Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC хабар беришича, Жидда шаҳридаги қароргоҳда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари очиқ йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир Исроил – Фаластин зиддияти муҳокамасига бағишланди. Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон бин Абдуллоҳ учрашув минтақадаги фожиа ва зўравонликка жавобан чақирилганини билдирди.
– Мақсад Ғазо сектори ва шу атрофдаги ҳудудларда ҳарбий амалиёт кучайиши билан боғлиқ оғир вазиятни муҳокама қилиш ва баҳолаш, – деди Файсал бин Фархон. – Бегуноҳ аҳоли, жумладан болалар, аёллар ва қариялар фожиали ҳалок бўлишига олиб келган ушбу ҳарбий ҳаракатни зудлик билан тўхтатиш бўйича кўплаб мурожаатларга қарамай, Исроил кучларининг такрорий ва кучайиб бораётган ҳужумини Қироллик қатъий рад этади.
Шаҳзода мамлакат вазият ёмонлашувидан жиддий хавотирда эканини таъкидлаб, кутилмаган оқибатлар ва экстремизм кучайиши эҳтимолидан огоҳлантирди. Шунингдек, зўравонлик даражаси ва инқироз кенгайиб бораётганини қайд этди.
– 1967 йилгача бўлган чегараларда пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб-қувватлаш позициямизнинг бир қисми сифатида ифодаланади, – деди вазир. – Биз халқаро ҳамжамиятни халқаро қонунийлик резолюцияларини амалга оширишда масъулиятни ҳис қилиш ва зарур шарт-шароит яратишга чақирамиз. Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини кафолатлаш, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлайдиган адолатли, мустаҳкам тинчлик йўлини тиклаш шарт.
ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоха Ғазо секторидаги “Aл-Aҳли” баптистлар касалхонасига қилинган даҳшатли ҳужум натижасида юзлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган мудҳиш қирғинни кескин қоралади. Жабр кўрган кўплаб бегуноҳ аҳоли вакилларига ҳамдардлик билдирди. Воқеани инсоний қадриятларга зид ҳарбий жиноят, жавобгарлик ва жазога лойиқ уюшган террор ҳаракат, деб атади. Бош котиб Фаластин халқига тўлиқ бирдамлик изҳор этиб, Фаластиннинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эришиш, мустақил, суверен давлат барпо этиш йўлидаги қонуний курашини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, Исроилнинг мисли кўрилмаган тажовузини тўхтатиш, Ғазо
секторига дори-дармон, озиқ-овқат ва асосий эҳтиёж маҳсулотларини етказиб беришни осонлаштириш учун гуманитар йўлаклар очилишини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозимлигини таъкидлади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА