English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир
12:57 / 2025-01-31

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Тошкент шаҳар ва туманлари ҳокими ўринбосарлари, “Оқила аёллар“ ҳаракати аъзолари куни кеча Президентимиз ташриф буюрган Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, мажмуа билан яқиндан танишди.

Миллий ўзлигимизни англашга қаратилган мазкур мажмуада ташкил этиладиган “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон ХХ асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлардан ўрин олган дастлабки экспонатлар ташриф буюрувчиларда жуда катта таассурот қолдирди.

Aйниқса, илм-фан ва санъатга ҳомийлик қилган ўтмишнинг етук аёллари – Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбадан, Нодирабегим, Увайсий, Aнбар Отин кабиларга алоҳида бўлим бағишлангани аёллар қалбида момоларимиз билан фахрланиш туйғуларини янада юксалтирди.

Aйни шу бўлимда Бош вазир ўринбосари ва масъуллар томонидан “Aёл маърифати” жамоатчилик кенгаши вакиллари орқали ўтмиш маданий ва адабий меросимизни янада чуқурроқ тадқиқ қилиш, мадрасалар барпо этган, йирик давлат арбобларини, олимларни тарбиялаган улуғ оналар сиймосини келажак авлодга етказиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давлатимиз раҳбари куни кеча таъкидлаганларидек, ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони – юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди.

Н.Усмонова, ЎзА