Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ГУРУНГ: Ислом Каримов Мустақиллик байрамларини ўтказишга қандай кўрсатма берган эди? (+ видео)
11:40 / 2019-08-26

Биринчи байрамнинг биринчи бош режиссёридан очиқ ҳақиқатлар

БИРИНЧИ БАЙРАМНИНГ БИРИНЧИ БОШ РЕЖИССЁРИДАН ОЧИҚ ҲАҚИҚАТЛАР

Ўзбекистондаги Мустақиллик байрами дастлаб пойтахтнинг Мустақиллик майдонида, кейинчалик Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғида ўтказилган. Бу галги суҳбатдошимиз – Мустақиллик ва Наврўз айёмларининг илк режиссёри, Ўзбекистон халқ артисти Рустам Ҳамидовни дастлабки байрамлар қандай ўтгани ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашишга чорладик.


– Рустам ака! “Энг улуғ, энг азиз” дея атайдиганимиз ¬¬– Мустақиллик эълон қилинганига 28 йил, дастлабки бор байрам қилганимизга эса 27 йил тўлмоқда. Уни байрам сифатида нишонлаш, майдон томошасига айлантириш таклифи кимдан чиққан эди? Бошдан эсласак...

– Энг бошидан эслайдиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиши бўлганди. Ўша пайтлардаги бош вазир ўринбосари “Мустақил давлат бўлдик. Шу боис Мустақиллик байрамини ўтказишимиз керак. Кимда қандай фикрлар бор?”, - деб сўради. Ҳамма ҳар хил фикр билдирди. Фольклор, этнографияни олиб чиқайлик, деган таклифлар бўлди. Мажлис охирроғида менга сўз беришди. Ўша пайтда Ҳамза (ҳозирги Миллий) театрининг бош режиссёри эдим. Мен “Мустақиллик байрами кечқурун ўтадиган бўлса, биз маданият ва санъатимизнинг ҳамма жанридаги ютуқ бўладиган намуналарни – мустақил давлатга хос тарзда олиб чиқишимиз керак. Фақат фольклор ва этнография билан чеклансак бўлмайди”, - дея ўз фикримни билдирдим. Маъқул бўлмади шекилли. Энди Мустақиллик байрамига эшак аравалар, туяларни олиб чиқиш бўлмайди-да. У (томоша)лар Наврўзга, халқ, деҳқонлар байрамига яқинроқ...

Хуллас, орадан бироз вақт ўтиб, менинг фикрларим маъқул кўринган шекилли, чақиришди. Сценарий ёздик, тасдиқланди. Ишга тушиб кетдик. Энди, у майдонда ўтадиган байрам бўлгандан кейин, ўзига яраша композиция бўлиши лозим. Чунки Совет давридаги – 1 май, ноябрь байрамлари йўқолиб, майдон ҳувуллаб қолганди. Ўтказадиган байрамимизда 10 минг кишига яқин одам, талабалар (оммавий саҳналарда) банд бўлди. Уларга эса шароит керак эди. Очиғини айтиш керак, йўқчилик пайт эди. Раҳбарлар бизнинг эскизимизга кўра саҳнани безаш учун, ҳаракат қилиб, бир неча вагон тахта олиб келишди. Махсус ёритувчи ускуналар йўқ, денг. Ўша даврдаги хоккей саройидан прожекторлар кесиб олиб келинди. Бир амаллаб ёритдик, лекин барибир қоронғуроқ чиқди. Телевидениеда ҳам тажриба йўқ эди ҳали.

Бир ярим-икки ой репетиция қилдик. Бир куни, репетиция қилиб турган жойимизда телефон бўлиб қолди. Байрам штабининг бошлиғи, шаҳар ҳокимининг муовини Карим Расулович деган ажойиб инсон бўларди. Шу киши “Рустамжон, Президент сўраяптилар, байрам ҳақида маълумот беришимиз керак экан. Юринг, бирга борамиз”, - дедилар. Мен репетиция кийимида, жинси шимда юргандим. Қўярда қўймай Президент аппаратига олиб боришди. (Президентнинг) кабинети 6-қаватда экан. Ёрдамчилари менинг кийим-бошимни кўриб, “Сиз ўтириб туринг” деб, 15 дақиқадан кейин ичкарига таклиф қилишди. Узун кабинет экан, бориб кўришгунимча Ислом Абдуғаниевич уч-тўрт марта эгни-бошимга бошдан-оёқ қараб қўйди. “Репитицияда эдим, кийимимни алмаштиришга вақт беришмади” деб узримни айтдим. “Ҳечқиси йўқ, қани ўтиринг, гапиринг”, - деганларидан сўнг саҳна, унда томоша қандай қўйилиши ҳақида маълумот бердим. Анча ўйланиб қолдилар.

Кейин қоғоз-қалам олиб, “Саҳна мана бундай бўлсин, томошабин бу ерда ўтиради” деб чизиб бердилар. Бундоқ қарасам, чизгилар (томоша майдонига) унчалик тўғри келмайди. Чунки у – ўз номи билан майдон, тагидан метро ўтади. Кейин қуёш ўша тарафдан чиқади, унинг устига эса саҳнани ўрнатиб бўлмайди. Шу боис “Тушунарлими?” деб сўраганларида, “Ислом Абдуғаниевич, охиригача тушунганим йўқ”, - деб жавоб бердим. У кишининг олдида турган бир раҳбар “Сизга Президент ҳатто расмигача чизиб бердилар, нимасига тушунмайсиз”, -деди. Менга жавоб бериб юборишди.

Кейин чиқиб келган масъул раҳбарлар ҳам, “Энди нима бўлади? Ҳамма нарса ўзгариб кетди-ю, вақт оз қолди”, дея ўйланиб қолишди. Шу тариқа майдонга кирмасдан, машинага ўтириб, кетаётсак, “Тез майдонга киринглар. Президентнинг ўзлари майдонни кўрарканлар”, - деган қўнғироқ бўлиб қолди. Ҳамма раҳбар майдонга йиғилди. Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи келиб, майдоннинг у ёқ-бу ёғига ўтиб, анча айланди. Охирида, “Ҳа-а... Тушунмаганингча бор экан. Сенинг вариантинг тўғри экан”, - деб қолдилар. Шунда ҳалиги раҳбар яна шартта ўртага тушиб, менга қарата “Тўғри қилдинг, Рустам. Охиригача тушунмасанг, розилик билдирма”, - деб қолди.

– Ўша раҳбар ким эди?

– Исмоил Ҳакимович Жўрабеков. Хуллас, ўшанда менга “Энди бўлдими?” деганларида, “Йўқ, яна бир-иккита масала бор. Аппаратларнинг кучи етмаяпти. Москвадагилар байрам ўтказишаяпти. Ўшаларнинг ёритиш, овоз кучайтириш ускуналарини ҳеч бўлмаса, ижарага бўлсаям олиб келишга рухсат беринг” дедим. Улар жуда қиммат эди. Ислом Абдуғаниевич “Майли, кейинчалик ўзимиз сотиб олармиз. Ҳозирча олиб келинглар”, дегандилар...

Шундай қилиб, байрамнинг биринчи йилини ўтказганмиз...

– Дастлабки йилларда ўтган байрамлар яхши эсимда. Барча санъат турлари академик тарзда саҳнага олиб чиқилиб, синтез қилинди. Натижада у ¬– қайсидир маънода Ўзбекистоннинг сиёсий кўргазмасига ҳам айланган эди. Янги-янги ижодкорлар ҳам кашф қилинди. Гулбаҳор Эрқулованинг дастлаб ўша байрамда айтган “Ассалом, ўзбегим!” қўшиғи ҳам эсимда...

– Қанчадан қанча байрамлар ўтди, улар халқ байрамларига айланди. Баҳонада кўплаб янги санъаткорлар пайдо бўлди. Кўрик-танловлар уюштирилди. Маданиятимиз, санъатимиз ривожига туртки бўлиб турди. Ажойиб команда – балетмейстерлар, расомлар, бастакорлар, ҳофизлар қатнашди. Ҳаттоки Наврўз байрамимизга аскиячилар, дорбозлар, полвонларни олиб келдик.

– Аскияни “фонограмма”да айттиргансизлар...

– Унинг қалтис жойи бор эди. Ўша пайтда энг катта раҳбаримиз “Аскияни олиб чиқиб бўлмайди” деганди. “Униям йўли бор. Радиокомитетга бориб, аскиячиларга – баҳор, Наврўз мавзуларида пайров берамиз. Улар гапираверади, биз ёзиб олиб, маъқул жойини қўямиз. Чунки аския қалтис”, деб айтганман ўшанда.

– Аскиянинг сўзлари дабдурустдан келмаса, у аския бўлмайди-ку?..

– Ўшанда пайровларнинг оммавий, катта байрамларга мос келадиганларини чиқариб, дастурни ўтказганмиз.

– Кейинроқ, байрамлар ўтавергани сайин, у мукаммаллаша бориши керак эди. Аксинча, сўнгги йилларда, яъни 10-15 йилдан сўнг ўтказилганларига назар солсак, байрамлар бир қолипга тушиб қолгандек эди. Дейлик, бошда болалар чиқишади, кейин ҳарбийлар, мақомчилар, опера артистлари, охирида эса – Сизлар “Эстрада блоки” деб атайдиган қисмида 5-6 та яллачи чиқиб, ялла-палласини, лапарини айтгач, Ватан мавзусидаги бирор қўшиқ билан байрам тугайди. Аслида, йиллар ўтгани сари мукаммаллашиши лозим бўлган томоша нега бир ўзанга тушиб қолган?

– Ростдан ҳам улар бир қолипга тушди. Ўзимам сезганман буни. (Бу қолипни) бузмоқчи бўлдим. Бошқача сценарий ёзиб, (масъул) бир раҳбарнинг олдига кирдик. У одам “Бу бўлмайди, ҳарбийлар қани, спортчилар қани, болалар қани? Тизим, композиция бўлиши керак”, деб, ўзимиз ишлаб, қолипга жойлаган дастурга бизни яна қайтарди. “Мақсадимиз – олдинги “рамка”ни бузиш эди, битта қолипга тушиб қолди байрамлар”, десак ҳам кўнмаган...

– Кечирасиз-у, баъзи байрамлар “чаллар”га ўхшаб қолганди-да, “Воҳай бола” қабилидаги қўшиқлар билан...

– Шунақа пайтлар ҳам бўлди. Униям сабаби бор. Масалан, баъзи бир артистлар байрамга чиқаман, деб, таниш-билиши орқали ҳаракат қилди. Маданият ва санъат соҳасига яқин бўлган баъзи раҳбарлар ҳаттоки пул, яъни пора, “чойпули” олиб, уларни олиб чиқишди. Каттароқ раҳбарлар ҳам аралашган эди бу ишга. Қўшиқларни эшитиб, мусиқаларни танлаётганимизда мен “Буниси бўлмайди, бунисининг овози йўқ, манавининг мусиқаси тўғри келмайди. Уларни қисқартирайлик, катта саҳнага олиб чиқмайлик”, дея эътироз билдирсам, ўша “катталар” “Ҳозирча тураверсин, кейин бир гап бўлар” дейишган. Мен қилган саралашни – раҳбарлар қилиши ўрнига, қайтанга уларнинг ўзи шунақа сифатсиз асарларни, талантсиз “санъаткорлар”ни тиқиштирган. Баъзан ҳатто “Бу – “юқори”дан, фалончининг топшириғи” дея айтишгача боришган.

– Сиз “Бу ҳовлида ман режиссёрман” демадингизми?

– Бу гап доим бўлган. Шуларни деб, ҳар хил баҳоналарни қилиб, мени нақ уч марта асосий ишим, (яъни бош режиссёрликдан) бўшатиб юборишган. Ислом Абдуғаниевич эшитиб қолиб, мени яна қайтарганлар. Энди, ҳамма соҳадаям принцип бўлмаса, одамнинг ўз позицияси бўлмаса, иш кетмайди. Мақсад – душман орттириш эмас, сизга топширилган вазифани аъло даражада бажариш.

Ўзингиз гувоҳсиз, охирги йилларда байрамларимиз спутник орқали 60-70 давлатга тўғридан-тўғри кўрсатилади. Кўпчилик байрамимизни кўриб, шу туфайли Ўзбекистонни танийди. Бир воқеа бўлганди. Байрамимизда 12 минг одам қатнашарди, томошабиннинг ўзи 10 мингта. Майдоннинг ичкарисидаям одамлар ҳаракатда. Мен (давлат раҳбаридан) “Ислом Абдуғаниевич, одамлар сонини озгина қисқартирсам майлими? Сиз – томошабинларга 300 метрдан барибир кўринмайди” деб сўрасам, “Қисқартирма. Унинг видео-тасвирини, яъни байрамларимизни чет элга борганимда, хорижлик раҳбарларга ҳадя қиламан. Эртасига улар билан яна учрашганимизда, бизга нисбатан муносабат буткул яхши томонга ўзгаради. Ўзбекистоннинг шундоқ маданияти, санъати бор экан, дея ҳайратланишади. Шунинг учун буларнинг ҳаммаси – сиёсат” дедилар...

