилларда Ислом тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистонда муробаҳа, исломий ижара, мудараба ва ваколатли молиялаштириш каби инструментлар амалиётга кириб келмоқда. Аввал бу асосан микро-молия ва пилот лойиҳалар даражасида бўлган бўлса, ҳозир бу тажриба тижорат банклари даражасига кўтарилмоқда.

Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда исломий молия учун ҳуқуқий база яратиш, Марказий банк ва тижорат банклари ходимларини тайёрлаш, Шариат назорат тизимини шакллантиришда фаол техник ёрдам кўрсатмоқда. Бу жиҳат айниқса муҳим, чунки исломий молия фақат маҳсулот эмас, балки институт ва маданият масаласидир.

Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлик Ўзбекистон банкларига узоқ муддатли, нисбатан арзон ва барқарор ресурслар жалб қилиш имконини бермоқда. Энг муҳими, бу ресурслар реал активлар ва аниқ лойиҳаларга боғланган бўлиб, банк рискларини пасайтиради. Шу билан бирга, банклар исломий молия бўйича янги компетенцияларни эгаллаб, келгусида мустақил маҳсулотлар ишлаб чиқиш салоҳиятига эга бўлмоқда.

Иккинчидан, иқтисодиёт учун. Ислом тараққиёт банки молиялаштираётган лойиҳалар, одатда узоқ муддатли ривожланиш эффектига эга: инфратузилма, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги. Бу лойиҳалар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди, бандликни оширади ва давлат бюджетига тушумлар базасини кенгайтиради. Исломий молия модели эса спекулятив операциялардан кўра реал секторни устувор қўяди.

Учинчидан, тадбиркорлар ва хусусий сектор учун. Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлик натижасида тадбиркорлар учун фоизсиз ёки фойда-зарарни бўлишишга асосланган молиялаштириш имкониятлари кенгаймоқда. Бу, айниқса кичик ва ўрта бизнес учун муҳим, чунки уларнинг молиявий юкини камайтиради ва банк билан ҳамкорликни шериклик даражасига олиб чиқади.

Тўртинчидан, исломий молияни тизимли жорий этиш нуқтаи назаридан. Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон учун фақат молиявий ҳамкор эмас, балки стратегик билим ва тажриба манбаи ҳисобланади. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида исломий молияни жорий этиш бўйича белгиланган мақсадлар айнан ИТБ билан ҳамкорликсиз самарали амалга ошиши қийин бўлар эди.

– Ўзбекистонда исломий банкчиликни ривожлантириш, кредитлаш ва бошқа банк хизматларини кенгайтириш истиқболини қандай баҳолайсиз? 

–Ўзбекистонда исломий банкчиликни ривожлантириш, исломий кредитлаш ва бошқа банк хизматларини кенгайтириш истиқболлари ижобий ва ўрта-юқори даражада реал, деб баҳоланади. Энг муҳими, бу жараён бугун фақат ғоя ёки тажриба босқичида эмас, балки институционал режалаштириш, бозор талаби ва давлат сиёсати билан қўллаб-қувватланаётган тизимли босқичга кирган.

Қуйида ушбу баҳога асос бўлаётган асосий омилларни изчил кўрсатиб ўтаман: 

-Давлат сиёсати ва стратегик ҳужжатлар мавжудлиги, 

-исломий банкчилик ривожи учун энг муҳим омил давлат даражасида аниқ сиёсий ироданинг мавжудлиги, 

-“Ўзбекистон–2030” стратегиясида исломий молиянинг ҳуқуқий асосларини яратиш, камида 3 та тижорат банкида исломий молия хизматларини жорий этиш, жараённи 2027–2029 йиллар оралиғида босқичма-босқич амалга ошириш аниқ белгилангани.

Бу исломий банкчилик тасодифий ёки қисқа муддатли ташаббус эмас, балки миллий банк тизимини диверсификация қилишга қаратилган узоқ муддатли йўналиш эканини кўрсатади.

Марказий банк масъулининг маълум қилишича, аҳолининг 50–60 фоизи исломий молияни афзал кўрувчи қатлам ҳисобланади. Анъанавий банк хизматларидан бутунлай воз кечувчилар кам. Бироқ, қўшимча, муқобил молиявий маҳсулотларга эҳтиёж жуда юқори. Бу дегани, исломий банкчилик, анъанавий банк тизимига рақиб эмас, балки банк хизматлари бозорини кенгайтирувчи ва чуқурлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилади. Натижада банк тизимига илгари умуман кирмаган ёки чекланган даражада кирган аҳоли ва тадбиркорлар жалб қилинади. 

Марказий банкнинг 2025 йил 3-чорак ҳисоботига кўра, муробаҳа, исломий ижара ва мудораба асосидаги молиялаштириш ҳажми бир йил ичида 14 баробар ошган. Бу жуда муҳим сигнал. Чунки, исломий молия Ўзбекистонда амалий жиҳатдан ишлаётганини кўрсатади. Талаб сунъий эмас, реал эҳтиёжга асосланган. Бу моделни тижорат банклари миқёсига олиб чиқиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. 

Бу моделнинг устунлиги шундаки, банклар янги тизимга кескин ўтиб кетмайди. Ходимлар, IТ тизимлар, риск-менежмент босқичма-босқич мослаштирилади. Мижозлар учун ўтиш даври юмшоқ кечади. Бу эса исломий кредитлаш, омонатлар, савдо молиялаштируви ва инвестиция маҳсулотларини тезроқ кенгайтириш имконини беради.

Халқаро ҳамкорлик ва институционал таянч, Ислом тараққиёт банки гуруҳи билан ҳамкорлик, ҳуқуқий база, Шариат назорати тизими, кадрлар тайёрлаш, маҳсулот дизайни бўйича Ўзбекистон учун тайёр тажриба ва институционал йўл харитасини тақдим этмоқда.

Бу омил исломий банкчилик ривожида энг кўп учрайдиган хатоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Исломий банк тамойиллари аҳоли жамғармаларини ва молиявий фаолликни банк тизимига жалб қилишда қандай роль ўйнайди?

–Исломий банк тамойиллари аҳоли жамғармалари ва молиявий фаолликни банк тизимига жалб этишда кучли инклюзив ва рағбатлантирувчи роль ўйнайди. Улар банк тизимига ишончни оширади ва илгари молиявий тизимдан четда қолган қатламларни ҳам фаол иштирокчи сифатида жалб қилади. Исломий банкчилик фоиз (рибо)га асосланмагани сабабли, анъанавий омонатлардан фойдаланмаган аҳоли қатламлари учун жамғармаларни банк тизимига киритиш имконини яратади.

Исломий омонатлар ва инвестиция ҳисобварақлари реал лойиҳалар билан боғланган бўлиб, аҳоли маблағлари спекулятив операцияларга эмас, балки ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасига йўналтирилади. Мудораба ва мушорака асосидаги маҳсулотлар жамғарувчини оддий омонатчи эмас, балки инвестиция жараёнининг ҳамкорига айлантиради. Бу молиявий фаолликни оширади.

Шариат назорати ва шаффоф шартномалар аҳоли учун ишонч омилини кучайтиради. Бу эса жамғармаларнинг “норасмий айланма”дан банк тизимига кириб келишига хизмат қилади.

Исломий банк тамойиллари аҳоли жамғармаларини банк тизимига жалб қилишда фақат муқобил маҳсулот эмас, балки ишонч, шериклик ва реал иқтисодиётга йўналтирилган молиявий маданиятни шакллантирувчи муҳим механизм ҳисобланади.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, Малайзия, Индонезия, Туркия ва БАА тажрибасида исломий ва анъанавий банклар бир тизимда фаолият юритиб, молия бозорини кенгайтирган. Бир сўз билан айтганда, исломий банклар Ўзбекистонда жорий этилса, анъанавий банклар “синмайди”.  Аксинча, банк тизими ҳажмини оширади. Рақобатни соғломлаштиради ва молиявий инклюзияни кучайтиради. 

Хулоса қилиб айтганда, исломий молиянинг жорий этилиши Ўзбекистон банк тизими учун янги босқични бошлаб беради. У иқтисодиётга қўшимча инвестиция манбаларини жалб қилиш, аҳоли жамғармаларини расмий молиявий айланмага киритиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Энг муҳими, исломий молия анъанавий тизимга муқобил эмас, балки уни тўлдирувчи ва барқарорлигини оширувчи замонавий молиявий модель сифатида шаклланмоқда.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/RnFWJLOQcTE?si=i-CtjGEUPaqKKOLh" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА