Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислом цивилизацияси марказидаги китоб ярмаркасига нима учун бориш керак?
11:13 / 2023-04-07

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти куни кеча ўтказилган “Китоб – мукаммаллик калити” кўргазмасида ўз нашрларини тақдим этди.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти куни кеча ўтказилган “Китоб – мукаммаллик калити” кўргазмасида ўз нашрларини тақдим этди.  

Бу халқаро илмий-маърифий китоб ярмаркаси бўлиб, унда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг 30 дан ортиқ нашриёт-матбаа ижодий уйлари, босмахоналар ва китоб дўконлари иштирок этди. Кўргазмада Бутунжаҳон жамияти томонидан Ўзбекистоннинг энг бой тарихи ва энг гўзал санъат буюмлари акс эттирилган 74 та китоб-альбом намойиш этилди.  

Фирдавс Ҳалимов, Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари:  

– Маънавият ва маърифат масалаларига шахсан алоҳида эътибор қаратаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугунги кунда мамлакатимизда катталар ва болаларни китобхонликка кенг жалб этиш, китобга меҳр-муҳаббатни кучайтириш, китобхонлик маданияти ва савиясини юксалтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай тадбирлар навқирон авлодни ўз тарихини, аждодларимиз меросини чуқур ўрганишга ундайди.  

Акбар Ҳакимов, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, тарих фанлари доктори, профессор: 

– Маданий мерос тақдимоти учун матбаа кўрсаткичлари даражаси жуда муҳим ва бундай жаҳон даражасидаги сифат бу ерда мавжуд. Полиграфиянинг жуда юқори даражаси кўп жиҳатдан Бутунжаҳон жамияти аъзоларининг шахсан дунёнинг энг яхши музейларига ташриф буюриши, коллекциялар ва музей ходимлари билан танишиши, фотосуратлар олиши билан боғлиқ. Бу жуда катта, мураккаб ва қизиқарли лойиҳа. Ўйлайманки, у янада кенгаяди. Мен жамиятга ажойиб маданий меросимизни кенг оммалаштиришда муваффақиятлар тилайман.  

Ассел Лахаева, Турк халқлари тарихи ва маданияти фонди ТУРКТАФ лойиҳаси координатори: 

– Бугун Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти нашрлари билан танишдим. Бу ажойиб лойиҳа! Тарихимиз, фольклоримиз тирик мавжудотдир. Одамлар авлоддан-авлодга энг бой маданий меросни ўз фарзандлари ва невараларига етказса, бу унинг абадий яшашини англатади. Мазкур Ўзбек халқи маданиятига оид китоблар туфайли келажак авлод учун меросни асраб-авайлаётганингиздан хурсандман. Бизнинг ТУРКТАФ ташкилотимиз Бутунжаҳон жамияти билан меморандум тузиб, тадбир, кўргазма ёки ҳунармандлар маҳорат дарсларини ўтказишдан мамнун бўлади. 

Кўргазма 7 апрелга қадар давом этади. Китоб мухлислари бугун Ҳазрати Имом мажмуасида жойлашган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига келиб, Бутунжаҳон жамияти нашрлари билан танишишга улгуришлари мумкин.  

 

ЎзА