– Мустақиллик байрами тантаналари – аввало санъат. Кейинроқ ҳатто сиёсатга айланди, деяпсиз. Лекин назаримда, у баъзан кимлар учундир иқтисодий манфаат ўчоғига ҳам айланиб қолгандек. Чунки миллиардлар пуллар айланади. Шунинг ортидан иқтисодий жиноятчиликка айланган одамлар ҳам чиқди-да, тўғрими?

– Қизиғи шундаки, бош режиссёр, бадиий раҳбар сифатида (раҳбарлардан) – тузилган сметалар асосидаги пул маблағларини мен сўрайман. Чунки минглаб кийим-кечаклар, пойафзаллар тикилиши, саҳна безаклари ясалиши лозим. Овоз кучайтиргичлар, ёриткичлар ¬– ҳаммаси валютага сотиб олиниши керак. Кейин ўша сиз айтган нарсалар бошланди. Бизни ижодий ишга жавобгар, дея молиявий ишларга яқинлаштиришмайди. Бир неча бор шунақа воқеаларни сездим. Баъзилар билан анча курашдим. Кейин билсам, бу ишлар “газак олиб кетган” экан. Ҳаттоки бир-иккитаси қамалиб ҳам чиқди.

Давлат маблағни – байрам яхши ўтсин, кийим-кечаклар ҳавас қиладиган даражада бўлсин, деб ажратарди. Ишонасизми, ҳар бир байрамга янгидан кийим-кечаклар тикилар, декорациялар ҳам янгидан қуриларди.

– Эскиларини нима қилишарди?

– Улар “Ўзбекрақс” ташкилотига, вилоятларда ўтадиган байрам тадбирларига бериларди. Кейин билсак, уларниям тарқатиб юбориш ўрнига сотишаркан. Ваҳоланки, бу нарсалар шундоғам давлатнинг пулига келган-ку... Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, бир одам мушакбозлик масаласида кўп йилга қамалиб кетди, (хориждан) икки-уч баравар қимматига олиб келган экан. Мен фақат нима кераклиги борасидаги талаб қўярдим, молиячи, таъминотчилар алоҳида бўларди. Фақат бир нарсани, яъни берилган маблағ фақат байрамга ишлатилиши лозим, “кекирдагимни чўзиб”, “тепа”дан пулни сизлар эмас, мен сўраяпман, улар мени билишади, дердим. “Йўқ, Рустам ака, унақа гап бўлаётгани йўқ, ҳаммаси жойида” деб мени хотиржам қилишган. Аслида ҳамма нарсанинг нарх-навоси бор, битта кўйлак, дейлик, ўша пайтда 70-80 минг сўмга тушса, улар бу нарсаларни 200 минг сўмдан олган. Кўрдингизми? Бу ишга нафақат ўртада юрган, балки каттароқ раҳбарлар ҳам аралашган. Нимага ўртадагилари жазо олмайди, “тепароқ”лари реакция қилмайди, десам, ўзларининг “қўл-оёғи шу ишга боғлиқ экан”.

– Рустам ака, Сиз билан ҳар куниям гаплашаётганимиз йўқ. Шу боис, театр билан ҳам боғлиқ саволлар берсам. Сиз қон-қонингиз билан, аввало, театр режиссёрисиз. Театр – ўз дарғаси, яъни режиссёрсиз ҳеч вақт яшай олмаган. Ўзингиз ишлаган Миллий театрини олсак ҳам, у ерда бир пайтлар Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург каби улкан режиссёрлар бадиий раҳбарлик қилган. Улар Баҳодир Йўлдошев ва Сизни шогирд сифатида тарбиялаб, ўз ўринларига қўйиб кетишди. Сизлардан сўнг ўша - “авлодлар занжири” узилиб қолгандек. Анъаналарни давом эттирадиган авлод чиқмади. Масалан, Б.Йўлдошев Зайнаб Садриева билан “Келинлар қўзғолони”ни, Сиз эса Ғани Аъзамов билан “Куёв”, Шукур Бурхонов билан “Қиёмат қарз” спектаклларини саҳналаштиргансиз. Нега шогирд тайёрламагансизлар?

– Александр Осипович Гинзбург театримизга бош режиссёр бўлиб келганда, мен ва мен қатори 5-6 та ёш режиссёрларни таклиф қилиб, ўша ерда бир мактаб, ижодий лаборатория тузганди. Афсуски, устозим дунёдан ўтиб, бу иш чала қолди.

- Институтни йилига ўнлаб режиссёрлар битириб чиқмоқда, ҳаммасининг дипломи бор. Лекин театрда из қолдирадигани йўқдек...

- Биринчидан, уларга ким дарс бераяпти, деган саволни қўяйлик. Ўша – режиссёр, актёр бўлолмаган одамлар бу битирувчиларнинг домласи-ку. Ваҳоланки, ҳамма ердаги ижодий йўналишдаги олий ўқув юртларида кўзга кўринган “мастер”лар, ўз ишининг пирлари устозлик қилади. Маълум бир курсни ўзлари қабул қилиб, ўзлари битиртириб, бўлғуси ёш ижодкорларнинг кейинги фаолиятини ҳам назоратга олишади.

Маданият ва санъатга жавоб берувчи одамларнинг баъзи бирлари – биз ўқиган (собиқ) Театр ва рассомчилик институтида, Маданият институтида таълим олган. Лекин бу одамлар – на мутахассис, на режиссёр, на актёр бўла олди. Улар бор-йўғи раҳбар бўлди, холос. Бошқа иш қўлидан келмади. Раҳбар бўлгандан кейин, ичида ижодий рашк бўлса керак-да.

Иккинчидан, бу соҳадаги мутахассисларни чет элда ҳам ўқитиш керак.

Ҳозир кўп ёлғон ишлар бўлмоқда. Қўйилаётган спектаклларнинг кўпини кўрсангиз, бадиийлик йўқ. Яхши билан ёмонни фарқлаш мезонлари йўқолган. Агарда танқидий фикрлар бўлмаса, театр ҳам, кино ҳам ривожланмайди. Танқидчиларимиз ҳам йўқ.

Энди артистлар масаласига келсак, яқинда мен Миллий театрда “Алишер Навоий”, рус академик театрида “Алла” спектаклларини саҳналаштирдим. Актерларнинг касали битта: уларнинг саҳнадаги овозини учинчи қаторда ўтирган томошабин ҳам эшитмайди. На овоз, на талаффуз бор, кўпчилиги ҳатто саҳнада юриш-туришниям билмайди. Чунки режиссёр, яъни улар билан ишлайдиган одамнинг ўзи йўқ. Режиссёр – театр етакчиси, муаллим. Улар – Сиз айтгандек, йўқ-да. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ.

Раҳматли Шукур Бурхонов “Рустам, мени аямагин, бурнимни ерга ишқалаб ишлат. Асар яхши чиқиши керак”, дердилар. Эътибор қилаяпсизми, бу гапни саҳнада 200 та роль ўйнаган, халқ артисти, бутун дунёга машҳур бўлган одам айтган. Тинмасдан репетиция қилардилар. Ҳозир унақа гап йўқ...

Президентимиз яхши бир ишни бошладилар. Яъни театрларга ҳомийлар бириктирилди. Уларнинг маблағлари спектаклларга, ижодий жараёнларга, четдан режиссёр ва рассомлар таклиф этиш каби мақсадларга ишлатилиши лозим. Мақсад – ажойиб саҳна асарлари. Бизда нима бўлмоқда? У маблағларни директорлар ҳар хил баҳоналар билан, дейлик, таъмирлаш, кресло алмаштириш каби ишларга сарфлашаяпти. (Аслида) маблағ бунга эмас, спектакллар яхши чиқиши учун берилган. Таъмир ишларига Маданият вазирлигининг мақсадли маблағлари бор...

– Ижод дарди Сизни ҳеч қачон тарк этмасин. Яхши кунларда кўришиб юрайлик. Суҳбат учун ташаккур!..

Суҳбатдош – Комилжон ШАМСИДДИНОВ,
Тасвирчилар – Ёқубжон МЕЛИБОЕВ, Нишонбой АБДУВОИТОВ,