Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, юртимизда китоб фондларида сақланаётган ислом таълимоти, тарихи ва маданиятига оид қўлёзма асарларни долзарблиги бўйича таснифлаш ва уларни ўрганиш, Ўрта Осиёдан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган асарларини жамлаш ва тадқиқ этиш йўналишида аҳолидан 36 та қўлёзма ва 90 та тошбосма асарлар ҳадя сифатида қабул қилинди. Ислом динига оид 241 та қўлёзма китоб ва 114 та тарихий ҳужжатлар сотиб олинди.
Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асарини хорижий давлатларнинг қўлёзма фондларида сақланаётган 750 дона қўлёзма нусхалари рўйхати шакллантирилди.
Шунингдек, марказнинг қўлёзмалар фондида сақланаётган 107 та китоб (255 та асар) жами 16 минг 777 варақ сканер қилиниб, уларнинг электрон (PDF ва JPEG) нусхалари тайёрланди. Марказнинг www.bukhari.uz номли расмий веб-сайтида мақола, янгилик, фотолавҳа, видеоматериаллар, аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва ижодига оид материаллар, Имом Бухорий ҳадислари, кун ҳадиси, қўлёзма фонди каби рукнлар остида жами 1202 та манба жойлаштирилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА